Янгиликлар. Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев билан ким қандай беллашмоқчи? O‘zbekiston Saylov Yangiliklar

Ўзбекистон 9 июль куни муддатидан аввал ўтказилаётган президент сайловида овоз беради.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси тўрт нафар номзод рўйхатга олинганини расман эълон қилган.

Сайловда амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан бирга яна уч номзод Ўзбекистон президентлиги учун беллашишади.

Президентликка номзодларни, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонда расман фаолиятда бўлган тўртта сиёсий партия илгари сурган:

  • Ўзбекистон Халқ демократик партияси - Улуғбек Илёсович Иноятов;
  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси - Шавкат Миромонович Мирзиёев;
  • Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси - Робахон Анваровна Махмудова;
  • Ўзбекистон Экологик партияси - Абдушукур Худойқулович Хамзаевни президентликка номзод этиб расман тасдиқлаган.

Ўзбекистонда бугунги кунда жами бешта сиёсий партия мавжуд.

Шавкат Мирзиёев бу галги сайловда номзоди бирваракайига икки сиёсий партия томонидан қўллаб-қувватланган ягона номзод бўлган.

Ўзбекистондаги "Миллий тикланиш" партияси ҳам президентликка Шавкат Мирзиёев номзодини маъқуллашини маълум қилган.

Мазкур партия лидери, "буни давлат, халқ ва партиянинг манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғри қарор деб ҳисоблаши"ни айтган.

Робахон Анваровна Махмудова эса, бу галги сайловда Ўзбекистон президентлиги учун беллашажак ягона аёл номзод сифатида ўртага чиққан.

2021 йилги маълумотларда Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил этиши айтилади.

Сайловда иштирок этаётган партияларнинг барчаси бирдек ҳукуматга мухолиф мавқеъда эмас, деб кўрилади.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари мухолифат партиялари табиий равишда, мамлакатнинг ичида пайдо бўлиши кераклигини урғулашади.

Президентликка номзодлар сайловолди ташвиқотларини 7 июнь куни бошлашган.

Мазкур сана амалдаги қонунчиликда кўзда тутилган тартиб ва муддат асосида белгилангани расман қайд этилган.

Ташвиқот ишларини олиб боришда барча номзодлар учун "тенглик тамойилига амал қилиниши" таъкидланган.

Мазкур мақола чоп этилаётган санагача номзодларнинг нотенгликдан шикоятда эканликлари кўрилмаган.

Ўзбекистон президентлиги учун сайлов кампаниясига 10 майдан старт берилган.

Ўзбекистонда президент сайловлари

Бу - мустақил Ўзбекистон тарихидаги еттинчи, муддатидан илгари чақирилаётган иккинчи президент сайлови бўлади.

Сўнгги бор (2016 йилда) президент сайловинининг муддатидан аввал чақирилишига амалдаги давлат раҳбари Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти сабаб бўлган.

1995 ва 2002 йилларда Ўзбекистон президентининг ваколати умумхалқ референдуми орқали узайтирилган.

1991 йилдагиси илк ва сўнгги бор мухолифатдаги партия номзоди, 2007 йилдагиси биринчи ва охирги марта "ташаббус гуруҳи" вакили президентлик учун беллашган сайлов сифатида тарихда қолган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг 31 йиллик мустақиллиги тарихида мамлакатни бошқараётган иккинчи президент бўлади.

Шу пайтгача ўтказилган президент сайловларининг қанчалик эркин, шаффоф ва адолатли эканига берилаётган баҳолар эса бир хил бўлмаган.

Яна бир муддатидан илгари сайлов

9 июль кунига режаланган президент сайловини амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган ой бошида муддатидан илгари чақирган.

Ўзбекистон президенти муддатидан илгари сайловни тайинлаган тақдирда, амалдаги қонунчиликда унинг икки ой ичида ўтказилиши кўзда тутилган.

Мамлакатнинг амалдаги президентига бу каби ваколатни Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси берган.

Конституцион тузатишлар шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдуми чоғида маъқулланган.

Янгиланган Конституция, бундан ташқари, Ўзбекистон президентининг ваколати муддатини яна 5 йилдан 7 йилга узайтирган.

Тузатишлар асосида мустақил Ўзбекистон тарихида президент ваколати учинчи бор ўзгартирилган, амалдаги президентнинг ҳам олдинги муддатлари ноллаштирилгани маълум бўлган.

Бу ғолиб номзодга етти йилдан икки марта президент этиб сайланиш ҳуқуқини беради.

Янги таҳрирдаги Конституция асосида Сайлов кодекси ҳам янгиланганига оид хабарлар олинган.

Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишга оид конституциявий қонун қабул қилинган.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг учинчи бор Ўзбекистон президентлиги учун беллашиши бўлади.

У сўнгги бор 2021 йилги президент сайловида ғолиб чиққан, ўшанда амалдаги Ўзбекистон давлат раҳбари сайловчилар 80 фоиздан кўпроғининг овозини қўлга киритгани айтилган.

Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови чақириш қарорига қандай объектив зарурат бўлгани саволига Шавкат Мирзиёевнинг ўзи жавоб берган.

Ўзбекистон президенти "бугунги мавжуд шароитда бу энг тўғри ва адолатли қарор бўлиши"ни айтган.

Шавкат Мирзиёев ўзининг нега бундай ўйда экани сабабини бир қатор омиллар билан изоҳлаган.

Президент Мирзиёевга кўра:

  • Асосий қонунга мувофиқ, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда;
  • Янгиланган Конституция президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда;
  • Халқ ўзларидан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда;
  • Дунё ва минтақада кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда;

Шундай деркан, Ўзбекистон президенти бугун олдиларига янада "улкан марралар қўяётганликлари"ни ҳам айтган.

Муддатидан илгари президент сайловига йўл очган янги таҳрирдаги Конституция тўғридан-тўғри тадбиқ этилса, ишласа, янги ўзгаришлар Ўзбекистонни амалда "ҳуқуқий ва ижтимоий давлат"га айлантиради, деган умидлар бор.

Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқ давом этган ва "диктатура"га қиёс берилган бошқаруви ортидан Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам ташқарисида қисқа вақтнинг ичида Ўзбекистонни дунёга очган лидер сифатида эътироф этилади.

Жадаллик билан амалга оширишга киришган ислоҳотларининг кўлами ва суръати билан Ўзбекистонни дунёда "Йил мамлакати"га айлантира олган сиёсатчи.

Худди шу манзарада Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришлар хавотирлар баробарида четда некбин умидларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Муддатидан илгари чақирилаётган 9 июль кунги президент сайлови Россиянинг Украинага тажовузи ва расмий Кремлнинг империалистик амбициялари кучайиб бораётган, Марказий Осиё давлатларини ўзининг сиёсий ва иқтисодий орбитасига янада қаттиқроқ тортиш ҳаракатида бўлган бир вазиятда бўлиб ўтади.

Худди шу уруш боис, минтақада геосиёсий танглик янада кучайган, Россия ва Хитой баробарида Ғарб ҳам Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигини ҳар томонлама кучайтириш, минтақани ўзининг "муҳим ҳамкори"га айлантириш ҳаракатига тушиб қолган, уларнинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигидан ошкора хавотирда бўлган бир шароитда ўтказилади.

Президентликка номзодлар ваъдаси

Шавкат Мирзиёевнинг баён қилишича, сиёсий партиялар, президентликка номзодлар "юрт тинчлиги ва унинг равнақи, халқ фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишади".

Шундай экан, ким нима қилмоқчи:

Робахон Анваровна Махмудова. Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси номзоди:

Сайловолди дастури ўнта йўналишдан иборат бўлиб, ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожини кафолатлаш, аҳоли саломатлигини кучайтириш, жамият барқарор ривожланишини таъминлаш, экология ва атроф-муҳитга эътиборни кучайтириш, фуқаролик жамияти, аёл ва оиланинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, юксак маънавиятли жамият барпо этиш, тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат олиб бориш каби вазифалар шулар жумласидандир. Булар ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожини кафолатлаш, аҳоли саломатлигини кучайтириш, жамият барқарор ривожланишини таъминлаш, экология ва атроф-муҳитга эътиборни кучайтириш, фуқаролик жамияти, аёл ва оиланинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, юксак маънавиятли жамият барпо этиш, тинчликсевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат олиб боришни ўз ичига олади.

Шавкат Миромонович Мирзиёев. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси номзоди:

Шавкат Мирзиёев бешта стратегик мақсаддан иборат сайловолди дастурини тақдим этган. Биринчи мақсад - ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш. Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни - билим, таълим ва тарбия бўлади. Тиббиёт соҳасида бошланган "катта" ислоҳотлар давом эттирилади. Соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади. 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажми 2 карра ошириб, 6 миллиард долларга етказилади. Ижтимоий хизматлар соҳаси буткул қайта кўриб чиқилади. Ҳар бир оила ўз уй-жойига эга бўлиши учун шароит яратиш - устувор вазифа бўлади. Иккинчи мақсад - одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш. Энг аввало, илғор технологияларга асосланган саноат ривожлантирилади. Экспортбоп маҳсулотлар кўпайтирилади. "Яшил иқтисодиёт"га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтирилади. Учинчи мақсад - сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш. 2030 йилга қадар экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказиш учун далаларга сув етказадиган объектлар фермер ва кластерлар бошқарувига берилади. Сув етказиш тизимига Туркия, Испания, Хитой каби давлатлар тажрибаси кенг жорий қилинади. Тўртинчи мақсад - қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш. Ўзбекистонда инсон ва бизнеснинг ҳимоячиси фақат қонун ва суд бўлади. Очиқлик сиёсати изчил давом эттирилади, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қатъий кафолатланади. Бешинчи мақсад - Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат. Очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш давом эттирилади. Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари фақат ва фақат халқ ва давлат миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилади. Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини сўзсиз таъминлаш - бирламчи ва муқаддас бурчлари бўлади. Ўзбекистон Армияси 2030 йилга қадар энг замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника билан таъминланади. Ҳарбий-жанговар қудрат ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарурлиги таъкидланади.

Улуғбек Илёсович Иноятов. Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди:

Номзод дастурида кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этишдир. Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш йўналишларида 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Барқарор тараққиёт ва ижтимоий фаровонлик асоси сифатида ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш мақсадида иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш ҳақида ҳам сўз боради. Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали тижорий фаолият, реклама билан шуғулланаётганлар даромадларини солиққа тортиш масаласига ҳам тилга олинган. "Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида"ги, "Уй-жой қурилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги қонунларни қабул қилиш, тиббий хизматларни рақамлаштиришга ҳам шу таклиф ва ташаббуслар сирасида қайд этилган. Номзод дастурида қонун устуворлиги, тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш гарови сифатида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, очиқлик ва миллий манфаатлар устуворлигига асосланган конструктив ташқи сиёсат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани айтилади.

Абдушукур Худойқулович Хамзаев. Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод:

"Яшил тараққиёт учун!" шиори остидаги сайловолди дастурининг бош мақсади - мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, "яшил" иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолининг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқ ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фаровон жамиятни барпо этишдан иборат. Дастурда мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, "яшил" иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш ҳақида сўз боради. Бундан ташқари, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, атроф -муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратишга эътибор қаратилади. Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш, табиий-техноген ҳолатлар оқибатида рўй бериши мумкин бўлган барча вазиятлар юзасидан тизимли ишларни олиб бориш ҳам мақсад қилинган. Дастурдан, бундан ташқари, давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш, ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам ўрин олган. Хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик муносабатлари тенглик, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш асосида давом эттирилиши айтилган.

Қисқача маълумот ўрнида...

Шавкат Мирзиёев янгиланган давлат ҳокимияти тизимида фақат халққина ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаган.

Сайловлар "қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши"ни ҳам қайд этган.

Ўзбекистонда номзодларнинг теледебатларини ташкиллаштириш урфга айланмаган.

Ўзбекистон тарихидаги илк теледебат Шавкат Мирзиёев иккинчи бор ғолиб чиққан 2021 йилги президент сайловида қайд этилган.

Аммо унда худди бу галгиси каби номзодларнинг ўзлари эмас, уларнинг вакиллари тортишишган.

Худди ўша йилги сайлов арафасида мамлакатда ўтказилган сўров натижалари эса, ўзбекистонликларнинг анчаси президентликка номзодларнинг телевизион жонли эфирда ўзаро баҳслашишларини кўришни хоҳлашларини билдиришган.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эга.

Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ҳам ваколатли.

Улар сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.

Амалдаги қонунчиликда бир сиёсий партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига фақат битта номзод кўрсата олиши кўзда тутилган.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ, Ўзбекистонда сайлов "умумий, тенг, тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали, очиқ ва ошкора ўтказилади".

"Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади".

Булар Ўзбекистонда сайловлар ўтказишнинг асосий тамойиллари саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевдан ташқари қолган номзод Ўзбекистон президентлиги учун илк бор беллашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президенти энди етти йил муддатга сайланади.

Аммо айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси президенти бўла олмайди.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси президенти ўз ваколатларини янги сайлангани лавозимга киришгунига қадар бажаради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek