"Келгинди келин ва куёвлар" Ўзбекистонда миллий контент яратмоқдами?

Оила телевизор кўрмоқда
Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда сериаллар жуда оммабоп.
    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Ўзбекистон
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Ўзбекистонда сўнгги вақтда миллий контент яратиш масаласи бир вақтлар миллий мафкурани шакллантириш масаласидек устувор кўрилмоқда.

Бир қараганда, миллий контент яратиш вазифаси ортида унга қандайдир мафкура юклаш топшириғи йўқдек.

Айнан телевидение орқали " прайм тайм" ёки кечки роппа роса 20.00 дан бошлаб барча каналларда ёппасига бир неча ойдан буён ток-шоулар кўрсатилиши, мустақиллик йиллари ва ундан аввал яратилган ижодий маҳсулотларнинг биратўла бирин-кетин намойиш этилиши бу борада аслида тугал ғоя, шаклланган режа йўқлигидан далолат бериши эҳтимоли оз эмас.

Алоқадор мавзулар:

Бироқ айни ҳаракатлар ортида зимдан "кўринмас муҳаррир" мавжуддек, бу ҳозирча топшириқ маъносида бажарилишга уринилаётган воқеликдек бир тасаввур уйғотиши мумкин.

Аслида эса миллий контент масаласи четдан юборилаётган "ёт ғоялар," "оммавий маданият" унсурлари хуружидан Ўзбекистон аҳлини муҳофаза этиш, дея изоҳланмоқда.

"Энг қизиқ жойида..."

Президент ва санъаткорлар

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев ҳам миллий кино санъатини ривожлантиришга эътибор қаратиб келади.

"Ҳозирда энг қизиқ сериаллар четга сурилиб, ўрнига қандайдир мажлиснамо суҳбатлар бериляпти. Тўғри мен куни бўйи уйдаман, аммо оқшомги пайт ҳамма уйда ва дастурхон атрофида йиғилиб, оёқ узатиб, дам олишга ҳам қулай вақт. Бироқ энди ана шу қадрли вақт қайсидир муҳокама мавзусини чақишга сарфланяпти"-дейди ангорлик уй бекаси 41 ёшли Жамила.

"Ишдан чарчаб келганингда "ойнаи жаҳон" орқали яна йиғин кўриш кишига малол келади, чунки ишда ҳам нуқул йиғилиш, мажлис. Яна бу борада танлов ҳам йўқ. Мавзулари ҳам кун ора бир бирига сакраб юради"- дейди термизлик давлат ташкилотида фаолият юритувчи Адҳам.

Унинг қўшимча қилишича, айни шу ҳолат давлат ва хусусий телеканаллар ишлари қандайдир атайдан мувофиқлаштирилмоқда деган фикрга етаклайди.

Адабиёт бўйича магистрант 26 ёшли Шаҳнозанинг айтишича, миллий контент нуқтаи назаридан ҳавола этилаётган тадбир тўла тўкис мақсадини оқласа, нур устига аъло нур, бироқ бу мавзу атрофида бесамар айланишдек таассурот уйғотади.

"Бир мавзунинг бир ҳафта мобайнида бир нечта кўрсатувда муҳокама этилиши томошабинга ҳоҳласанг, ҳоҳламасанг бу кўрсатувлардан бирини кўрасан, бунга мажбурсан деган босимни аниқ ҳис этиш мумкин, "- дейди магистрант Шаҳноза.

Унинг фикрича, давлат ва мустақил каналларнинг бир хил ишлаб чиқилган ҳафталик ёки ойлик тартиб бўйича ишлаши уларнинг мустақил, демократик тамойиллар асосида ишлаётганига шубҳа уйғотади.

Iqtibos

" Бир ой мобайнида асосан тиббий мавзулар ҳар каналда кун ўтиб бирин-кетин кўтарилди. Аллергик касалликлар, яқин қариндош оилалардаги ирсий бетобликлар, болалар спорти ва ҳоказо мавзулар умум ва йиғма олиб қараганда, 5-6 соат муҳокама этилиб, киши миясини чарчатади. Аммо бу ва бошқа мавзулар миллий контент нуқтаи назаридан нақадар долзарб? Бу - очиқ қолаётган масала "- дейди Шаҳноза.

Ток шоулардан ташқари фильмлар

"Бу жараён дабдурустдан бошланди. Мириқиб томоша қилинаётган турк сериаллари қулай вақтдан юлқиб олиниб, четга сурилди. Ўрнига миллий фильмлар тиқиштирилди. Деярли уч-тўрт ойдан буён ҳафтасига уч-тўрт марта" Келгинди келин", "Келгинди куёв","Эр бермоқ-жон бермоқ," "Суперкелинчак" ва ҳоказо фильмларни турли каналлардан томоша қиляпмиз. Яъни-яқин давр ва кўҳна вақтда яратилган асарлар биратўла барча каналларда кўрсатилади, ҳатто айрим пайтда бир хил вақтда баробар намойиш этиш ҳоллари ҳам учрайди"-дейди Шеробод туманидан 31 ёшли уй бекаси Наргиза.

Унинг фикрига кўра, кечаги фильмлар айрим маънода ўз синовини йиллар оша оқлаган асарлар билан тенг кўрилмоқда.

Айни вақтда янги ўзбек сериаллари, маиший мавзуни ёритадиган туркум кўрсатувлар ҳам "миллий контент" яратиш вазифасини ўзига хос тарзда кўрсатмоқда.

"Ўзбек сериаллари ҳозирда қайнона-келин муносабатларини қамрагани билан бир қадар янгича ёндашувларни ҳам кўрсатади, бироқ маълум воқеа ўта эзилиб, узоқ вақт чўзилиб, пировардида чала-ярим ҳал этилиб, томошабинга тақдим этилади. Менимча, бунга айни жанр ўлкамиз учун нисбатан янгилиги ҳамда адабий материалнинг саёзлиги сабаб бўлмоқда. Хориж сериаллари воқеалар шиддаткорлиги , чўрткесар мулоҳазалар ҳукмронлиги билан бизнинг оғир маромли сериаллардан фарқ қилади"-дейди Наргиза.

Миллий контент ва модерн жараён

Кузатувчилар наздида, ўзбек жамиятига бирор бир янгилик тақдим этиларкан, бунинг ортида кўпинча чет тажрибага суяниш ётади. Бироқ айни жараёнда оригиналлик қайд этилиши ҳам кузатилади.

"Одатда, бизда бирор жиҳатни руслардан калькалаш, ўзлаштириш, дубляж қилиш анъанаси мавжуд. Бу уларда маҳорат билан адо этилиб келинмоқда. Руслар ўз телевидениесида айнан ток-шоуларда баҳс мунозара юритиб, турли мазмунда сериаллар кўрсатса, буни пропагандистик ҳаракат деб атаб, яширмайди. Бизда эса деярли барча маҳаллий маҳсулот тақдим этилиб, айнан қулай вақтда суҳбатларга чорланаркан, у ташвиқий унсурлардан холи деб кўрилиб, бу шунчаки миллий контент деб юритилмоқда" - дейди номи сирли қолишини истаган матбуот ходимларидан бири.

Унга кўра, айни жараёнда мавжуд вазиятни таҳлил этолмаслик қусури кўзга ташланади.

" Россияда шу каби тенденция рўй берганда, масалан, баҳс-мунозара тусида сиёсатчилар, мутахассислар бир бирлари билан тортишганда бу аслида қалбаки манзара, деб ишончсизлик уйғотганди. Натижада мазкур ток-шоу ва бошқа томошалар кучли таъсир этувчи ташвиқот қурол воситасини ўтаб, бу ҳозирга қадар ҳукумат учун кутилган натижани бериб келмоқда. Аммо биздаги манзара бутунлай бошқача бўлиб, ҳозирча буни юзаки, танлаб-танланмаётган ёндашувдан иборат деб ҳисоблаш мумкин" - дейди матбуот вакили.

Музейда

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Президент Мирзиёев Ўзбекистон Кино санъати музейига ҳам борган.
Музейда

Сурат манбаси, Rasmiy

Кечаётган жараёнда бир қадар кўникилган салбий оҳангни бузувчи айни жараённи ёқлайдиган ижобий фикрлар ҳам мавжуд, Улар масаланинг маънавий жиҳатига асосий урғу берадилар.

"Мени қувонтирган тарафи - ҳозирда "ойнаи жаҳон"даги ижодий ва бошқа маҳсулотларда диний ғоялар сингдирилмоқда. Худодан қўрқиш, виждон, оқибат, бурчга масъуллик ҳисси уқтирилиб, бу кишиларни албатта етук фазилатларга интилтиради" - дейди термизлик 61 ёшли собиқ педагог Наримон ака.

Журналист Эркин Норсафар наздида миллий контент масаласи доим долзарб ва ўзига хос заруриятга эга. Аммо унинг шакл ва мазмуни бугунгидек бўлмай, ўта чуқур ва жиддий ёндашувни тақозо этади.

"Таниқли актёрлар, санъат аҳли ва бошқа соҳа вакиллари жалб этилган, бир хил ўхшаш мавзулар кўтарилаётган ток-шоуларда муаммонинг моҳиятига саёз ёндашилаётганидан томошабин учун етарлича аҳамият касб этмаяпти. Сабаби эса, балки, кўрсатувларни тайёрлаётганларда Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси - миллий контент борасида етарлича билим ёки масъулиятни ҳис қилмаслик, ўз устида ишламаслик ва изланмасликдадир. Бу каби ҳолатлар мутахассисларда яна ўз ўзини ички қолиплаш ёки ички цензура мавжудлигини ҳам кўрсатади. Бундай тоифанинг бошқаларга қанчалар жўяли мулоҳазалар билан ижобий таъсир этишини сўзлаш мушкул.""- дейди Эркин Норсафар.

Мазкур журналистнинг фикрича, хориж ижодий асарларини умумий контентдан сиқиб чиқариш тўғри эмас, бироқ унинг афзал хусусиятларигина мақсадни етарлича оқлайди.

"Омма чет сериаллардаги менталитетимизга хос бўлмаган ҳолат, воқеликни, қаҳрамонларнинг қусурларини янгилик сифатида қабул қилиб, онг остига сингдириб олиб, алал-оқибат, (ўз) табиатида намоён этишдек хавфни пайдо қилади. Бу эса жамият учун ҳам муқаррар хавф демакдир. Хориж маданиятига эргашган омма эса қурама маданиятли авлодни пайдо қилади. Бундай халқни авраш, ғаразли мақсадда бошқариш осон бўлади"- дейди журналист Эркин Норсафар.

Ва бундайин қараш Ўзбекистонда яккам-дуккам эмас. Хусусан, ўтган йиллар давомида турли жамиятнинг турли вакилларининг чет эл сериалларига ҳақида билдирган фикрлари айни фикрга етаклаши мумкин.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002