You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Президент эшитмаса журналистларнинг умидлари пуч бўладими? Yangiliklar
Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва журналистларга босимни тўхтатиш чақириғига ҳозирча Президент ўрнига Журналистлар уюшмаси жавоб берди. Уюшма танқидчиларга босимларни "уйдирма" деди ва кейин уни таҳрир қилди.
Президент Шавкат Мирзиёевга қилинган очиқ мурожаатга Ўзбекистондаги ва хорижда бўлиб турган ўнлаб фаол ва журналистлар имзо чеккан.
Мурожаат бошида Шавкат Мирзиёев 2016 йилда давлат раҳбари бўлиб келганидан сўнг сўз эркинлиги борасида ҳам Ўзбекистонда ўзгаришлар бошлангани эътироф этилган.
Айни дамда эса вазият яхши томонга ўзгармаётгани айтилган.
"Матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти. Журналистлар ўзлари истаган оҳангда вазиятни кўрсата олмаяпти. Давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга муттасил равишда босим қилиб, ахборот оҳанги, шакли, моҳиятини ўзгартириш ёки бу ахборотнинг тўлиқ чиқмаслигини талаб қилишда давом этмоқда", дейилади унда.
Мурожаатда Президент Мирзиёевдан Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишни, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам бериш сўралган.
Алоқадор мавзулар:
Мурожаатга имзо чекканлар Ўзбекистонни кучли, рақобатбардош, ҳалқаро майдонда обрўли давлат сифатида кўришни исташини, бунинг учун, Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги муттасил кучайиб бориши лозимлигини таъкидлашган.
"Аммо ҳалигача Ўзбекистон матбуоти кўринмас, лекин жиддий назорат остида эканини ачинарли ва келажак учун хавфли вазият деб биламиз. Муҳтарам Президент, Ўзбекистонда матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз", дейилади унда.
3 март куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаатга ҳозирча Президент Мирзиёев ёки Президент девони бирор муносабат билдиргани йўқ.
Би-би-си изоҳ беришни сўраб Президент матбуот котиби ва администрация ходимларига мурожаат қилди.
Мурожаат ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган бир вақтда унга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси жавоб берди.
Президентга қилинган мурожаатга нега сўз эркинлигига бўлаётган босимлардан ҳимоя қилиши лозим бўлган Журналистлар уюшмаси жавоб бергани тушунарсиз эканлиги айтилмоқда.
"Холислик ва адолат бош мезон бўлсин" сарлавҳаси остида ёзилган матн уюшманинг веб саҳифасига жойланган ва унда мурожаатдаги фикрлар рад қилинган.
Муносабатда Ўзбекистонда очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги устувор эканлиги таъкидланган.
"Очиғи, ушбу мурожаат бундан 7-8 йил аввал эълон қилинганда эди, эҳтимол бирор фикр билдиришга ҳожат бўлмас эди. Негаки, бугун юртимизда очиклик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги устувордир", деган Каримов даврига шаъма қилгани айтилаётган ташкилот.
Уюшма бирор таҳририят ва мустақил журналистларга босим бўлаётганига гувоҳ бўлмаганини ёзган.
"Яқин вақт ичида ҳеч бир таҳририят ва мустақил журналистларга, блогерларга босим ўтказилаётганига ёки бирон-бир ахборотнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириш ёки чиқмаслигини талаб қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлмадик".
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси ҳуқуқий чора кўрилган блогерлар ва журналистлар масаласига ҳам тўхталган ва уларни "сўз эркинлигини суистеъмол қилиш, матбуотдек муқаддас минбардан шахсий манфаат, сохта обрў-эътибор ёки бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланиш"да айблаган.
Журналистлар уюшмаси босимлар ҳақидаги даъволар уйдирма эканлигини таъкидлаган.
"Лекин мурожаатда билдирилган кўпгина фикрларга қўшилишнинг иложи йўқ. Сабаби, тўғри ва холислик билан сўз айтаётган, танқид қилаётган ҳеч бир инсонга бирон-бир тўсиқ ва босимлар бўлаётганини шунчаки уйдурма, ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблаймиз", дейилади Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси баёнотида.
Кейинчалик ушбу жумлалар уюшма сайтидан ўчириб ташланган.
Журналистлар уюшмасининг муносабати кескин қарши олинди ва у ердаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилди.
"Шахсан мен исбот келтириб бера олишим учун ҳам ўша мурожаатга имзо қўйганман. Ёзилаётган постлар учун, ёзилаётган изоҳлар учун оддий ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларигача ИИБ ва бошқа ташкилотларда сарғайганини биз кўраяпмиз сен кўрмаётган бўлсанг. Биз эшитаяпмиз ва эшитдирамизам керак бўлса", дейди Farukh Samarkandi.
Журналист Санжар Саид фаолияти давомида дуч келаётган муаммоларни эслатди.
"Агар имкони бўлганида эди, мен админкамиздаги ёпиб қўйилган ва ўчиртириб юборилган материаллар рўйхатини мана шу матнни ёзган "ичимиздаги душман"нинг пешонасига урардим", дейди у.
"Журналистлар уюшмасининг мустақил журналистлар ва блогерларга қарши чиқишининг ўзи босимнинг исботи. Уят бу", деб ёзди Эркин Бозоров.
"Матбуот эркин, аслида эса бутун Ўзбекистон халқи руҳий касал. Чунки, матбуот эркин бўла туриб, Украина уруши ҳақида ТВ каналларда, расмий матбуотда ҳеч нарса гапирилмайди. Чунки одамларни бунга ақли етмайди. Ёки, монополиялар, коррупциялар, бошқа катта иллатлар ҳақида жонли эфирлар, ток-шоулар бўлмайди. Чунки, халқни бунга қурби етмайди. Матбуот эса, тўлиқ эркин" дея истеҳзо қилади Камолиддин Раббимов.
Ҳақ берилмайдими?
Президентга мурожаат оммага ҳавола қилингандан сўнг уни танқид қилувчилар ҳам бўлди.
Унга ўзи ҳам имзо чеккан блогер Сардор Салим мурожаатни"озгина кислород бериш илтимоси", дея таърифлаган ва 1917 йилгача Бухоро амиридан ислоҳотларга бош-қош бўлади деган умид билан яшаган Фитрат ва бошқа ислоҳотпарварларнинг ҳаракатига солиштирган.
"Фитрат 1917 йилда «бухороликларнинг меҳрибон отаси, миллатпаноҳ подшоҳдан" ислоҳотларга бош-қош бўлишни ёлворган бўлса, 1918 йилга келибоқ «Жаноби олий» ёғли половларни йийиб, яхши кимхоб таванларини кийиб, яхши шаробларни ичиб, яхши ва хушрўй жувонлар ва канизаклар ила айшу ишрат қиладиган… бир одамдур» деб бутун умидини инқилобга тикади. Хуллас, хукмдорлардан кўп нарса кутмаган маъқул, тарих бунга гувоҳ. Самаралироқ ёндашувлар бор, шу ҳақида ўйлайлик", дейди Сардор Салим.
У матнни кўрмасдан қўл қўйганини айтган ва мурожаатни Президентга қилмаслик кераклиги билдирган.
"Матнни кўрмасдан қўл қўйгандим. Озгина нейтралроқ ва президентга эмас, қонунлар руҳига апелляция қилган маъқулроқ бўлармиди дейман", деб ёзди Сардор Салим.
Таҳлилчи Жамшид Муслимов "Ҳақ олинур, берилмас деганда... Сўраб олинур тушунилар экан", дея фикр билдирди.
"Мен борича айтаман. Матн - КАПИТУЛЯЦИЯ. Энг ёмони бутун халқ ва унинг келажаги ҳисобига. Бунақа журъатни қайдан олишади, хайронман. "Занжиримизни бир оз узунроқ қилб беринг, хўжайин" Табриклайман, жаноблар", дейди Жамшид Муслимов.
"Мурожаатни кафанни елкага ташлаб ёздик"
Би-би-си мурожаат ташаббускорларидан бири билан боғланди. Исмини ошкор қилишни истамаган фаолнинг айтишича, 2016 йилда Мирзиёев томонидан ОАВга берилган эркинлик тугаб, 2018 йилдан бошлаб турғунлик даври бошланган.
"Лекин шу 2018дан бошлаб қанақадир турғунлик, депсиниш ҳолати бошланди. 2018 йилгача бўлган эркинликнинг қизил чизиғи, ўтиб бўлмайдиган нуқта баландлик деб қабул қилинди шекилли. Эришган натижа шундан кейин қандайдир орқага қараб кетиш, цензуралаш, таҳририятларга босим, блогерларга босимлар. Эълон қилинган ёки эълон қилинишидан олдинги материалларга цензура кучайиб бошлади. Бунинг оқибатида ички цензура кучайди. Таҳририятда қайси материал чиқади, қайси бири чиқмайди олдиндан биласиз. Мана шу хавотир, тинимсиз орқага кетиш давом этаяпти. Қизил чизиқлар жудаям торайиб кетяпти. Охирги пайтларда чидаб бўлмайдиган ҳолатга келдики, мурожаат қилишга мажбур бўлдик", дейди у.
Мурожаат ташаббускорининг айтишича, мурожаатдан сўнг унга имзо чекканларга нисбатан босимлар бошланган.
"Менга айтишларича, давлат ташкилотида ишлайдиган, давлат нашрида ишлайдиган журналистларга босимлар ошган. Фаолларга босимлар, суриштирувлар ошган, қўрқитишлар бошланган. Айримларга ишдан кетишни истаяпсанми, бу бузғунчиларга нега қўшилдинг, дея босим қилишган. Айримларнинг кадрлардан бўлимидан ҳужжатлари кўтарилган. Лекин бу ҳаммага эмас. Бир нечтасидан эшитдим. Албатта, босимлар бўлиши табиий. Буни билиб туриб қилгандик. Нақл бор-ку, ҳақиқатни гапирадиган одамнинг кафани елкасида бўлсин, деган. Кафанни елкага олиб ёзгандик ва кутгандик", дейди у.
Би-би-си ундан мурожаатни танқид қилаётганларга нисбатан ҳам муносабат сўради.
"Бизни 2 хил одам танқид қиляпти. Биринчиси давлат ташқарисида бўлган идеалистлар ва хаёлпарастлар. Идеалистлар деганда, буни давлат раҳбаридан сўраш керак эмас, сўз эркинлиги бу одамнинг фундаментал ҳуқуқи, талаб қилиш керак, деётганлар. Ҳа, тўғри. Биз буни жуда яхши тушунамиз, биламиз. Лекин бугун ичкаридаги реал вазият - биз таҳририятларга бўлаётган босим ҳақида парламентдан сўрай олмаймиз. Чунки натижа чиқмаслигини биламиз. Суд ҳокимиятидан, Вазирлар маҳкамасидан сўрай олмаймиз. Бу структуралар конституцияда бўлгани билан амалда ишламайди. Президентлик институти энг кучли институт бўлиб қоларкан, реал вазиятдан келиб чиқиб мурожаат ёздик. Хаёлпарастлар деганда буни тушунмаганлар танқид қилаётган бўлиши мумкин. Идеалистлар реал вазиятни билмасдан идеал нарсани сўраяпти. Лекин реал вазият мана шундай. Танқид қилаётганлар яна бир мурожаат қилишсин, биз қўшилайлик. Бундан қаттиқроқ қилиб, талаб қилиб мурожаат ёзсинчи", дейди у. .
Би-би-си манбасининг таъкидлашича, бу Президент девонидан туширилган ташаббус эмас. Реал, мана шу мамлакат ичидаги фаолларнинг ташаббуси. Цензурадан қийналаётганларнинг ташаббуси. Фикр, сўз эркинлигини сақлаб қолинишини хоҳлаётганларнинг ташаббуси.
"Яхшиликка бўлган натижа кутяпмиз. Мана шу цензуралар камайишини кутяпмиз. Энг катта мақсадимиз, ОАВ яшаши учун кислород керак. Берилган ваъдалардан ортга қайтмаслигини, чекинилмаслигини кутяпмиз. Матбуот эркин бўлиши керак ва бу эркинлик фақат хусусий нашрлар эмас, давлат каналларида бўлсин. Бунинг учун улар хусусийлашсин. Тушунамиз, давлат каналлари давлатники бўлиб қоларкан эркин гапиролмайди. Газета, журналлар, бошқа сайтлар эркинлашсин. Уларга цензура қўйилмасин, журналистлар таъқиб қилинмасин, қўрқитилмасин, унинг орқасидан ички цензура кучаймасин. Бугун келиб қолган нуқтамиз, деворларимиз парчаланиши ОАВ яна эркин, бемалол ишлашини кутяпмиз. Бугунги мурожаат билан бурилиш нуқта кутяпмизки, ОАВ эркин ишлашида, бу йўлда конституция ишлашини, вазият ўзгаришини кутяпмиз. Мана шу цензурани қилаётган куч тузилмалари ОАВга аралашувини, цензурани тўхтатишини кутяпмиз", дейди мурожаат ташаббускорларидан бири.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида сўз эркинлиги борасида ортга йўл йўқлигини бир неча маротаба такрорлаган.
Аммо айрим кузатувчилар, кейинги вақтларда президентнинг бу борадаги чиқишлари олдингидек оташин ваъдалар эмас, матбуотни бўғиш истагида бўлаётган томонга ҳам қулоқ солиш аломатлари кузатилаётганини айтишади.
Мирзиёев 27 феврал куни қилган чиқишида унга ОАВни ёпиш таклифини бераётганлар кўпчилик эканлигини айтди.
"Кўпчилик менга оммавий ахборот воситаларини "ёпишни" таклиф қилмоқда, лекин мен буни ҳеч қачон қилмайман", деган у.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002