You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Туркия зилзиласи ва Ўзбеклар: Ўнлаб янги қабр, ‘Аёлим, болаларим кетибди’, ‘Бир ўзим уч кишининг жанозасини ўқидим’, ‘Аллоҳ қолган ўзбеклардан рози бўлсин’ ва маршал Дўстум ҳам қизию ўғилларини юборди
Даҳшатли зилзиладан вайрон бўлган Ўзбеклар қишлоғида бугун нима гап?
Би-би-си Ўзбек хизмати Овакент қишлоғидаги вазиятга яқиндан назар ташлаш, қишлоқдагиларнинг ҳол-аҳволларини ўрганишга муваффақ бўлди.
Алоқадор мавзулар:
- Туркия: Худо ҳеч кимга кўрсатмасин, жуда қўрқинчли - Би-би-си Ўзбек хизмати зилзила сатҳидаги ўзбекистонлик билан гаплашди
- Туркия: Вайроналар остидан 3 ўзбекистонлик қутқарилди, ўзбеклар кафан сўрашмоқда
- Туркия: Зилзила янги қурилган уйларни нега тутдек тўкди?
- Туркия зилзиласи: жасадлар кўчаларда ётар экан, одамларнинг ёрдам келмаётганидан норозилиги ортмоқда
Овакент Туркиянинг 6 февраль кунги устма-уст қақшатқич зилзилалардан қаттиқ жабр кўрган ўнта вилоятидан биттаси бўлган Ҳатайда жойлашган.
Ҳатайда 10 мингдан зиёд этник ўзбеклар яшаши айтилади.
Зилзила пайтида аёли ва болалари Овакентда бўлган бир суҳбатдошимизнинг айтишича, уларнинг ҳеч бири омон қолмаган.
Ўзи эса, ўша пайтда бошқа жойда ишда бўлган.
"Яқинларимиз шундай офат бўлганлигини айтишди. Лекин ҳаммаси яхши, сен хавотир бўлмагин, лекин келсанг яхши бўларди. Сенинг болаларинг оёғига ҳам тош, бир нарсалар келиб тушган, ҳозир касалхонада дейишди...".
"Одам барибир хавотирга тушади. Бир амаллаб етиб бордик. Аммо ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Аёлим, болаларим кетибди. Аллоҳнинг ўзи бизни жуда бир оғир синовдан ўтказаяпти. Ўзи бизга куч берсин. Йўлидан адаштирмасин. Ҳаммамизга ўзи сабр берсин. Йўлда ҳам қараб кетдим, аҳвол жуда ёмон", - деркан, у киши, "ортиқ гапиролмаслиги"ни айтади.
Туркия: Зилзила балоси Ўзбеклар қишлоғини нима қилди?
Бу гал Туркия жануби ва жануби-шарқини ўз забтига олган қақшатқич зилзила ўн минглаб одамни ўлдирган, яна ўн минглабини яралаган, ўн минглаб турар-жой ва биноларни ҳам вайрон қилган.
Ўзбеклар қишлоғида ҳам соғ қолган уй ва иншоотларнинг сони бармоқ билан санарли.
Омон қолганларининг ҳам пастки қаватлари ер билан бир текис бўлиб қолган.
У ердаги бошқа бир суҳбатдошимизнинг айтишича, ўзи ва яқинларига ҳеч бир зиён етмаган, оила аъзоларининг барчасини соғ-омон ташқарига олиб чиқишга муваффақ бўлган.
Аммо оиласи олти жондан иборат яқинларидан ҳеч ким омон қолган, эр-хотин, уч қиз ва бир ўғилнинг барчаси вафот этган.
"Ҳаммасининг жасадларини вайроналар остидан чиқариб, дафн этдик", - дейди у киши.
Қишлоқдагилардан яна бирининг бизга айтишича, маҳаллий қабристонда қатор, қатор янги қабрлар пайдо бўлган, биргина ўзи "саксонга яқин янги қабрни санаган".
"Бир ўзи бир ўқишда уч кишининг жанозасини ўқиган".
Маълум бўлишича, ҳали-ҳануз вайроналар остида қолаётганлар бор ва қутқарув-қидирув ишлари ҳозир ҳам давом этаётир.
Ҳатайнинг Овакент қишлоғида қутқарув-қидирув ишларини олиб бораётганлар орасида икки юзга яқин ўзбекистонлик қутқарувчилар ҳам бор.
Ўзбекистон у ерга биринчилардан бўлиб ўзининг ёрдами, қутқарув гуруҳлари ва техникасини юборган.
Улар қарийб бир ҳафтанинг ичида ўндан ортиқ одамни тирик қутқариб олишган, яна ўнлабининг жасадини олиб чиқишга муваффақ бўлишган.
Ҳозир Овакентда бўлган яна бир суҳбатдошимизнинг айтишича, вайроналар остида қолган тўрт нафар жиянини қутқаришда ҳам ўзларига ўзбекистонлик қутқарувчилар кўмак қилишган.
Зилзилада опаси, поччаси ва иккита жияни вафот этган.
Суҳбатдошимизга кўра, ҳозир вайроналар остида ҳеч ким қолмаган, қурбон бўлган яқинлари барчасининг жасади чиқариб олинган ва тупроққа қўйилган.
"Ўзбекистон, Туркиянинг ўзидан - Урфа, Истанбул, Анқарадан миллатдошларимиз етишишди. Ёрдам беришди. Мушкулимизни осон қилишди. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Бу кунларда бизга кўп дастак бўлишди", - дейди у.
Унинг айтишича, ҳалиям ташқарида туришибди, омон қолганларни эса, Туркиянинг зилзиладан жабр кўрмаган бошқа вилоятларидаги ўзбекларнинг уйларига юборишмоқда.
"Чунки бу ерда ҳозир ҳожат чиқариш, ювиниш имконияти йўқ", - дейди суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича, омон қолган жиянларини энди ўзининг қарамоғига олади, опасининг вайрон бўлган уйини қайта тиклашга ҳаракат қилади.
Шу кунларда Туркиядаги ўзбеклар ва туркманларнинг қатор нодавлат хайрия ташкилотлари ҳам қишлоққа ўз вакиллари ва ёрдамларини юборишган, бир миллион лира кўмак ажратишган.
Туркияда тадбиркорлик қилувчи афғон тожирлари ҳам олти минг доллар ёрдам қилишган.
Афғонистонда Толибон қудратга қайтганидан буён Туркиядан бошпана топиб турган маршал Дўстум ҳам куни-кеча қишлоққа ўзининг тўнғич қизи ва икки ўғлини юборган, қишлоқдаги жабрдийдалар учун 15 минг АҚШ доллари берган.
Имконли бўлган видеотасвирлардан англашилишича, унинг тўнғич қизи Роҳила Дўстум ўзбекистонликлар у ерда барпо этган дала госпиталига ҳам борган, вазият билан танишган.
У ўз сафари давомида қишлоқдаги жабрдийдалар билан учрашиб, ўзларининг ҳар қандай кўмакка шайликлари, фақат нима кераклигини аниқ айтишса, кифоя эканлигини билдирган.
Ўғли Ботирнинг айтишича, отаси (маршал Дўстум - таҳр.) "юз берган офатдан қайғуда ва у ердагиларнинг тақдиридан ташвишда".
"Отаси ҳам бу ерга келмоқчи, ўзлари эса, сабрлари чидамай, эртароқ йўлга чиқишган".
Бугун, 13 февраль куни эса, Афғонистоннинг Қизил Ярим Ой ташкилоти Туркияга ёрдам билан чиққан, элчисига $50 минг АҚШ доллари топширган.
Бу - Туркия тарихидаги энг кучли зилзилалардан бири бўлган, бунақаси сўнгги 80 йил ичида кузатилмаган.
Туркиянинг бу минтақаларида ҳозир қаттиқ совуқ экани боис, фавқулодда инсонпарвалик кўмагига эҳтиёж катта экани, бусиз уларнинг ҳаётлари ҳам жиддий хавф остидаги қолишига оид хавотирлар бор.
Худди шу манзарада Ўзбекистон Туркияга ўзининг инсонпарварлик ёрдамини кучайтирган, устма-уст кўмак юбораётган давлат бўлади.
Шу кунларда ўзбекистонлик ошпазларни ҳам ўз ичига олувчи бир гуруҳ кўнгиллилар гуруҳи Туркиянинг зилзиладан жарб кўрган ҳудудларида одамларга кунига икки маҳал иссиқ овқат тарқатишни ҳам бошлашган.
Худди шу соатларда эса, Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси уларнинг чодирига келиб, қилаётган ишлари учун уларга шахсан миннатдорчилик билдиргани акс этган видеотасвирлар ҳам қўлма-қўл бўлиб кетган.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek