You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Мирзиёев журналистларга содиқликни эслатди, Ислом Каримовдан қолган мерос иши ёпиқ кўрилади, Ўзбекистон Россияга ҳарбийларини юборишга шаймиди? Жиззахнинг "PRIM"ида яна оммавий заҳарланиш
Ўзбекистонда сўз эркинлиги борасида хавотирлар янграётган вақтда Президент қалам аҳлига содиқлик принципи ҳақида эслатди. Ислом Каримовдан қолган меросга даъво иши ёпиқ кўрилади. Ўзбекистон Россия исёнини бостиришга ўз аскарларини юбормоқчи бўлгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди. Жиззахнинг "PRIM" ресторанида хўрандалар яна заҳарланди.
Мирзиёев журналистларга таҳдидли кунларда содиқлик ҳақида эслатди
Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлигига оид хавотирлар билдирилаётган бир манзарада Президенти Шавкат Мирзиёев журналистларни касб байрами билан табриклади.
Президент Ўзбекистонда ОАВ вакилларига берилган имтиёзлар берилганини санаб ўтган.
Сўнг "бугунги шиддатли давр" ахборот йўналишида ҳам ўта долзарб вазифаларни қўяётганини урғулаган.
"Ҳозирги вақтда ер юзининг турли бурчакларида юз бераётган, барчамизни ташвиш ва хавотирга солаётган воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, глобал дунёда ахборотлашув жараёнларининг таҳдидли жиҳатлари ҳам борлиги ва улар тобора кучайиб бораётганидан кўз юмолмаймиз", деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон давлат раҳбари бирор аниқ жой номини тилга олмасдан дунёнинг айрим минтақа ва ҳудудларида оммавий ахборот воситалари "муайян сиёсий кучлар қўлида информацион урушни авж олдиришга, жамоатчилик фикрини чалғитишга, оқни - қора, қорани - оқ деб кўрсатишга хизмат қилаётганини афсус билан қайд этишга тўғри келади", деган.
Шавкат Мирзиёев миллий манфаатларга содиқликни демократик матбуотнинг асосий шарти сифатида қайд қилган.
"Ахборот маконидаги устунлик кўп нарсани ҳал этадиган бугунги мураккаб вазиятда халқимиз сиз, азизларни демократик матбуотнинг асосий шарти ва талаби бўлган холислик, ҳаққонийлик, миллий манфаатларимизга содиқлик каби принципларга амал қилиб, ўз билим ва салоҳияти, ўткир қалами ва ҳароратли сўзи билан жамоатчиликка ижтимоий жараёнлар моҳиятини англаб етишга кўмаклашадиган, уларни бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қиладиган фидойи инсонлар деб билади" деб айтган у..
Ижтимоий тармоқдаги фаол ва журналистлар эса айни дамда панжара ортида қолаётган ёки суд қарори билан фикр билдириш ҳуқуқи чеклаб қўйилган журналист ва блогерларни эслашган.
Журналист Санжар Саид ҳамкасби, айни дамда тергов ишлари давом этаётган журналист Хуршид Далиевни журналистлар куни билан табриклаган.
"Биламан, табригимни ўқимайсиз, лекин бир куни албатта ўқийсиз. Сиз Ўзбекистонда бутун бошли тизимни титрата олган, манаман деган вазиру раҳбарлар ҳам кунни (kun.uz) ёзганларини ўқишдан бошлаган ўта ноёб журналистлардансиз. Афсуски, сиздайларга ишлашга ижозат берилмайди. Чунки тизим тўғри ишлашни бошласа, ҳаво тозаланади. Айримларнинг ўпкаси эса тоза ҳаводан бўғилади…" дейди Санжар Саид.
Блогер Farukh Samarkandi эса қамоқда қолаётган "Кўзгу" лойиҳаси муаллифи Абдуқодир Мўминовни табриклаган.
"Бугун унинг ҳам байрами. Уни ҳам табриклайман! Соғ саломат, тирик чиқиб келишини тилайман. У билан шахсан шуғулланаётган одамга эса Аллоҳ кифоя", деган у Абдуқодир Мўминов суратини келтириб.
Kun.uz журналисти Илёс Сафаров қалами борган сари ўтмаслашиб бораётган матбуотга эътибор қаратган.
"Янгиҳаётдаги тушиб кетган лифтдан жиддийроқ масалани кўтаролмайдиган матбуотга байрам, ҳукуматга шу матбуот, шу савия муборак бўлсин", деб киноя қилади у.
Туркиядан фаолият юритадиган блогер Sanjar Xo'ja ҳозир панжара ортида бўлган журналистлар Хуршид Далиев, Абдуқодир Мўминов ва Мавжуда Мирзаеваларнинг суратларини қўйиб, уларнинг тақдири билан қизиққан.
"Журналистлар бир кун эмас, ҳар кун ҳурматга лойиқ! Анақа... Шу журналистлар қамалганди, нима бўлди?!" дейди у.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров Қўқон шаҳридаги муаммоларни фаол ёритиб келган икки нафар блогер Комил Ахмедов ва Jakhonbek Kamildjanovни шаҳар ҳокимлиги суд орқали уй қамоғи ва интернетдан чеклашга эришгани ҳақида ёзди.
"Қўқондаги амалдорлар очиқликка, эркин фикрга умуман тоқатсиз. Ё қаматади, ё қўрқитилади. Комилжон акани ҳам фаолиятидаги кичик бир хато сабаб шаҳар ҳокими судга бериб, уй қамоғи ва интернетдан чекланишига эришди", деб ёзади Олимжон Ҳайдаров.
Ўзбекистон исённи бостириш учун Россияга ҳарбий ёрдам юбормоқчи бўлганми?
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Россияга ҳарбий ёрдам юбораётгани айтилган видеони рад қилди.
Gazeta.uzнинг ёзишича, Мудофаа вазирлиги TikTok ижтимоий тармоғида тарқалган Ўзбекистон гўёки Россияга ҳарбий ёрдам юбораётгани акс этган видео фейк эканини маълум қилди.
TikTok`да Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари зирхли техникаларда Россияга ёрдам бериш учун полигон ҳудудида шай бўлиб тургани, аммо вазият ўзгаргани боис бормай қолгани акс этган видео тарқалган. Мудофаа вазирлиги видео бўйича изоҳ берди.
"Вазирликнинг қайд этишича, мазкур хабар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тасвирланган видеода шу йилнинг март ойида Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ватанпарварлик фестивалига жалб этилган техникалар акс этган", дейилади хабарда.
Мудофаа доктринасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланади.
Каримовдан қолган мерос иши ёпиқ кўрилади
Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик ишини кўриб чиқиш бошқа кунга қолдирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизматига таяниб daryo.uz нашри хабар бермоқда.
Суд ишида даъвогар Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган фарзанди Пётр Каримов эканлиги ҳақида олдинроқ хабар берилганди.
Пётр Каримов отаси Ислом Каримовдан қолган меросга даъво қилмоқда.
Хабарда айтилишича, 26 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига Татьяна Каримова томонидан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида илтимоснома киритилган.
Суд илтимосномани қаноатлантирган. Суд ишини кўриш бошқа кунга қолдирилган.
Ўзбекистоннинг биринчи президентидан қанча мулк ва маблағ қолганлиги жамоатчиликка маълум эмас.
"PRIM"да яна заҳарланиш
Жиззах шаҳрида жойлашган "PRIM" умумий овқатланиш ресторанида овқат еган 57 киши заҳарланган.
Жиззах вилоят прокуратураси хабарида айтилишича, заҳарланганларнинг ҳаммаси вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
"Уларнинг 11 нафарига ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилди, 46 нафарининг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Прокуратура ҳолатни ўрганяпти", дейилади расмий хабарда.
Хабарда айтилишича, 25-26 июнь кунлари 57 нафар фуқаро вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ич кетиш ва тана ҳарорати кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилишган.
"Дастлабки лаборатория текшируви хулосасига кўра, фуқароларга "Ўткир диарея" овқатдан заҳарланиш ташхиси қўйилиб, тиббий муолажаларни амалга ошириш учун барчаси шифохонага ётқизилган", дейди вилоят прокуратураси.
Беморларнинг 11 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган, қолган 46 нафарининг аҳволи қониқарли эканлиги айтилмоқда.
Вилоят прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари устидан назорат ўрнатган.
Вилоят прокуратураси чиқарган хабарда ошхона номи айтилмаган.
Бош прокуратура матбуот хизмати Би-би-сига 57 хўранда заҳарланган тамаддихона Жиззах шаҳридаги "PRIM" умумий овқатланиш ресторани эканлигини маълум қилди.
"PRIM"да 2014 йили ҳам оммавий заҳарланиш кузатилганди.
2014 йилнинг 11 майидан 15 майига қадар PRIM ресторанида овқатланган 160дан ортиқ одам заҳарланиб, шифохонага мурожаат қилган ва уларнинг ҳаммасига бир хил - овқат токсик инфекцияси диагнози қўйилганди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002