Ўзбекистон: Банкларга хакерлик ҳужуми, эҳтимолий Россия изи ва ёпиқ тергов Yangiliklar Bank O'zbekiston

Суҳбатдошнинг айтишича, бу фирибгарлик ишига 200га яқин ўзбекистонликлар қурбон бўлган бўлиши мумкин.
Сурат тагсўзи, Суҳбатдошнинг айтишича, бу фирибгарлик ишига 200га яқин ўзбекистонликлар қурбон бўлган бўлиши мумкин.
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Би-би-сига аноним тарзда гапиришга рози бўлган шахснинг айтишича, россиялик хакерлар Ўзбекистондаги бир нечта банкларнинг кибер-хавфсизлик тизимларини бузиб кириб миллионлаб доллар ўғирлашган. Унга кўра, бунга улар оддий ўзбекистонликларни жалб қилиб, уларнинг банк карталаридан фойдаланганлар. Унинг ўзи ҳам бир неча марта қўлга олингани ва сўроқ қилинганини айтади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бир неча кун аввал Марказий Банк фуқароларни фирибгарлик ҳолатларидан огоҳлантириб чиқди. Охирги йилларда Ўзбекистонда банк тизими ривожланиши билан, молиявий фирибгарлик ҳолатлари ҳам кўпайган.

Жумладан, ўтган йил сентябрида ижтимоий тармоқларда камида учта банкка - ИнфинБанк, Асакабанк ва Анорбанкка хакерлик хужумлари уюширилгани ва миллионлаб доллар ўғирлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Банкларнинг камида иккитаси ўшанда расмий муносабат беришди.

Инфинбанк, хусусан, "3-5 сентябрь кунлари бир гуруҳ халқаро молиявий фирибгарлар хорижда жойлашган фиктив мерчант хизматларидан ИнФинБанкда ўзларининг жиноий шерикларининг номига очилган виза пластик карталарига валюта маблағларини ўтказишга ва шу кунларнинг ўзида банкомат тизимларида нақдлаштириш, бошқа банкларнинг мобил иловалари, Ҳумо ва Узкард тизимида очилган карталар воситасида ўзлаштиришга уринганлар. Ҳозирда жиноий гуруҳнинг аъзолари аниқланган. Гумонланувчилар қўлга олинган. Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дея муносабат билдирди. ИнФинБанк ўғирланган пул миқдори ҳақида маълумот бермади, аммо ижтимоий тармоқларда тарқалган суммалар "ҳақиқатга тўғри келмайди" деди.

Икки кун ўтиб Асакабанк ҳам муносабат билдирди, аммо ўз ҳисобидан 700 минг доллар ўғирлангани ҳақидаги маълумотни рад этмади. Асакабанк бу ҳодиса мижозлар жамғармаларига таъсир қилмаслигини билдирди.

Бир неча кун ўтиб эса Компроматузб канали Анорбанкдан 2 миллион доллар ўғирлангани ва ўзидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги банкларда рўй бераётган ўғирликларда хакерларнинг кўпи банк ходимлари деб гумон қилинаётганини ёзди. Анорбанкдан муносабат бўлмади, лекин бир неча кун ўтиб у ўз телеграм каналида мижозларига ўз пулларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган қоидаларни тақдим қилди.

Лекин, ўшандан бери жимжитлик. Баъзи хабарларга кўра, умумий ҳисобда 7 миллион доллар ўғирланган бўлиши мумкин. Би-би-си бу ҳодиса бўйича терговни олиб бораётган терговчининг ўзи ва Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати билан боғланди, аммо улардан ҳеч қандай маълумот олинмади.

Би-би-си банкларга ҳам қатор саволларни ёзиб юборди, аммо ҳали жавоб олмади.

Суҳбатдошнинг айтишича, бу фирибгарлик ишига 200га яқин ўзбекистонликлар қурбон бўлган бўлиши мумкин. Аммо, хакерлик ўзи бўлганми? Хакерлар топилдими ёки карталари орқали пул ўтказишга рози бўлган оддий фуқаролар бутун жиноят учун жавоб берадими? Нега ҳибсдагиларга оилалари билан кўришишга рухсат берилмаяпти? Банк ходимлари жиноятга аралашгани борасида маълумот борми? Бу жиноятни тергов қилаётган идоралар халқни огоҳлантириш учун уни шаффоф олиб боришлари керак эмасми? Кўп саволлар очиқ қоляпти.

Би-би-си бу масалада барча томонларга, хусусан Ички ишлар вазирлиги ва тилга олинган банкларга очиқ.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002