Ўзбекистон: ДХХ ҳакерлари дунёдаги энг уқувсиз хакерларми?

Сурат манбаси, Getty Images
Лондонда ҳар йили ташкиллаштириладиган компютер хавфсизлигига бағишланган Virus Bulletin халқаро конференциясида Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизматига тегишли экани ишонилган хакерлар гуруҳи фош этилгани ҳақида гапирилди.
Дунёга таниқли кибер хавфсизлик ва компютерлар аксилвирусига ихтисослашган Kaspersky Lab ширкатининг хавфсизлик мутахассислари 2018 йил октябрида хакерлар гуруҳини аниқлаганлар ва бу гуруҳни "SandCat" - "Қум мушуги" деб номлаганлар.
Virus Bulletin халқаро конференциясида "Қум мушуги" фош этилиши тарихини ҳикоя қилиб берган Kaspersky эксперти Брайан Бартоломеога кўра, хакерлар ҳужумларни уюштирган инфраструктураларида рўйхатга олинган доменга Давлат Хавфсизлик хизматига алоқадор ҳарбий гуруҳнинг номини қўйганлар.
"Қум мушуги" гуруҳидаги хакерлар ўзлари фойдаланаётган компютерларида зарар келтирадиган дастурлар(malware) ихтиро қилганлар.
Бу компютерларга эса Kaspersky антивируси ўрнатилган бўлган, хакерлар зараркунандалик билан шуғулланаётганларини Kaspersky ширкатидагилар билиб қолганлар ва зарарли программа(malware)ни хакерлар тарқатишга улгурмай туриб аниқлаганлар.
"Қум мушуги" ҳақида хабар тарқатган vice.com ва tomshardware.com интернет нашрларига кўра, хакерлар гуруҳи аллақачон танилиб улгурган Chainshot зарарли дастурини Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб тарқатган.
Дастлаб Kaspersky аксилвирус ширкатидагилар Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларида кузатилган хакерлик ҳужумларини алоҳида гуруҳлардан деб ўйлашган, бироқ кейинчалик булар ҳаммаси Ўзбекистондан уюштирилаётгани аниқланган.
Кибер хавфсизлик экспертларига кўра, Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати 2011-2015 йиллари Италиядаги Hacking Team деб номланган ширкатдан қарийб бир миллион долларлик хакерлик воситаларини сотиб олган.
Hacking Team дунёдаги қатор мамлакатлар ҳукуматлари ва ҳуқуқ-тартибот ташкилотларига хакерликни амалга оширишда ёрдам берадиган воситалар сотиш билан шуғулланган, 2015 йили Hacking Teamнинг ўзига хакерлик ҳужуми уюштирилиб, ширкатнинг мижозлари билан минглаб электрон мактублари ошкор этилган, ўшанда Ўзбекистон МХХси билан олди-бердилари ҳам маълум бўлган.

Сурат манбаси, .
Лондондаги конференцияда "Қум мушуги" нега ўзларини бу қадар осон фош қилиб қўйганлари ҳақида гапираркан, Kaspersky мутахассиси Брайан Бартоломео шундай деган:
"Улар ўзларини ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ ёқиб қўйгани(компютерчилар тилида фош қилгани)дан мен бир фикрга келдим - уларнинг тонна-тонна пули бор".
Kasperskyдагиларнинг иддао қилишларича, "Қум мушуги" Исроилдаги икки ширкат - NSO Group ва Candiruдан журналистлар ва диссидентларни кузатиш ва хакерлик ҳужумларини амалга оширишда фойдаланиладиган дастурлар сотиб олган.
NSO Group ва Candiru ушбу иддаоларни рад этганлар.
Бу ширкатлар 2018 йили дастурларини "Қум мушуги"га сотишни тўхтатган, шундан кейин ўзбекистонлик хакерлар ўзларининг малверларини ишлаб чиқишга киришганлар, бироқ буни фош қилиб қўйганлар.
Ўзбекистон махсус хизматлари хориждаги ширкатлардан телефон сўзлашувларини яширинча тинглаш ва ёзиб олиш ускуналарини катта пулга сотиб олгани ҳам ошкор бўлган эди.
2018 йили Президент Мирзиёев номини Давлат Хавфсизлик хизмати қилиб ўзгартирган МХХ мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар ҳамда мухолифат фаолларининг телефон сўзлашувлари ёки Скайп мулоқотларини кузатгани ҳақидаги ҳисобот ҳам эълон қилинганди.
Ўзбекистонлик уқувсиз хакерлар ҳақидаги хабар Ўзбекистонда дезинформация воситаларидан давлат нақадар фойдаланаётгани таҳлил қилинган ҳисобот эълон қилинган кунларга тўғри келди.
Оксфорд Университети ва Оксфорд Интернет институти ҳисоботи "Глобал дезинформация тартиби - Ташкиллаштирилган социал медиа манипуляциясининг 2019 йилги хатлови" деб номланган.
Ҳисобот муаллифлари ижтимоий тармоқларда ташкиллаштириладиган кампаниялар ёрдамида инсонлар фикрига таъсир ўтказишга интилиш йилдан-йилга ортиб бораётганини қайд этганлар.
Ҳисоботда қайси мамлакатда қайси социал медиа тармоқлари машҳурлиги, қайси мамлакатлар ҳукуматлари қандай воситаларни ишга солгани таҳлил этилган.
"Глобал дезинформация тартиби" ҳисоботида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқдаги жамоат фикрини бошқариш учун троллар ҳужумидан фойдаланилиши, омма фикрини манипуляция қилишда ботлар эмас, ҳақиқий одамлар ва ўғирланган (хакерлик ҳужуми ёрдамида қўлга киритилган бошқа бировнинг) аккаунтларидан фойдаланилиши айтилган.
Бундан олдин Тошкентдаги Ахборот технологиялари университетида троллар фабрикаси мавжудлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган, аммо ТАТУ раҳбарияти буни рад этган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















