"Президентинг ўлди, мен президентингман, деб урди", Мусулмонлар учун Каримов даври қайтдими? Зўрланган етим қизлар суди қандай кетяпти? Янгиликлар

Сурат манбаси, Screenshot
Хориж нашри Ўзбекистон мусулмонлари бошига Каримов давридаги кўргиликлар қайтаётганини ёзди. Қийноққа тутилган тадбиркор бизнесини тортиб олишмоқчи эканлигини айтмоқда. Амалдорлар зўрлагани айтилаётган етим қизлар суди қандай кетмоқда? Куннинг муҳим хабарлари.
The Diplomat журнали "Ўзбекистондаги мусулмонлар учун Каримов даври 2.0" сарлавҳаси остида мақола чоп қилди.
Унда диний маърузалар, қўшиқлар ва ижтимоий тармоқларда қўйган постлар сабаб Ўзбекистонда янги ҳибсга олиш тўлқини бошлангани ва булар яқин ўтмишда содир бўлган Каримов даврини хотирлатмоқда, дейилади.
Муаллиф Мадина Амин қирғизистонлик марҳум имом Муҳаммадрафиқ Камоловнинг маърузасига беш йил олдин Однаклассники орқали "класс" босгани учун 3 йил озодликдан чекланган 57 яшар аёл билан мақоласини бошлаган.
Би-би-си 2018 йии Туркияда ишлаб юрган вақти бенамозлик ҳақидаги маърузага "класс" босган ва Ўзбекистонга қайтгач ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан 3 йил озодликдан чекланган аёл ҳақида ёзганди.
The Diplomat нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу каби жиноий ишлар очиш кўпайган. Мақолада нашид тарқатгани учун ҳисбга олинган 21 яшар Сардор Раҳмонқулов ва Жаҳонгир Улуғмуродов ишларини келтирилган.

"Бу ва бошқа ҳолатлар Ўзбекистонда ижтимоий тармоқдагилар ҳамда фаоллар орасида танқидларга дуч келди. 19-20 яшар ёшлар узоқ йилларга қамалмоқда. Ўтган йили 19 яшар йигит 12 йили 3 ойга қамалди. Биз Каримов даври тенденцияси бошланишида турибмиз, дейди маҳаллий kun.uz нашрига гапирган инсон ҳақлари фаоли Абдураҳмон Ташанов", деб ёзади журнал.
Нашрнинг таъкидлашича, кўп ҳолларда ҳибсга олинганлар ёшлар ва кўпинча улар ҳатто диндор ҳам эмас. Аксари араб тилини билмайди ва шу сабабдан ўзлари улашган нашидларнинг мазмунини тушунмайди.
"Ушбу нашидларнинг экстремист эканлигини аниқлаш учун бутун бошли диний қўмита ишлайди. 20 ёшлилар буни қаердан билсин", дейилади мақолада.
Муаллиф Мадина Аминнинг ёзишича, Адлия вазирлиги "террорист деб тан олинган ташкилот ва ресурслар" рўйхатини эълон қилган. Ушбу гуруҳларнинг 2019 йили Олий суд томонидан тақиқланган веб сайтлар рўйхати ҳам чиққан. Бироқ ушбу рўйхатда фақат 166 ном ва материал келтирилган.
The Diplomat га кўра, расмий Тошкент давлат томонидан назорат қилинмайдиган ҳар қандай Исломий таълимотда сиёсий душманни кўради.
"Вазият янада ёмонлашиши мумкин. 9 июлда Ўзбекистонда муддатидан аввал президентлик сайлови бўлиб ўтади ва Мирзиёев ғалаба қозониши мумкин. Сайловдан кейин унинг режими йўқотадиган ҳеч нарса қолмайди - журналистлар, фаоллар диний жамоаларга тазйиқлар янада кучаяди", деб хулоса қилади нашр.
"Президентинг ўлди, мен президентингман, деб урди"

Сурат манбаси, Ezgulik/Courtesy
Ҳибсхонада аёвсиз қийноққа тутилганини айтган тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Президент Шакат Мирзиёга очиқ мурожаат йўллади. Тадбиркор унга тегишли мулкни бошқа бировнинг номига ўтказиб беришни талаб қилиб, қийнашганини айтмоқда.
Адвокати Нурулло Тўлаганов тадбиркорнинг мурожаатини ўқиб берган ва бундан бошқа мурожаатлар ҳам йўллаган, аммо натижа бўлмаётгани учун Президентга очиқ мурожаат билан чиқишга қарор қилинганини айтган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Мени Поп тумани РОВД (ИББ) биносига бир неча ЖҚБ (Жиноят-қидирув бошқармаси) ходимлари томонидан руҳий босим, жисмоний куч ишлатиш тазйиқлари остига олишди. Мен ҳурматли Президентимга ишониб келгандим, десам ҳам сўроқ қилмасдан Наманган шаҳар ЖҚБ ва Тошкент шаҳар ЖҚБ ходимлари "бизмиз сенинг президентинг, биз ҳукмронлик қиламиз энди", деб 2023 йил 13 апрел тахминан 21:00 дан 23:00 гача тазйиқлар остига олиб эртасига Тошкент шаҳар ГУВД (ИИББ)да бундан бадтари бўлади деб чиқиб кетишди. Ушбу ЖҚБ ходимларини кўрсам танийман. Айтганимдек, мени 13 апрел 2023 йил Тошкент шаҳар ГУВДга соат кундузи 12 ларда олиб келишди. 4-этажга чиқиб ходимлар хонасига олиб киришди. Жами 6 нафар ниқобли SF ёзувлилар сўнг ниқобини ечишди. Ходимлар ва барча ЖҚБ ходимлари томонидан жисмоний куч, руҳий босим, тазйиқлар ўтказишди. Ушбу ходимларнинг исмини билмайман, лекин кўрсам танийман. Жисмоний куч ишлатишда оғзимни бурнимни битта тешигини, оёқ-қўлларимни скотч билан маҳкам боғлаб бошимга полиэтилен пакет кийдириб оёғимнинг товон қисмига, сон қисмига, кўкрак олди орқа қисмига, қўлларимга бошимга резинкали дубинка ва махсус пластмасса қўлқоплари билан юзларимга ва ҳамма жойимга 6 соат уришда давом этишди. Бир неча марта ҳушимни йўқотдим. Электрошоккер мосламаси орқали танамга теккизиб уйғотишди", дейди у.

Ҳибсда қолаётган Дилшод Тўрахўжаевнинг айтишича, қийноққа тутган шахс ундан Поп тумани Чодак қишлоғида қурган, умумий қиймати 2 миллион доллардан ортиқ "Cosmos" дам олиш масканини кимнингдир номига ўтказиб беришни талаб қилган.
"Руҳий босимларни менга "президентинг ўлди, мен президентингман, мен сенинг адвокатингман, деб "Космос"ни ўтказиб берасан деб, ўтказмасанг сани босқинчилик эпизодига қўшиб камида 15 йил қаматаман ва қамоқда ўлдираман деган сўзлари билан қандайдир ҳужжатга имзо қўйишимни сўради. Мен эса ҳурматли президентим ўлмаганлар, ҳамманг билан кейин гаплашаман, қонун олдида жавоб берасанлар деганим билан яна жисмоний куч ишлатишда давом этишди", дейди Дилшод Тўрахўжаев.
Тадбиркорнинг айтишича, уни қийноққа тутган шахслар вояга етмаган болалари етим ўсмаслиги учун уларнинг айтганини қилишни талаб қилган ва қулоқчин орқали терговчига нима дейиш кераклигини айтиб турган.
"Мен ўлиб қолишдан қўрқиб рози бўлдим. Мени терговчи Шохрух олдига олиб тушишди ва терговчига "ҳаммаси яхши айтганимизни гапиради. Агар айтганимизни қилмаса коридорда бўламан", деб чиқиб кетди. Шохрух терговчи эса айтишганини қилинг, сизга раҳм қилишяпти. Акс ҳолда ўлдириб қўйишади, деб менга раҳм қилгандек ушбу сўзларни айтиб мени камера олдига ўтқизиб савол жавобларни ёзди. Менга эса ЖҚБ ходими наушник орқали айтиб турди. Ушбу кўрсатмалар тазйиқ остида олинган"
Тўрахўжаевнинг айтишича, Жиноят қидирув бўлими ходимлари ундан бўш оқ қоғозга қўл қўйдириб олиб, "нима деб ёзишни" ўзимиз биламиз деган.
Би-би-си Дилшод Тўрахўжаевнинг мурожаатига муносабат сўраб ва "Президентинг ўлди" деган ходимнинг шахси ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва ИИВга мурожаат қилди.
ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов "ИИО ходимидан норози фуқаро ўрнатилган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга", деб жавоб берди.
Асли наманганлик бўлган тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг қилган ишларини президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасида бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган.
Адвокат Нурулло Тўлаганов ва яқинларининг айтишича, Дилшод Тўрахўжаев оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, мажбурий кўрсатма олиш мақсадида ноинсоний қийноқларга солинган.
20 йил Россияда яшаб ўша ернинг фуқаролигини олган тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг асл ватани Наманганга қайтади ва яқинларининг айтишича, сармоя киритиб Наманганнинг Чодак қишлоғида Apart Hotel Kosmos меҳмонхона ва дам олиш мажмуасини қуради.
Яқинларига кўра мажмуанинг умумий қиймати 2 миллион доллардан ошади ва ушбу ташаббус ҳатто Шавкат Мирзиёевнинг ҳам эътиборига тушган.
"Ёки Поп тумани Чодак қишлоғидаги 2 гектар тоғли бу майдонда тадбиркор томонидан 25 миллиард сўмга замонавий дам олиш комплекси барпо этилган. Бунинг ҳисобига бу ерга бир ойда 15-20 минг нафар сайёҳ келмоқда", деган Шавкат Мирзиеёв.
Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг Наманган вилояти ҳокими билан учрашувда айтишича, у яна 54 гектарни ерни қамраб олувчи майдонда шу каби меҳмон уйларни қуришни бошлаган
Амалдорлар зўрлагани айтилаётган етим қизлар суди қандай кетмоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Хоразмда амалдорларнинг етим қизлар билан жинсий алоқага қилгани юзасидан олиб борилаётган суд иши ҳақида хабар берди.
"Ўз вақтида жамоатчиликни жунбушга келтирган Хоразм вилояти Адлия бошқармасининг собиқ раҳбари О.М., Хоразм вилояти Янгиариқ тумани ФВБ собиқ бошлиғи А.К.ларга оид иш ЖИБ Тошкент шаҳар судида аппеляция босқичида кўрилмоқда", дейди Ташанов.
Инсон ҳақлари ҳимоячисининг иш мазмунига таяниб айтишича, раҳбарлар Хоразм вилояти Адлия бошқармасининг хизмат уйларида меҳрибонлик уйининг вояга етмаган қизлари билан жинсий алоқада бўлиб келган.
Қуйи инстанция суди собиқ амалдорларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан 1,5 йиллик озодликни чеклаш билан жазоланганди.
"Бу қабоҳат фош бўлиб, жамоатчилик жунбушга келгач, прокуратура органи ҳукмга протест келтирди. Биз ўйлагандикки, энди бу жинсий зўровонликка нисбатан камида номусга тегиш билан иш қўзғатилади ва педофиллар аниқ қамоқ билан жазоланади. Аммо ундай бўлмади: айблов ўша - қизалоқлар ўз хоҳиши билан раҳбарларнинг қўйнига кирган…", деб ёзади Абдураҳмон Ташанов.
"Эзгулик" раисининг маълум қилишича, қизларнинг адвокатлари ишни номусга тегишга малакалашни суддан сўрашмоқда. Қизлар жинсий алоқага мажбурланганини таъкидламоқда.
"Аммо суд ҳозирча айбловни ўзгартирмоқчи эмас, бу модда билан педофиллар Хоразм суди берган жазодан кўпроғини олмайди. Суд деярли музокара босқичига келиб қолди.
Тушуниб етдимки, қонунни қўллашда жамоатчиликнинг таъсири бир тийин экан", дейди Абдураҳмон Ташанов.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














