Ўзбекистон президентлик сайловлари: Сиз кимга овоз берасиз ва нега? Муштарийлар фикрлари O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, UzLiDep
9 июль Ўзбекистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. Унда сайловчилар қуйидаги тўрт номзоддан бирига овоз берадилар:
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод - Улуғбек Илясович Иноятов;
Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод - Шавкат Миромонович Мирзиёев;
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан номзод - Робахон Анваровна Маҳмудова;
Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод - Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев;
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Би-би-си қатор ўзбекистонликлардан улар кимга ва не сабабдан овоз беришларини сўради. Ўз фикрини билдирганларнинг аксари сайловларда амалдаги президент Мирзиёевга рақобатбардош номзодлар йўқлиги сабаб ҳеч кимга овоз бермасликларини билдирдилар.
Алоқадор мавзулар:
Ўз фикрини йўллаганлардан бири - Ёрқиной Маҳмудова собиқ маъмурият даврида сиёсий маҳбус бўлган турмуш ўртоғи Мирзиёев кучга келиши билан авф этилгани, ҳамда ўқитувчиларга нисбатан мажбурий меҳнат тугатилгани сабабли Мирзиёега яна овоз беришини айтади.
Ўз исми-шарифи сир қолишини истаган бошқа ўзбекистонлик эса амалдаги ҳукумат Ўзбекистоннинг ер ости бойликларини халқ фаровонлиги йўлида ишлатмаётганлигини айтиб, ҳукуматдан жуда ҳафа эканлиги билдирди.
Бошқа аноним фикр билдирувчи эса Мирзиёевга рақибларни "қўғирчоқ"лар деб атади, Ўзбекистон халқини эса ухлаб ётган "буқа"га қиёслади.
Айни дамда The Diplomat нашрида чоп этилган "Ўзбекистондаги сайловлар ислоҳотлар учун йўқолган умидлардан дарак" номли мақола ҳам ушбу сайловларнинг моҳиятини савол остига олган.
"Мирзиёев қўли остида инсон ҳуқуқлари соҳасида баъзи илгари силжишлар бўлди, аммо халқаро шериклар англаши керакки, бу силжишлар энди тўхтаган ва ортга қайта бошлаган", дейилади мақоланинг кириш қисмида.
"Мирзиёев 9 июлда қайта сайланиш учун номзодини қўймоқда ва ютиши аниқ. У ҳали ҳам ўзини ислоҳотчи дея тақдим қилади ва 35 миллион аҳолиси бор мамлакатнинг ўзгаришларга бўлган иштаҳасини очган. Аммо, бу якшанба бўладиган сайловлар аввалроқ Мирзиёевга тикилган умидлар пучга чиқишининг ўлчагичи бўлмоқда", деб ёзади муаллиф Ҳю Уиллямсон.
Муаллифга кўра, Мирзиёев 2021 йилда "Янги Ўзбекистон" стратегиясини эълон қилар экан, фуқаролик жамияти ролини кучайтириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилганди. Лекин, дейди муаллиф, у Ислом Каримовдан 2016 йилда мерос қилиб олган авторитар қудрат тизимини кучайтиришга асосий эътиборини қаратди.
"Ўзбекистоннинг халқаро шериклари инсон ҳуқуқлари дохил ислоҳотларни талаб қилишда давом этишлари керак, ва агар у, аён бўлаётганидек, ислоҳот йўлидан буткул чиқиб кетса, ҳамкорликни чеклашга тайёр туришлари керак", - дейилади мақолада.

https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













