Ўрганамизми? Кўчат ўтқазиш учун махсус дам олиш куни эълон қилган мамлакат - Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Kenya Forestry Service/X
Кения ҳукумати одамларга махсус дам олиш куни беришга қарор қилди.
Мақсад, ўша куни 100 миллион дарахт кўчати ўтқазишга эришиш.
Кения ҳукумати келгуси 10 йил ичида эса 15 миллиард дарахт экишни мақсад қилган.
Алоқадор мавзулар:
- Кесилаётган дарахтлар, йўқолаётган сув ва шўрланаётган ер - Ўзбекистон иқлимини нималар кутмоқда?
- Агар Президент Мирзиёев дарахт ўтқазишга чақирса...
- Ўзбекистон, блогер ва журналистлар: дарахт кесишни тақиқланг!
- 100 йиллик дарахтларимизни шафқатсиз кесаяпмиз, ҳавомиз ифлосланаётгани бизни ўйлантирмайди
Ҳозир Кения аҳолисининг сони 55 миллион 100 минг кишидан зиёд.
Ҳукумат дарахт ўтқазиш учун берилган махсус ҳордиқ куни ҳар бир кениялик камида икки кўчат ўтқазишини хоҳламоқда.
Расмийларга кўра, дарахт экиш фақат махсус дам олиш куни билан чегараланмайди, декабр ойи охиригача давом этади.
Экваторнинг қоқ устида жойлашган Кенияда ҳозир ёмғир фасли, у декабр охиригача давом этади, сўнг қуруқ фасл бошланади, ўшангача мамлакатда 500 миллион кўчат ўтқазишни мақсад қилишган.
Кения ҳукумати шундай ташаббус билан иқлим ўзгаришига қарши курашга қарор қилган.
Атмосферадаги карбонат ангидридни ютиб кислород чиқарадиган дарахтлар глобал исиш олдини олишга ёрдам беради.

Сурат манбаси, Kenya Forestry Service/X
Дарахт экиш дам олиш куни Кения Президенти Уилям Руто мамлакат шарқидаги Макуэни шаҳридаги кўчат ўтқазиш маросимида иштирок этади.
Ҳукумат вазирлари ҳам вилоятларга юборилган, улар вилоят ҳокимлари билан бирга ниҳол экишда қатнашадилар.
Кения ҳукумати болалар боғчаларига 150 миллион кўчат етқазиб беришини эълон қилди.
Шунингдек, ўз ерига эга одамлар камида иккита ниҳол эксин демоқда расмийлар.
Кўчат экиш байрамини кузатиш учун махсус Интернет аппликацияси ишлаб чиқилди, бу илова орқали қаерда қанча ниҳол ўтқазилаяпти, кўчатлар қайси дарахтники экани ҳақидаги маълумотлар тўпланади.
Шунингдек, Кениянинг атроф-муҳит вазирлиги қайси ҳудудга қайси дарахт кўчатларини ўтқазиш афзал экани ҳақидаги йўриқнома ишлаб чиққан, ушбу аппликация ёрдамида ниҳол экаётганлар ўз ҳудудларида қайси кўчатдан нечтадан аллақачон ўтқазилгани ҳақидаги маълумотга эга бўлиб борадилар.
Оддий кенияликларга ушбу ташаббус жуда маъқул келди, улар бу таклифни қўллаб-қувватламоқдалар.
Аммо атроф-муҳит фаоли Тереза Мутони Би-би-сига айтишича, "ғоя жуда яхши" эканига қарамасдан, тадбир ҳар бир кенияликнинг иштироки таъминланадиган шаклда ташкил этилмаган.

Сурат манбаси, Ken Mungai/BBC
"Ҳозир кўп одамлар дастурхонига нима қўйишни билмай турган вақт. Ҳозир иқтисодиётнинг аҳволи тузук эмас ва кўп одамлар молиявий қийинчиликка дуч келган вақт", дейди Тереза Мутони.
Шунингдек, Мутони хоним, болалар боғчалари учун танлангани айтилган 150 миллион кўчатнинг кўпчилиги экзотик дарахтлар кўчатлари эканини танқид қилди.
"Тўғри дарахтнинг тўғри жойга экилиши жуда муҳим", дейди эколог фаол.
Кения ҳукумати дарахт экишни рағбатлантираётган бир вақтда ўрмонлардаги ноқонуний дарахт кесиш олдини ололмаётгани учун танқидларга тутилмоқда.
Яқинда Кения ҳукумати дарахт кесишга бўлган тақиқни олиб ташлади.
Бироқ 12 ноябр куни телевидение орқали чиқишида Кения Атроф-муҳит вазири Соипан Туя ҳукумат қарорини ҳимоя қилиб чиқди, тижорат мақсадидаги дарахт кесиш Кения жами ўрмонларининг атиги 5 фоизига таъсир қилади, деди.
Ҳукумат вазири сўзларига кўра, мамлакатнинг ёғочга бўлган эҳтиёжини қондириш ва янги иш ўринларини барпо этиш муҳимдир, ҳукумат ноқонуний ўрмон кесишга қарўи бошқа яна қўшимча чоралар ҳам кўраяпти.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
















