Украина уруши: Россия осмони ёпилгани Марказий Осиёга фойда бўлди Ukraina Dunyo Yangiliklar Ўзбекистон

Сурат манбаси, Reuters
Россиянинг Украина босқини бир йиллиги муносабати билан Рейтер ахборот агентлиги Россия осмони ёпилгани ва Ғарб мамлакатларининг Россия самолётларини ўз ҳудудига киришларини тақиқлагани Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга қандай таъсир қилгани ҳақида таҳлилий мақола эълон қилди.
"Россия ҳаво макони ёпилганидан Марказий Осиё авиа компаниялари янги имкониятларни қўлга киритди, ушбу минтақага ҳаво парвозлари тобора кўпайиб бормоқда", деб бошланади мақола.
Алоқадор мавзулар:
Авваллари Россия осмонидан Осиё ва Яқин Шарққа учиб ўтган авиа компаниялар бугун Марказий Осиё осмонидан парвоз қилаяптилар.
Ҳукуматлар қўллаб-қувватловидан куч олган янги авиа ширкатлар ҳам янги йўналишларни ўзлаштирмоқдалар.
"Можаро ҳудудидан кўплаб одамлар тили яқин Марказий Осиёга кетдилар ва бугун биз бу ерга парвозлар кўпайганини ва ўзгарувчан иқтисодларни кўраяпмиз", дейди бутун дунё ва минтақага самолётлар сотиш билан шуғулланадиган JetCraft Commercial компанияси раҳбари Рафаэл Ҳаддад.
Урушнинг дастлабки кунларидан ўнлаб Ғарб мамлакатлари учун Россия ҳаво макони ёпилди.
Бунинг натижасида Ўзбекистон билан Европа мамлакатлари ўртасидаги парвозлар 2019 йилга солиштирганда 105.9%, 2022 йил январига нисбатан 36% кўпайди, дейилади Eurocontrol маълумотларида.
Қозоғистон авиация расмийларига кўра, охирги бир йилда йўловчилар сони 16,5 фоиз кўпайди, Қозоғистоннинг Air Astana авиа компанияси 2022 йил фаолият бошлаганидан кейинги энг даромадли йил бўлганини эълон қилди.
Солиқ тўловларидан кейин ўтган йили Air Astanaнинг фойдаси $78,4 миллионни ташкил этган.
Ўзбекистон расмийлари Silk Avia ва Air Samarkand деб номланган янги авиа компаниялар фаолиятини йўлга қўйишга ёрдамлашдилар, бу билан кўпайган парвозлардан манфаат кўришга умид қилмоқдалар, дейилади Рейтер хабарида.
Россия босқинидан кейин Ғарб авиа компаниялари Россияга ва Россия осмонидан парвозларини тўхтатдилар, Россия авиа компанияларининг айрим Европа мамлакатларига парвозлари тақиқланди.
Хорижда ҳордиқ чиқаришни хоҳлайдиган россияликларга хизмат кўрсатишга маҳаллий авиа компаниялар қийналиб қолишди.
Аэрофлот Европа пойтахтларини Осиё мамлакатларини Москва орқали боғлайдиган асосий транзит йўналиши марказига айланишга ҳаракат қилиб келаётган эди.
2010 йиллардан буён Таиланд, Хитой ва Японияга борадиган сайёҳлар учун Аэрофлот, Британиянинг British Airways, Германиянинг Lufthansa, Туркиянинг Turkish Airlines ва Бирлашган Араб амирликларининг Emirates авиа ширкатлари билан рақобатлашиб келарди.
Аэрофлот 2016 йили Европа-Осиё йўналишида 3,6 миллион йўловчини ташиган ва бу рақамни янада кўпайтириш режасида эди.
Бугун эса бу режалар у ёқда турсин, одатий фаолиятини амалга оширишда мушкулликка дуч келиб қолган.
"Россия авиа компаниялари эҳтиёт қисмлар етишмаслиги оқибатида жуда чекланиб қолдилар, шунинг учун ҳам самолётларни зарур стандартларда ушлаб туролмайдилар", дейди Aviation
Strategy ширкати таҳлилчиси Жеймс Халстед.
Ва минтақа Хитойга ва Хитойдан парвозлар Ковиддан олдинги 2019 йил даражасига чиқишида умид қилмоқда, дейилади мақолада.
Аэропортлар билан маълумотларни ўрганадиган ACI Europe рақамларига кўра, 2022 йилдан буён Осиё ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги парвозлар сони кўпайган, бироқ Ковид тарқалишидан олдинги 2019 йилга солиштирганда 20 фоиз кам.
Украина уруши Марказий Осиё туризми учун ҳам янги имкониятларни пайдо қилди, Европа мамлакатларига саёҳат қилишдан маҳрум бўлган россияликлар Марказий Осиё мамлакатларини танлашларига тўғри келди.
Россиядаги ATOR ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган йил 23 миллион россиялик дунёнинг 142 мамлакатига саёҳат қилганлар.
Ҳамон россияликлар учун асосий туризм макони Туркия бўлиб қолмоқда, ўтган йили у ерга 5,2 миллион россиялик борган, бу 2019 йилга солиштирганда 25 фоиз кам.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














