Ўзбекистон: UzAuto Motors ўз савдо сайти нега яхши ишламаганига изоҳ берди - Янгиликлар Yangiliklar

Screenshot/Facebook/UzAutoMotors

Сурат манбаси, Screenshot/Facebook/UzAutoMotors

Сурат тагсўзи, Кўплаб ўзбекистонликлар сайт ва илова ишламагани, ёки шартнома олиш турли босқичларда музлаб қолганини хабар қилишган.

UzAuto Motors ширкати 25 декабрь куни соат 14:00да savdo.uzautosanoat.uz сайтида оммабоп автомобиллари учун онлайн шартнома олиш амалга оширила бошлашини эълон қилганди.

Аммо, кўплаб ўзбекистонликлар сайт ва илова ишламагани, ёки шартнома олиш турли босқичларда музлаб қолганини хабар қилишган.

Бир кун ўтиб UzAutoMotors ўз савдо сайти нега кўнгилдагидек ишламагани борасида Телеграм каналида кичик изоҳ берди.

"UzAutoSavdo онлайн тизимида 17 киберҳужум кузатилди. Умуман олганда, тизимда ушбу вақт оралиғида 66 600 дан ортиқ фаол сенсорлар қайд этилган" дейилади компания хабарида.

UzAuto Motors хабар қилишича, сешанба соат 15:00 ҳолатига кўра, UzAutoSavdo платформасидан фойдаланган ҳолда жами 23 500 дан ортиқ шартномалар муваффақиятли тузилган.

Аммо, автомобил шартномасини олишга муваффақ бўлмаган истеъмолчилар ижтимоий тармоқларда ўз норозиликларини ёзишмоқда.

Баъзи ахборот технологиялари экспертлари нега компания матбуот ва ижтимоий тармоқларда онлайн савдони кенг тарғиб қилиб келса-да, ўз кибер хавфсизлигини таъминлай олмаганини сўрашмоқда.

BBC

"Кеча ярим кун ва бугун бир неча соат вақтим кетгани қолди. Онлайн шартнома олса бўлади деб халқни алдаб нима қилишади?! Расвогарчилик! Ичимда роса сўкдим… Бир амаллаб, сайтдан ўтиб, 2-этап mygov.uz га етиб борсангиз, "серверда хатолик" деб дам берворяпти! Бундан баттарига ҳам арзийдиган халқмиз, аслида! Монополистларни ўзимиз боқиб яшаяпмиз…" деб ёзади бир фуқаро Фейсбукда.

"UzAuto Motors нинг кўрсатган "томошаси" ҳақида мурожаатлардан лавҳалар. Истеъмолчилар иловага киришган, аммо айтилган машиналар рўйхатда йўқ. Айтишларича, дилерларнинг ўзлари шартнома тузган ёки белгиланган одамлар берилган код орқали кириб шартнома олган. Бутун ўзбекистонликларни ёлғон ахборот бериб алдагани, истеъмолчилар устидан кулгани учун бу компанияга ҳеч қандай чора кўрилмайдими? Агар шуни оддий фуқаро қилганида нима бўларди?" деб ёзди Телеграмдаги "Кушербаевга мурожаат" канали.

Собиқ Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ўзининг Телеграм каналида ҳам бу мавзуни яна кўтарди.

"Ўтган сафар кимлар ўз номига қанчадан автомобилга шартнома қилдиргани ҳақида тўлиқ рўйхат қўлимизда турибди. Катта ўйин бўлган. Кўрамиз, бугунги ҳаракатлар қандай тугаркан. Ишқилиб буям яна катта "томоша" бўлиб чиқмаса бўлди", - деб ёзган у.

25 декабрда ширкат ўз UzautoSavdo тизимига "автомобиллар учун контрактация бошланганидан сўнг қилинган давомли киберҳужумлар, авторизация сўровларини қайта ишлашда муаммолар"ни юзага келтирганини айтганди.

Компания онлайн шартнома тизимини матбуотда кенг тарғиб қилиб келаётганди.

Сурат манбаси, Screenshot/UzAutoMotors

Сурат тагсўзи, Компания онлайн шартнома тизимини матбуотда кенг тарғиб қилиб келаётганди.

"Бу ўз навбатида, онлайн савдо тизимининг тўлиқ блокланишига олиб келди", - дейилган эди баёнотда.

"Онлайн шартномаларни расмийлаштириш жараёнида иштирок этадиган бир қатор тизимлар ишламай қолган пайтдан бошлаб, UzAuto Моtors ва тегишли тузилмалар мутахассислари томонидан "UzautoSavdoУзавто" тизимидаги носозликларни бартараф этиш ва ишлашини таъминлаш бўйича техник ишлар амалга оширилди. Савдо тизимини қайта тиклаш ишлари якунланди", дея хабар қилган компания ўз сайтида.

Сайтда контрактация учун Chevrolet Cobalt, Damas ва Labo автомобилларининг режалаштирилган бутун ҳажми сотувда мавжуд бўлиши айтилганди. Шу билан бирга, қолган бошқа автомобил моделлари учун контрактация доимгидек тартибда амалга оширилиши ҳам айтилган.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002