Ўзбекистон: Хидирназар Оллақулов нима истайди - video, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Мамлакатда мустақил сиёсий партия очишга интилаётган 65 яшар Хидирназар Оллақулов Би-би-си билан суҳбатда ўзига нисбатан босимлар "сиёсий тазйиқ" даражасига кўтарилганини айтади.

26 февраль куни "Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси лидери Хидирназар Оллақулов уйи куч тузилмалари томонидан қуршаб олингани ҳақида хабар берган.

Ижтимоий тармоқда қилган жонли чиқишида у ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан зудлик билан Андижон вилоятига етиб келиш талаби қўйилаётганини таъкидлаган.

Шу куни фаол Андижон вилоятига олиб кетилган.

Кейинроқ ҳибсга Андижон вилоятидан партияга қўшилиш бўйича берилган бир имзо сохталаштирилгани сабаб қилиб кўрсатилгани маълум бўлган.

Оллақуловнинг ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кенг акс-садо берган.

Фикр билдирувчилар ушбу ҳолат президент сайлови яқинлашиб келаётган бир пайтда юз бераётганига эътибор қаратганлар.

Тошкентда Би-би-си билан суҳбатлашган Оллақулов 26 февраль куни ўз оила аъзоларига ҳам тазйиқлар бўлганини иддао қилди.

Қолдирилган қурултой

1 март куни Би-би-си билан суҳбатда Оллақулов ўзининг ҳибсга олиниши сабабини сиёсий партия ташкилий қўмитаси қурултойининг ўша кунга белгилангани билан боғлиқ кўришини таъкидлайди.

"Менга нисбатан босимлар доим бўлиб келган, лекин 26 февраль куни улар сиёсий таҳдид даражасига кўтарилди. Улар қизларим, куёвларим, набираларимга куч қўллашди.

Уйим қуршаб олинганига қарамай, қурултойни ўтказишга қарор қилдим. Партиямиз фаолларини деразам остига тўпланишга чақирдим, маъруза ўқийман, дедим. Аммо бунга йўл беришмади", сўзлайди фаол.

Оллақуловнинг иддао қилишича, ўзини уйдан чиқариб олиш йўлида куч тузилмалари ходимлари унинг кўз ўнгида қизига нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказганлар.

"Бундай таҳдидлар ташкилий қўмитанинг барча аъзоларига нисбатан ҳам қилиниб келиняпти. Ўша куни кўплаб фаолларнинг уйлари қуршаб олиниб, улар ташқарига чиқарилмаган", дейди у.

"Президент ҳаммасидан хабардор"

Хидирназар Оллақулов сиёсий фаолларнинг бундай босимларга учраши "юқори"нинг изнисиз бўлмайди, деган фикрда эканини билдиради.

"Менинг яқинларим, фаолларга нисбатан қўлланган ваҳшиёна усулларни бутун дунё кўрди. Мен шундай фикрдаманки, бу бўлаётган воқеаларни президент яхши билади".

Термиз Давлат университети собиқ ректори, иқтисод фанлари номзоди Хидирназар Оллақулов ўтган йилнинг ёзида навбатдаги президент сайловида ўз номзодини илгари суражагини эълон қилиши ортидан кенг жамоатчилик эътиборига тушган эди.

Бир вақтнинг ўзида фаол "Ҳақиқат ва тараққиёт" социал-демократик партиясини тузишга киришганини ҳам маълум қилган эди.

Хидирназар Аллақулов, бундан аввал, Ўзбекистондаги қашшоқлик ва 2021 йилдаги сайловда амалдаги президент Мирзиёев номзодини илгари суришга йўл қўйиб бўлмаслик борасидаги фикрлари ортидан танилган.

Ўтган йилнинг май ойида эса у марҳум Ислом Каримов давридаги авторитаризм ва эрксизлик туфайли мамлакат аҳолисининг катта қисми қашшоқлик чизиғидан ҳам тубда яшашга мажбур бўлаётганини билдирганди.

Фаолнинг Би-би-сига маълум қилишича, унинг бош мақсади - "жамиятдаги барча муаммоларни яратаётган мавжуд сиёсий тузумни қонунлар ва сайловлар йўли билан алмаштириш".

"Бирор бир жойда президентликка даъвогарлик қилмаганман. Аммо тақдир билан биз тузажак партия аъзолари, халқнинг қўллаб-қувватлови бўлса, унда иймон-диёнат билан хизмат қилишга мажбур бўламан", таъкидлайди Оллақулов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek