Ислом Каримов Исмоил Жўрабековга одамларни от, деб буйруқ берганми? Yangiliklar

Karimov va Jo'rabekov

Сурат манбаси, Islomkarimov.uz

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Бир вақтлар марҳум президент Ислом Каримовнинг "ўнг қўли" бўлган Исмоил Жўрабеков ҳақида филм ишланди. Собиқ мулозим раҳбари Ислом Каримовнинг хатоси жуда кўп бўлганини ва маслаҳатларга қулоқ солганида бундай аҳволга келмаслигини таъкидлаган.

"Favvora TV" томонидан ишланган филмда Исмоил Жўрабеков собиқ раҳбари Ислом Каримов унга икки марта одамларни отиш ва тозалаш ҳақида буйруқ берганини айтган.

"Мана Намангонда "от, от", деб телефонда, мен сенга буюраман", деб эслайди Исмоил Жўрабеков.

Филмни ишлаган журналист Рўзибой Қўлдошевнинг Би-би-сига айтишича, Жўрабеков 1991 йилнинг декабрида рўй берган Наманган воқеаларини назарда тутган.

Ўшанда Ислом Каримов Наманганда Исломий давлат қуришни талаб қилган Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги бир гуруҳ мусулмонларнинг ғалаёнини бостириш учун оломон ичига кириб борганди.

Исмоил Жўрабеков Ислом Каримов унга Афғонистон билан чегарадаги "Ҳайратон" кўпригини Афғонистондан кириб келган ёш болалар ва аёллардан иборат қочқинлардан тозалашга ва сўнгра кўприкни портлатиб юборишга буйруқ берганини айтган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Кўприк 740 метр, бизнинг томонга 200-300 метрга ўтган. Аёллар, болалар бошқаси эмас, йиғлаганини кўрсангиз. Ҳалиям минг марта раҳмат СНБнинг (МХХ таҳр) болаларига. Девор қилиб, ўраб олиб ўтказишга қўймади. Аёллар, ҳаммаси ўтиб Ўзбекистонда қолмоқчи бўлганда. Уларни яна чегарасига қайтариб, уларга овқат, кийим бериб ана шундай тинчитганман", дейди Исмоил Жўрабеков.

Филмда воқеа қайси йили содир бўлгани айтилмайди. Жўрабеков 2019 йили ЎзА хабар агентлигига берган суҳбатида ушбу воқеани эслаган, аммо у ерда ҳам аниқ йил келтирилмаган.

Iqtibos

Кейинчалик ЎзА сайтидан ўчириб юборилган мақоланинг архивида воқеа мустақилликнинг илк йилларида бўлганлиги қайд қилинган.

Бир муддат президент Ислом Каримовнинг куч тизимлари бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, МХХ генерал-майори Ўткир Комилов Президент Ислом Каримов "Ҳайратон" кўпригини портлатишга буйруқ берганини тасдиқлаган.

"Шунда президент, энди мен ҳозир оти ва лавозимини айтмайман, вазирлардан биттасига телефонни беринглар деди. Телефонни олиб унга топшириқ бўлди, портлатасанлар, деса "ҳўп бўлади, ўртоқ қўмондон кўприкни портлатамиз, деди". Шунда Исмоил ака айтдиларки, "йўқ, шошилмаларинг. Мен турибман, мен бу ерда раҳбарман. Мен ўзим президент билан бориб гаплашаман деди. Президентга бориб Ўрта Oсиёда биронта бунақа иншоат йўқ, шунинг учун буни сақлаб қолмаса бўлмас эди", деб айтдилар".

Исмоил Жўрабеков агар президент Каримовнинг гапига қулоқ солганида, Ҳайратон кўпригида одамларни отиб ташлашига тўғри келишини айтган.

"Агарки мен унинг гапига қулоқ солганимда, кўприкда қанча одамни отиб ташлардим? Қўймадимку шуни, битта ўқ ҳам отолмади. Милицияларни яқин қўймадим. Ҳаммасини ҳайдавордим милицияларни", дейди Исмоил Жўрабеков.

Андижон қирғини

Andijon qirg'ini

Сурат манбаси, BBC Uzbek

2005 йил 13 май куни Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинларининг асосан тинч намойишчиларни қақшатқич ўққа тутиши оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлади.

Қирғиндан омон қолган гувоҳлар ҳукумат кучлари олдиндан огоҳлантирмай ва қуролли-қуролсиз, аёл-бола фарқламай отганини айтишган.

Исмоил Жўрабековнинг хотиралари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида Ислом Каримов Андижон воқеасида одамларни отишга буйруқ берган, деган фикрларни пайдо қилган.

2005 йил 14 май кунги матбуот анжуманида Ислом Каримов намойишчиларни отишга буйруқ бермаганини айтганди.

Андижон қирғини рўй бергунга қадар Исмоил Жўрабеков ҳукумат доирасидан четлатилган ва унга жиноий иш очилганди.

Жўрабеков собиқ давлат раҳбари Ислом Каримовни эслаганда, қишлоқ хўжалиги ривожланишини ўлдирди деган ҳамда бошқарувнинг сўнгги йилларига келиб маслаҳатларга қулоқ солмай қўйганини таъкидлаган.

"Очиғини айтсам кадрларни танлашда хато қиларди. Иккинчидан, рус тарбияси. У ўйлайдики, шу тарбия билан Ўзбекистонда раҳбарлик қилиш мумкин, деб. Қийин. 20 йил ишлаган бўлсам Ўзбекистон ривожланмади. Қишлоқ хўжалигида ҳам, саноатда ҳам, бошқасида ҳам. Мен бунинг олдидан нечи марта кетганман. Колхоз ва совхозлар йўқ бўлиши. Мен биринчи шунга қарши турганман, ана ҳужжaтларни кўтаринглар. Вақтинча бир қисмини қолдирдик. Барибир тарқатиб юборди-да. Ишқилиб, қишлоқ хўжалиги ривожланишини ўлдирди. Агар унга ташлаб қўйса, кадрларнинг 50 фоизини ишдан олиб ташларди, мен бунга қўймадим. Мен айтмаяпман, Каримовнинг хатоси кўп, жуда кўп. Агар маслаҳатларга қулоқ солсайди, бу аҳволга тушмасди. Бошида маслаҳатларга доим қулоқ соларди, охирги йилларда кам маслаҳат қилди. Охирги йилларда халқдан ажралди. Энг катта хатоси бунинг, охирги йилларда халқдан ажралди", дейди Исмоил Жўрабеков.

1998 йил ҳокимият пиллапояларида икки йил кўринмай қолган Жўрабеков шу вақт оралиғида унга Туркманистон ва Тожикистон президентларидан таклиф тушганини айтган.

2018 йил 26 июн куни Суғд вилоятига балиқчилик ишлари билан танишишга келган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ёнида кўриниш берган Исмоил Жўрабеков.

Сурат манбаси, President.tj

Сурат тагсўзи, 2018 йил 26 июн куни Суғд вилоятига балиқчилик ишлари билан танишишга келган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ёнида кўриниш берган Исмоил Жўрабеков.

"Ишдан кетгандан кейин биринчи, Туркманбоши кечаси олдимга одам юборди. Учта машина кечаси келиб, олиб кетмоқчи бўлди, биринчи муовинликка. Ман бормадим. Имомали (Раҳмонов) у ҳам шундай илтимос қилиб, одамларини уйга жўнатиб, мошинлар юбориб, келсин мана жой бўш турибди, биринчи муовинликка қўяман, деб унга ҳам бормадим".

Жўрабеков 2000 йил Президентнинг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишга қайтган.

Орадан 4 йил ўтиб у яна ишдан кетган. Филмда унинг иккинчи марта ишдан кетиш сабаби айтилмаган.

Бироқ бир ишдан кетиш сабабни марҳум президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова борасида Ислом Каримов билан келишолмай қолгани билан боғлаган.

"Каримов билан жанжал қилганимиз қизи устида. Энг охирги аризани ёзиб кетгандан кейин иккаламиз ана шундай бўлдик (қўлларини мушт қилиб бир бирига уради. Би-би-си таҳр). Биринчи марта бордим олдига. Ислом Каримов қизингизни тартибга солинг, дедим. Қўлимда МХХнинг ҳужжати. Олдига қўйдим, ўқинг дедим. Ўқидида, (силтаб) қўйди. Индамади", дейди Исмоил Жўрабеков.

Islomkarimov.uz сайти 2022 йилнинг 20 июн куни "Унутилмас учрашувлар" сарлавҳаси остида Исмоил Жўрабековнинг Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримова билан учрашуви суратини қўйган

Сурат манбаси, Islomkarimov.uz

Сурат тагсўзи, Islomkarimov.uz сайти 2022 йилнинг 20 июн куни "Унутилмас учрашувлар" сарлавҳаси остида Исмоил Жўрабековнинг Ислом Каримовнинг рафиқаси Татяна Каримова билан учрашуви суратини қўйган

Исмоил Жўрабеков Гулнора борасида Ислом Каримов олдига 3 марта кирганини ва охиргисида Каримов "нега ишимга аралашаяпсан", дегач ўша заҳоти аризасини ёзиб ишдан кетганини айтган.

2004 йилгача Каримовнинг давлат маслаҳатчиси сифатида ишлаган Исмоил Жўрабеков Шавкат Мирзиёев Бош вазир этиб тайинлангач, истеъфога чиқарилиб, нафақага жўнататилганди.

Орадан тўлиқ бир йил ўтиб, 2005 йилнинг 15 феврал куни "Халқ сўзи" газетасида Ўзбекистон Бош прокуратураси бўлим бошлиғи Э. Менглиев имзоси билан мақола чоп этилди.

"Қишлоқ хўжалиги: қарз ва масъулият" номли мақолада бир неча йил Исмоил Жўрабеков бошқарган, деб кўрилувчи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммолар "фош қилинган".

Мақола муаллифи Исмоил Жўрабековни мансабини суиистеъмол қилишда, катта миқдорда давлат ва жамоатчилик мулкини ўмаришда айблайди.

Бош Прокуратура бундан ташқари Исмоил Жўрабеков давлат маслаҳатчиси бўлиб юрган вақтда ҳукумат ваколатларига кирган масалаларни ўзича ечгани, бошқарув идоралари фаолиятларига асоссиз аралашгани, ноқонуний буйруқлар бергани ва буларнинг ҳаммаси салбий оқибатларга олиб келганини ёзган.

Натижада, Бош прокуратура Исмоил Жўрабековга Жиноят кодексининг 3 моддаси бўйича жиноий иш очган.

Бироқ Жўрабековнинг айбига тўлиқ иқрор бўлгани, унинг ёши ва соғлиғини инобатга олиб, Ўзбекистон Президентининг Конституция куни муносабати билан чиқарган амнистия фармони асосида жиноий иш тўхтатилган.

Каримов вафотидан сўнг ҳокимият тепасига келган Шавкат Мирзиёев бошқа собиқ амалдорлар қатори Исмоил Жўрабеков номини ҳам оқлаган.

Филмдаги суҳбатдош Исмоил Жўрабековдан сизга пора таклиф қилган ҳолатлар бўлганми, деб сўраганида у "ҳеч қачон", деб жавоб берган.

"Ҳеч қачон, ҳозир… (қўлини ҳаракатлантиради. Би-би-си таҳр) нима қиласиз? У вақти бу гаплар йўқ эди. Билим борми ўсасан, билим йўқми тамом кетдинг пастга", дейди Исмоил Жўрабеков.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002