Президент мақтаган тадбиркор аёвсиз қийналгани айтилмоқда, суриштирув пайсалга солиняптими? Янгиликлар - Ўзбекистон

Дилшод Тўрахўжаевнинг очиқликда ва тутқунликда кўриниши

Сурат манбаси, Ezgulik/Courtesy

Сурат тагсўзи, Дилшод Тўрахўжаевнинг очиқликда ва тутқунликда кўриниши
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Адвокат ҳимоясидаги тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноққа солингани юзасидан текширувлар суст кетаётганидан шикоят қилди. Асли наманганлик бўлган тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг қилган ишларини президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасида бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатгани айтилмоқда.

Адвокат Нурулло Тўлаганов ва яқинларининг айтишича, Дилшод Тўрахўжаев оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, мажбурий кўрсатма олиш мақсадида ноинсоний қийноқларга солинган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов қийноқлар борасидаги иккита даъво акс этган хабарни тарқатганидан сўнг, ИИВ унга қисқа вақтнинг ичида муносабат билдирди.

Видео тагсўзи, Мирзиёев: "Қийноқ қўллашга ўрганган кўнгил, ўлганда қолади"

Вазирлик ички ишлар идорасида сақланаётганларда жароҳатлар борлигини инкор этмади, бироқ у ҳибсга олинишдан олдин етказилганини айтди.

"Илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади" борлиги ҳақида ёзди вазирлик.

Адвокат Нурулло Тўлагановнинг видео мурожаатида айтилишича, 12 апрел куни қўлга олинган Дилшод Тўрахўжаевни у 15 апрел судда кўришга муваффақ бўлган.

"Не кўз билан кўрайки, кўзининг таги катта кўкарган, башара қорайиб кетган. Билдимки, калтак еган. Кўтар, майкангни дедим. Шундой кўтарди. Кўриниб турибди, нима қилишим керак эди. Бўлди ҳаммаси яхши бўлиб кетади, эркакчиликда бўлиб туради, дейишим керакмиди? Расмга олдим, адвокатлик фаолиятимни амалга оширдим. Яхшиям расмга олдим, кейин қийноқлар бир кундан кейин тугабди", дейди у.

Адвокат Дилшод Тўрахўжаевнинг қийноқга тутилганини шундай тасвирлайди:

"Ўзи айтиб беряпти, видеода сўроғида ҳам бор. Бошимни скочлаб, бурнимнинг битта тешигини қилди (қолдирди), деяпти. Қўлимни скочлади, оёғимни скочлади, деяпти. Қўли нимага шилинган из бор? Кишанда ундай бўлмайди. Кишанда битталик из тушади. Қўли скочланганида шилинган. Ҳар бир зарбада инсон оғриққа чидолмай автоматик тарзда чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Ана ўша вақти қўлига излар тушган. Ҳозир қанақа қилиб, урганини айтиб беролмайман, аммо у уже айтиб бўлди. Лекин ҳали айтгани бўйича бирорта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи идоралар ҳали ундан келиб, "Худо хайрингни бергур, айбли масалангни қўйиб турайлик, лекин сени ким қийнади, деб ҳеч ким сўрамаяпти-ку", дейди у.

Адвокатнинг айтишича, ҳимоясидаги шахс ИИВ хабарида айтилганидек, Ички ишлар органларининг махсус кучлари жалб этилган ҳолда қўлга олиниб, зарарсизлантирилмаган. Балки Тўрахўжаев милиция идорасига ўз оёғи билан борган.

"Уни махсус кучлар билан ушладик, у спортчи эди деяпти. У спортчи эмас, у тадбиркор, инвестор, ҳурматли матбуот хизматининг котиби. Кейин уни кўчадан ушлаб олиб кетишмаган. Уни телефон орқали Поп тумани Чодак милиция таянч пунктига чақиришяпти. У машинасида келяпти. Наманган туман ходими унга сиз Поп туман ИИБ боришингиз керак экан, деяпти. Тошкентдан келишибди, сизни сўраб суриштиришяпти, деяпти. Бўлди, деяпти-да, ходимни ёнига ўтиргизиб Поп туман ИИБ боришяпти. Машинасини Поп тумани ИИБ олдига қўйиб кириб кетяпти. Чодак милиция таянч пунктида ҳам, Поп туман ИИБда ҳам камералар турибди. Ўз оёғи билан кириб келаётганини кўриш мумкин. Бу чиқишимдан кейин у видеоларни йўқотиб юбормасанглар", дейди Адвокат Нурулло Тўлаганов.

Би-би-си адвокатнинг эътирозлари муносабат билдиришни сўраб ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга чиқди.

Prezident

Ғиёсов "Мазкур ҳолат, шу жумладан томонларнинг важлари прокуратура органлари томонидан ўрганилиб ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақда муносабатда айтилган", деган жавобни берди.

20 йил Россияда яшаб ўша ернинг фуқаролигини олган тадбиркор Дилшод Тўрахўжаев Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг асл ватани Наманганга қайтади ва яқинларининг айтишича, сармоя киритиб Наманганнинг Чодак қишлоғида Apart Hotel Kosmos меҳмонхона ва дам олиш мажмуасини қуради.

Яқинларига кўра мажмуанинг умумий қиймати 2 миллион доллардан ошади ва ушбу ташаббус ҳатто Шавкат Мирзиёевнинг ҳам эътиборига тушган.

"Ёки Поп тумани Чодак қишлоғидаги 2 гектар тоғли бу майдонда тадбиркор томонидан 25 миллиард сўмга замонавий дам олиш комплекси барпо этилган. Бунинг ҳисобига бу ерга бир ойда 15-20 минг нафар сайёҳ келмоқда", деган Шавкат Мирзиеёв.

Тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг Наманган вилояти ҳокими билан учрашувда айтишича, у яна 54 гектарни ерни қамраб олувчи майдонда шу каби меҳмон уйларни қуришни бошлаган.

Қийноқлар

"Эзгулик" яна бир қийноқ ҳақида хабар берган. Унда айтилишича, шу кунларда Тоштурмада сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиевга нисбатан содир этилган қийноқ натижасида у салкам ногиронга айланиб қолган.

"Адвокатларга кўра, унинг баданига электрошокер воситасида етказилган зарар сиз кўраётган расмларда ҳам акс этган. Унинг моматалоқ баданидаги жароҳатлар ҳануз кетгани йўқ", дейилади хабарда.

Ҳасанбой Абдунабиев

Сурат манбаси, Ezgulik

Сурат тагсўзи, Ҳасанбой Абдунабиев

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Ўзбекистонда қийноққа қарши ва уни олдини олувчи механизмлар ишламаяпти.

Унинг таъкидлашича, қийноқларга барҳам беришга масъул бўлган идоралар бундай жиноятларни яширишга ҳаракат қилишади, жамоатчиликни алдайди, мамлакатда қийноқларга барҳам берилган, деган ёлғон ҳисоботлар билан чиқишади.

"Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 26 июнь куни Халқаро Қийноқларга қарши кураш куни муносабати билан имзоланган Фармонида бу иллатга қарши кураш стратегияси ишлаб чиқилганди. Ҳатто Омбудсман қошида махсус гуруҳ тузилганди, аммо гуруҳ кўзбўямачиликдан нарига ўтмади", дейди у.

Би-би-си ҳолатга изоҳ олиш учун Бош прокуратурага ҳам мурожаат қилди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002