You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Муддатидан олдин президент сайлови куни маълум бўлди - Видео O‘zbekiston Yangiliklar
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондан муддатидан илгари Президент сайлови ўтказиш тўғрисида фармон имзолади.
Унга мувофиқ муддатидан илгари Президент сайлови 9 июл куни бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев референдум якунларига бағишланган учрашув сўнггида муддатидан илгари Президент сайлови ўтказиши фармони ҳақида гапирган ва уни шундай изоҳлаган.
"Бундай қарорга келиш учун қандай объектив зарурат бор, деган савол туғилиши табиий, албатта. Нима учун қолган уч ярим йиллик Президентлик муддатидан ўз ташаббусим билан воз кечаяпман? Чунки, ўзингиз кўриб турибсиз, Асосий қонунимизга мувофиқ, биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда", деган Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев, иккинчидан, янгиланган Конституциям Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўяётганини айтган.
"Учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда", деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти тўртинчидан, дунёда ва минтақада кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда "тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага" айланаётганини таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев сайловлар очиқ ва шаффоф ўтишини айтган.
"Сайловлар қонунга тўла мувофиқ ҳолда, очиқ ва ошкора тарзда ўтказилиши қайд этилди. Бунда сиёсий партиялар, Президентликка номзодлар юртимиз тинчлиги ва унинг равнақига, халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишига ишонч билдирилди", дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Сайлов қачон ўтади?
8 майдан "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги конституциявий қонун кучга кирди.
Мазкур қонун билан Сайлов кодексига тегишлича ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
Янги ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Президент сайловини тайинлаган тақдирда, сайлов ушбу Кодексга тўлиқ мувофиқ ҳолда икки ой ичида ўтказилиши кўрсатилган.
"Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади", дейилади қонунда.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002