Ўзбекистон: 2024 йил режаларини реал бажариб бўладими ё улар фақат "баландпарвоз ҳисоботлар" учунми? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Мустақил журналист
- Role, .
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституцияси ўзгартирилганидан кейинги илк йили 2024 йил.
Бу йилни мамлакатда "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилинди ва шу мақсадда давлат дастури режалаштирилаяпти.
2024 йилги давлат дастури ва бу дастурни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган Президент фармони лойиҳалари uzbekistan2030.uz веб-сайтида эълон қилинди, уларнинг 9 февралгача муҳокама этилиши хабар қилинмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Веб-сайт ўқувчилари дастур лойиҳаси муҳокамасида билдирилган фикр ёки таклифларни ўқиб бўлмаётганига эътибор қаратмоқдалар.
31 январь кечигача 2024 йил давлат дастури муҳокамасига 93 таклиф билдирилган, аммо улар нималардан иборат эканини билиш имконсиз.

Сурат манбаси, .
Дастур беш қисмдан иборат, ҳар бир қисм ичига бир неча мақсад киритилган.
Биринчи қисм номи - Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитларни яратиш.
2-Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш.
3-Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.
4-Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш.
5-"Хавфсиз ва тинчликсевар давлат" тамойилига асосланган сиёсатини изчил давом эттириш.
Бу дастурда мактаб қамровини 76 фоизга кўтариш, 170 боғчада компютер гуруҳларини ташкил этиш, 175 минг мактаб ўқувчиси ўрни яратиш, олис қишлоқ мактабларига бепул автобус ташкил қилиш, Ўзбекистон университетларини дунёнинг илғор 1000 университети рўйхатига киритиш, амалдорларни бир кун ишга автомобилсиз боришини ташкиллаштириш каби мақсадлар режаланмоқда.
Аммо 2017 йилдан буён Ўзбекистонда эълон этилган ваъдалар, қабул қилинган ҳужжатларнинг амалдаги ижросидан келиб чиқиб 2024 йил дастурига қараётганлар "булар чиндан ҳам йил давомида рўёбга чиқармикан?" деб савол бермоқдалар.
Ўзбекистонда 2017 йил учун ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди, ўша йилга мўлжалланган ишларнинг айримларини кейинги йилга қолдиришга тўғри келди.
2018 йили Ўзбекистонда бажармоқчи бўлишган ва йил режасига киритишган ишларининг назорати ҳам кўнгилдагидек эмаслиги аён бўлди.
2019 йилга келиб ҳукумат расмий мулозимларини парламент аъзолари "нега давлат дастурида белгиланган ишларни вақтида бажармаяпсиз" дея сўроққа ҳам тутдилар.
Кейин эса "2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегияси" деган режа бўйича ишлолмасликларини англадилар, шекилли, умуман Ҳаракатлар Стратегияси тилга олмай қолинди.
Ҳаракатлар Стратегияси деб ном берган режангиздаги қай ишни уддаладингиз, қай бири қолиб кетди, деган саволни беришмасин, дейишдими, номни ўзгартиришди-қўйишди: Тараққиёт Страгетияси.
Лекин бугун "Ҳаракатлар Стратегияси аъло бажарилди" деган китобчани сизнинг қўлингизга тутқазишлари мумкин, унда ҳамма иш қойил қилинди, деб ёзилган.
Шу жумладан, "оммавий ахборот воситаларига эркинлик берилди" дейилган.
Аммо 2023 йилга келиб Ўзбекистонда бир неча журналист, блогер қамалди, журналистлар ўзларига тобора ортиб бораётган босимлар ҳақида ўзаро суҳбатларда гапирмоқдалар, ҳукумат хато-камчиликларини гапириш яна "мумкин бўлмай қолаяпти".
Давлат одамини обрсўзлантириш мавзуси Ўзбекистон учун долзарб мавзуга айланди.
Бундай шароитда журналистлар "бу режалар чиндан ҳам бажарса бўладиган режаларми ёки баландпарвоз ҳисоботлар учун ёзилган матнми?" деб савол беришга ҳам чўчийдилар.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















