Ўзбекистон: Ҳукуматга мухолиф сиёсий партия тузилгани эълон қилинди, Хидирназар Аллақулов унинг раиси бўлди O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистонда белгиланган умумхалқ референдуми арафасида фаоллар амалдаги ҳукуматга мухолиф сиёсий партия тузилганини эълон қилдилар. Унга профессор Хидирназар Аллақулов бир овоздан раис этиб сайланган. Партиянинг бош мақсади "якка шахс бошқарувига қонуний асосда чек қўйиш" экани билдирилган.

Бир неча йиллик уринишлардан сўнг профессор Аллақулов етакчилигидаги фаоллар 16-апрель куни "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик Демократик партияси" (ҲТБДП) ташкилий қўмитасини тузганлар.

Бу ҳақда сиёсий партиянинг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда ташкилий қўмитанинг якшанба куни ўтган таъсис съездида партиянинг низоми, дастури қабул қилингани ва раҳбар органлар сайлангани айтилади.

"2023 йил 16 апрель куни "Ҳақиқат,Тараққиёт ва Бирдамлик Демократик партияси" тузилган кун. Бугундан эътиборан имзолар йиғиш ишларини эълон қиламиз", дея ёзган партиянинг матбуот котиби Абдували Ниёзов ўзининг Facebook саҳифасида.

Алоқадор мавзулар:

Хонадонда ўтган съезд

Ташкилий қўмитанинг таъсис йиғилишидан олинган видео 17-апрель куни Хидирназар Аллақуловнинг YouTube каналида эълон қилинган.

Маълум қилинишича, жой билан боғлиқ муаммолар туфайли йиғилиш профессорнинг Тошкентдаги ўзаро ёндош икки хонадонида ўтказилган.

Аллақулов бир хонадонга сиғмай, иккига бўлиниб йиғилиш қилган фаоллар ўртасида қатнаб, уларга кетаётган жараён тафсилотларини етказиб турган.

"У томондан бу томонга келиб, бир масалани икки бор такрорлаб тураман. Майлими? Вазият шунақа. Худо хоҳласа, даврлар келади, партиямизнинг йиғилишини катта-катта биноларда ўтказамиз", деган у йиғилганларга қарата.

Йиғинда 60 га яқин фаол иштирок этган - қатнашувчилар ташкилий қўмитага аъзо бўлиш истагини билдирган.

Ташкилий қўмита тузилгач, фаоллар партиянинг низоми, дастурини тасдиқлаган ва бир овоздан Аллақуловни ҲТБДПга раис этиб сайлаган.

Шундан сўнг партия ташкилий қўмитаси тузилгани тўғрисида Адлия вазирлигига электрон хабарнома юборилган.

Фаоллар ҲТБДПнинг таъсис съездини ҳам айни куни - 16 апрелда ўтказишга қарор қилган.

"Яккаҳокимликка чек қўяйлик!"

Аллақулов партия таъсис съездида қилган чиқишида Ўзбекистонни "якка шахс бошқаруви остидаги, авторитар давлат" дея атаган.

У мамлакатда мавжуд "коррупция, ишсизлик, зулм-зўравонлик, қашшоқлик, ишсизлик, ҳатто, ахлоқий бузилиб кетишлар сабабчиси" ўлароқ амалдаги сиёсий тузумни кўрсатган.

Сиёсий фаол ҳокимият ва ваколатлар тақсимланиши зарурлигини таъкидлаб ўтган.

"Олий Мажлис ўз ваколатига эга бўлиши керак, суд мустақил бўлиши керак, президент ўз ваколатидан чиқмаслиги керак. Улар бир-бирини тийиб туриши керак", деган у.

Аллақулов тузилаётган партиянинг бош мақсади "якка шахс бошқарувига қонуний асосда чек қўйиш" эканини тилга олган.

"Якка ҳокимликдан қонун устувор бўладиган миллий давлатчилигимизга ўтайлик, демократик жамиятни қурайлик, деяпмиз. Якка шахснинг бошқарувига қонуний асосда - эркин сайловлар билан чек қўяйлик, деяпмиз. Халқ ҳокимларни ўзи сайласин, президентни зўрма-зўракимас… сиёсий майдонга ўнлаб эркин, мустақил номзодлар чиқсин, халқнинг ўзи танласин, деяпмиз".

Йиғилиш қатнашчилари, эндиликда, олдинда турган энг муҳим вазифа партияни расман рўйхатга олдиришда зарур ҳисобланган 20 мингта имзо тўплаш экани ҳақида гапирганлар.

Бунинг йўлида маҳаллаларда тарғибот ишларини ташкиллаштириш таклифи ўртага ташланган.

Шунингдек, партия дастурига сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, тадбиркорликни дастаклаш, таълимни бепул қилиш каби қатор бандларни киритиш таклифлари ҳам илгари сурилган.

Референдум арафасидаги мухолифат

Сўнгги хабар 30-апрель куни ўтажак умумхалқ референдуми арафасида ўртага чиқмоқда.

Айни вақтда, расмийларнинг мазкур хабарга нисбатан муносабати номаълум.

Умуман олганда, бу Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида мамлакат ичидаги фаолларнинг илк бор ўзини сиёсий мухолифат, дея эълон қилишидир.

Ўтган йиллар давомида профессор Аллақулов бошчилигидаги фаоллар ўзларининг мустақил сиёсий партия ташаббуси ҳукумат босимига учраганини иддао қилиб келадилар.

Термиз давлат университети собиқ ректори бўлмиш Хидирназар Аллақулов 2020-йилнинг ёзида "Ҳақиқат ва тараққиёт социал-демократик партияси"ни очиш нияти ҳақида гапиргани ортидан жамоатчилик назарига тушган.

Шундан бери фаолларнинг партия тузиш йўлида йиғин ўтказиш уринишлари номаълум аёллар ва ҳукуматпараст блогерлар аралашуви, жой ижараси бўйича келишмовчиликлар каби сабаблар туфайли бир неча бор амалга ошмаган.

Ўнга яқин фаолнинг йиғилиши учун хонадонидан жой берган 74 яшар мухолифатчи Вазира Эгамбердиева эса ўтган йилнинг февралида БҲМнинг 5 баробари миқдорида жаримага тортилган эди.

2021-йил июнида Адлия вазирлиги қонунда талаб этилган 20 минг фуқаро имзоси ўрнига "9,8 минг имзо йиғилгани" важи билан "Ҳақиқат ва тараққиёт социал-демократик партияси"ни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этган.

Имзо тўплаш жараёнида қатнашган бир қанча фаоллар куч ишлатар тузилмалар томонидан таъқибга учрагани ёки вақтинча ҳибс этилганини хабар қилганлар.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.