Лола Хатамова Ислом Каримов билан муносабати, Президент Мирзиёев сиёсати ва Америкага келаётган ўзбеклар оқими ҳақида - видео

BBC
    • Author, Ибрат Сафо
    • Role, bbc.com/uzbek
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

"Жудаям саёҳат қилишни ёқтираман. Ёшлигимизда адамлар машинага ўтқазиб турли вилоятларга, Қозоғистонга олиб борардилар. Машинага ўтирволиб, ашула айтардик: Энг яхши одат - саёёёҳат, роҳат - саёҳат! Шу ҳиссиёт менда ҳалигача қолган. Назаримда, дунёда вақт ўтказишнинг энг яхши йўли - саёҳат."

Лола Хатамова билан унинг Лондонга сафари давомида учрашдик. Темза бўйлаб сайр этар эканмиз, дарё ҳам Британия учун одатий булутли осмоннинг рангини олган. Бир вақтлар Ўзбекистон телевидениесининг примадоннаси бўлган Лола опанинг 70 ёшда эканлигига ишониш қийин. У Европа бўйлаб саёҳатини Лондондан бошлади, кейинги манзиллар - Париж, Женева, Карловы Вары.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Ўзбекистонда аёлларни нафақага вақтли чиқаришади. 54-55 ёшда аёл киши ҳали кекса эмас. Лекин, афсуски, кимгадир ўрнини бўшатиб беришига тўғри келади. Демак, ҳеч бошқа иши қолмайди, фақат невараларга қараш...", - дейди у.

Лола Хатамованинг овози ҳануз ўша-ўша, ёқимли. Ва таниш. У 1980-йилларда Ўзбекистон ССР Давлат Телерадиокомпаниясида бошловчи эди. Уни телетомошабинлар айниқса сиёсий шарҳловчи сифатида яхши эслаб қолган. 1980-йиллар охиридаги сиёсий талотўплар манзарасида сиёсий кўрсатувларни қолдирмай кўрадиган отамнинг ёнида ўтириб мен ҳам Лола опанинг кўрсатувларини томоша қилардим.

Алоқадор мавзулар:

"Қайта қуриш йиллари, перестройка вақтида, Михаил Горбачёв ҳокимият тепасига келганида кечалари билан телевизорни кўриб чиқардик. Ҳақиқатда янги ўзгаришлар бўлади, яхши томонга ўзгаришлар бўлади, деб жуда ишонганман. Ва журналист сифатида буни ўзимга, қалбимга жуда яқин олганман. Шунинг учун, ўйлардимки, энди ҳар ким ўзи хоҳлаган гапни гапириши мумкин, ўз фикрини бемалол ифода этиши мумкин, деб...", - дея эслайди у.

Лола Хатамованинг (чапдан иккинчи) Президент Каримов билан муносабатлари ҳақидаги мишмишлар унинг журналистик ва сиёсий карьерасига якун ясади.

Сурат манбаси, Lola Khatamova

Сурат тагсўзи, Лола Хатамованинг (чапдан иккинчи) Президент Каримов билан муносабатлари ҳақидаги мишмишлар унинг журналистик ва сиёсий карьерасига якун ясади.

1990 йил ёзида Ҳиндистон Бош вазири Нарасимха Рао Тошкентга келганида, болалигидан ҳинд тилини ўқиган Лола Хатамова ундан ўз кўрсатуви учун ҳиндида интервью олди. Унга кўра, шу аснода у Ўзбекистон ССР Президенти Ислом Каримовнинг назарига тушди.

Интервьюдан кўп ўтмай, Лола Хатамовани Вазирлар Кенгашига таклиф қилишди ва матбуот бўлимига раҳбар этиб тайинлашди. Йил охирида эса матбуот бўлими Президент администрацияси таркибига ўтказилди ва энди Лола опа "Президент матбуот котибининг маслаҳатчиси" лавозимида ишлай бошлади.

Мамлакатда мустақиллик эълон қилинишидек йирик ўзгаришлар юз бериши арафасида, тўсатдан Лола Хатамова сиёсатдаги ишидан четлатилди ва телевидениега қайтишига тўсиқ қўйилди. Бунга, унинг ва кўплаб кузатувчиларнинг ишонишича, у ва Президент Каримов ўртасидаги ишқий муносабатлар ҳақидаги мишмишлар сабаб бўлган эди. Баъзи урчиган мишмишлар ҳатто уларнинг тўйи бўлиб ўтганини таъкидларди.

"Мен билан Ислом Каримов ҳақида ҳеч қандай асоссиз, бўлмағур гаплар тарқалганидан кейин, бу менинг тақдиримга салбий таъсир қилди. Бу гапларни ким тарқатган, билмайман. Мен ҳеч қачон Каримовга эркак сифатида қизиқиб қарамаганман, оилалик, давлат раҳбари деб қараганман."

"Лекин, у сизга қизиқиб қараганми?"

Lola Khatamova

Сурат манбаси, Lola Khatamova

"Балки. Бўлиши мумкин. Чунки мажлисларда менга ҳаддан ташқари кўп эътибор берарди шу одам. "Лолахон, мен тўғри айтянманми, Лола Муҳаммаджоновна, сизнинг фикринг қандай", каби саволлар билан мендек камтар одамга ҳаддан зиёд кўп эътибор қилиб, мана шу эътибор мен учун яхшилик билан тугамади. Мени ўз севимли ишимдан ҳам жудо қилишди, Президент аппаратида муваффақиятли ишлаб юргандим. Албатта, мени кетказиш Каримовнинг аралашуви билан бўлган. Мени ҳатто телевидениега қайтаришларини хоҳламагани мен учун ҳалигача жумбоқ", - дейди у.

Саҳнадан четлатилган Лола Хатамова сўнг кўп йиллар бошқа, "кўринмас" лавозимларда ишлади ва 2000 йилга келиб мамлакатни тарк этишга аҳд қилди. Икки қизи билан у АҚШга кўчиб ўтди.

Ислом Каримов вафотидан сўнг, Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келар экан, биринчи маъмурият давридаги баъзи "қора рўйхатлар" йиртиб ташланди ва Лола Хатамовада ҳам Ўзбекистонга қайтиб журналистикадаги ўз ижодий фаолиятини давом эттириш ва ислоҳотлар жараёнида ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш умиди пайдо бўлди.

Чунки бу даврлар Лола опага Ўзбекистон мустақиллигининг илк кунларидаги ўзгаришларни эслатганди. Баҳаво шамол эсди, дейди у. Аммо, ватандан таклифнома келмади.

bbc

"Мирзиёевни мен 1987 йилда биринчи марта кўрганман. Ирригация институтида ишлаб юрган вақтларида Ҳиндистон делегацияси билан у ерга борганман ва рўпара бўлганман. Назаримда, уни зиёли одам деб билардим. Зиёли одамлар ўз халқи учун, ўз халқининг фаровонлиги учун хизмат қилади, деб ишонганман. Афсуски, кейинги йиллар шуни кўрсатяптики, халқ учун ортиқча катта ўзгаришлар бўлаётгани йўқ. Халқнинг ҳаёти анча қийинлашаётганининг гувоҳи бўляпмиз, афсуски. Ўзбекистонда ҳалиям журналистларнинг тўлиқ имкониятлари, ҳақ-ҳуқуқлари йўқ. Буни кейинги вақтда блогерларга бўлаётган босим сиёсатида кўриш мумкин. Бугунги Ўзбекистонда ўзимни журналист сифатида тасаввур қилолмайман, чунки аниқ биламан, менинг фикрим кўпчилик амалдорларга ёқмаган бўларди."

"Ҳатто, бир суҳбатингизни кўрдим - сиз президент фақат икки муддатга сайланиши керак, деб айтгансиз."

"Ҳа, мен ҳали ҳам шу фикрда тураман. Ўлгунча президентлик қилиш фақат диктатура ҳокимиятларига хос", - дейди Лола Хатамова.

У бугунда АҚШнинг адлия соҳасида ишлайди. АҚШга ноқонуний кириб келган ва бошпана сўраган муҳожирларнинг суд жараёнларида ўзбек, рус ва ҳинд тилларида таржимонлик қилади. Лола Хатамова учун охирги йиллар иш қизғин бўляпти, чунки Мексика орқали Америкага ўтишни истаётганларнинг оқими тўхтамаяпти.

"Кунига энг камида учта, баъзида бешта суд мажлисларида иштирок этаман. Кўп келаётганлар уларни Америкада нима кутаётганини билмайди. Уларни юборадиган фирибгарлар айтишадики, етиб олсанглар бўлди, у ёғига катта ойлик оласизлар. Ундай эмас. Ноқонуний келган ва қўлида виза бўлмаган одамларни албатта ҳибсхонага жойлаштиришади. Ҳозир судда кўряпман, баъзи муҳожирларимиз олти ойлаб, саккиз ойлаб қамоқда ўтиришибди. Тил билишмайди кўпчилиги. Қамоқда узоқ ўтиргач, депрессияга тушиб, турли касалликларга чалинишяпти", - дейди Лола опа.

Лола Хатамова (ўнгда) Шавкат Мирзиёев (чапда) билан.

Сурат манбаси, Lola Khatamova

Сурат тагсўзи, Лола Хатамова (ўнгда) Шавкат Мирзиёев (чапда) билан.

У АҚШга интилаётганлар учун ёрдам бўлсин дея YouTube да ҳатто ўзининг "Lola Khatamova" каналини очган ва Америка иммиграция тизимининг пасту баландиклари ҳақида маслаҳатлар жойлаган.

Мана 24 йилдирки Америкада яшаётган таниқли журналист учун ҳам у ердаги илк йиллари осон кечмади. 46 ёшида буткул янги ҳаётни бошлашга, унинг ўзи айтишича, кучли иродаси ёрдам берди.

"Қўлингизда ишлаш ҳуқуқи бўлмаган, грин карта бўлмаган ҳолатда яхши ишларни орзу қилолмайсиз. Лекин, Америкадек қудратли давлатнинг буюклиги шундаки, ишлаш ҳуқуқингиз бўлмаса-да, ишлаш имкониятлари бўлади. Болаям боққанман, кексаларгаям қараганман. Соатига 6 долларга ишлаганман, биз учун бу катта пул эди. Бир кунда учта жойда ишлаганман. Эрталаб 5 да турсам, 6 да биринчи ишимни бошлардим, кечаси 11-12 ларгача ишлардим. 4-5 соат ухлаганман. Шунақа оғир вақтлар ҳам бўлган."

У оғир вақтлар энди ортда. Таниқли ҳамкасбимни кузатиб қўйиш вақти келди. У чамадончасини олиб Ла-Манш бўғози остидан ўтадиган Евростар поездида Парижга отланар экан, машҳур илиқ табассуми ила қўл силтаб хайрлашди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002