Янгиликлар. Ўзбекистон Олий Суди ноқонуний қарор қабул қилдими? Яна бир қийноқ фожеаси ва нега блогерлар фаолиятини тўхтатди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Даулетмурат Тажимуратов аппелляция судида

Сурат манбаси, .

Сурат тагсўзи, Даулетмурат Тажимуратов аппелляция судида

Ўзбекистон Олий Суди ноқонуний қарор қабул қилдими?

Милиция идорасидан яна бир инсон жасади чиқди.

Нега қашқадарёлик блогерлар фаолиятини тўхтатди?

Қатарликлар Ўзбекистонга визасиз келоладилар.

5 июнь куни Ўзбекистон Олий Суди 2022 йил июлидаги Қорақалпоғистон ҳодисалари бўйича аппелляция қарорини эълон қилди.

Аппеляция судида 16 маҳкум шикояти кўриб чиқилган.

Алоқадор мавзулар:

Олий Суд саккиз айбланувчининг жазосини озодликни чеклаш билан алмаштирди.

Олти судланувчининг муддатини қисқартирди.

Даулетмурат Тажимуратовнинг 16 йиллик қамоқ муддатини ўзгаришсиз қолдирди.

Прокуратуранинг 4 кишига нисбатан протести рад этилган.

Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати Сергей Майоров ва унинг ҳимоячиси сифатида қатнашган Ринат Тажимуратов Олий суд қароридан рози эмаслигини билдирган.

Сергей Майоровнинг маҳаллий оммавий ахборот воситаларига айтган сўзларига кўра, Даулетмурат Тажимуратов бўйича апелляция суди қарори "адолатсиз" ва "ноқонуний" бўлган.

Мен (Олий суднинг ушбу қарорини) нафақат адолатсиз, балки биринчи навбатда ноқонуний деб ҳисоблайман. Суд мутлақо ноқонуний, процессуал бўлмаган қарор қабул қилди", - деган Майоровнинг сўзларидан иқтибос келтирди "Газета.uz" веб-нашри.

Ўзбекистонда яна қийноқ фожеаси

Иллюстратив сурат.

Сурат манбаси, TERGOV DEPARTAMENTI

Сурат тагсўзи, Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкент вилоятининг Бўка туманида яна бир инсон милиция ходимларининг қийноқлари оқибатида ҳаётдан кўз юмганини эътироф этди.

Ҳодиса 4 июнь куни Бўка тумани милиция идорасида рўй берган.

ИИВ хабар қилишича, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида яшаган 36 ёшли У.С. ўғрилик жиноятларини содир этишда гумонланиб сўроқ қилинган.

Тунги соат 23 ларда саломатлиги ёмонлашиб шифохонага етқазилган, шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан, ҳаёти узилган.

Бўка туман милиция бўлимининг 2 ходими ҳибсга олинган, туман ИИБ раҳбарлари ишдан бўшатилди.

Ички ишлар вазирлиги инсоннинг милиция ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этганини хабар қилди, Бўкага республика Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари етиб борганлар.

Ушбу фожеа Тошкентнинг Чилонзор туман милиция идорасида 21 ёшли фуқаро ўлими хабарлари тарқалган вақтда рўй берди.

22 май куни Ҳафизуллоҳ Турғунбоев гиёҳванд модда истеъмол қилишда гумонланиб, Чилонзор туман ИИБ биносида тергов қилинган.

Гумонланувчининги милиция биноси 4-қавати ҳожатхонасидан ўзининг ташлагани, шифохонага ётқизилгани, шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан, 29 май куни вафот этгани хабар қилинди.

Ушбу ҳодисада қийноқ даъволари янгради.

Бироқ Ички ишлар вазирлиги қийноқ даъволарини рад этмоқда.

Қатарликлар Ўзбекистонга визасиз келоладилар

Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз келишларига имконият берадиган фармонни имзолади.

Фармон "Қатар Давлати фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисида" деб номланади.

Президент Мирзиёев фармонни 5 июнь куни имзолади.

Фармонга биноан, Қатар фуқароларига Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик визасиз режим белгиланди.

5-6 июнь кунлари Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлди, Ўзбекистон ва Қатар ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди.

Бугунги кунда дунёнинг 90 мамлакати фуқароларининг Ўзбекистонга визасиз боришларига рухсат этилган.

Нега қашқадарёлик блогерлар фаолиятини тўхтатди?

Nasafnews.uz веб нашри бош саҳифаси

Сурат манбаси, Nasafnews.uz

Сурат тагсўзи, Nasafnews.uz веб нашри фаолиятини тўхтатиши ҳақида хабар қилди

Қашқадарё вилоятига янгиликларига ихтисослашган Nasafnews.uz веб-нашри ҳамда блогерлар - Умид Каримов, Мақсуд Музаффаров, Отабек Артиков, Азизбек Яздурдиев ва Ўролжон Камолов фаолиятларини тўхтатишга қарор қилганлари хабари тарқалди.

"Бунинг сабаблари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимасман. Бизни қўллаб-қувватлаган, ишонч билдирган ҳаммага раҳмат", дейилади Nasafnews.uz сайтининг Telegram-каналида эълон қилинган хабарда.

Блогерларга кўра, ўзларининг фаолиятларини тўхтатишга яқинда Шаҳрисабз суди чиқарган қарор сабаб бўлган.

29 майдаги маҳкама Умид Каримов ва Мақсуд Музаффаровни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик Кодексининг турли моддалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган деб топган, 5 суткага қамаш қарорини чиқарган.

Блогерлар Шаҳрисабз тумани милицияси ходимларига нисбатан қўполлик қилиш, жанжал кўтариш, фуқаролар олдида ИИБ ходимларини обрўсизлантириш, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, бақир-чақир қилиб, майда безорилик қилишда айбдор деб топилганлар.

Улар суднинг Ўзбекистон қонунчилиги бузилгани, ўз ҳуқуқларига риоя этилмагани айтганлар.

Бу Ўзбекистонда конституциявий референдум ўтказилганидан кейин матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганининг яна бир белгисими?

Расмий мансабдорлар буни рад этадилар.

Аммо қаламкашлар ўзаро суҳбатларда "кислородни бўғиш" бошлангани ҳақида гапирмоқдалар.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002