You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон газ транспорт тизимини Россияга бериб қўядими? Вазирлик жавоб берди Yangiliklar
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россиянинг "Газпром" ширкати билан газ соҳасида имзоланган "Йўл харитасига" изоҳ берди.
Вазирликка кўра, "Газпром" билан ўтказилган музокараларда Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинган.
Хабарда айтилишича, имзоланган "Йўл харита"сига мувофиқ томонлар ўртасида тузилган Ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи «Ўрта Осиё - Марказ» газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ўрганишни келишиб олган.
Вазирлик техник жиҳатдан барча ишларни якунлагандан сўнг, табиий газни етказиб бериш бўйича асосий шартлар муҳокама қилинишини билдирган.
Энергетика вазирлиги Ўзбекистон газ тизимини бошқа бировга топшириб қўймаслигини алоҳида таъкидлаган.
"Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда «Йўл харитаси»да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизими кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ", дейилади баёнотда.
Вазирлик бундан буён бу йўналишдаги барча ишларни Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга ошириб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб боришини билдирган.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг «Газпром» компанияси раҳбари Алексей Миллер 24 январ куни газ соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни имзолагани ҳақида жамоатчилик "Газпром" ширкати орқали хабар топди.
Россия ширкати бу каби келишувни бир ҳафта олдин Қозоғистон билан ҳам имзолаганди.
"Йўл харитаси" тафсилотлари очиқланмагани жамоатчиликнинг хавотири ва норозилига сабаб бўлди.
Бу энергетика тизими мустақиллигига таҳдид деб қаралаётган ва Путин томонидан ўртага ташланган "Газ иттифоқи" лойиҳаси томон қадам сифатида талқин қилинди.
Олий мажлиснинг собиқ депутати Расул Кушербаев келишув тафсилотлари очиқланиши шартлигини айтди.
"Газпром билан келишувнинг барча тафсилотлари очиқланиши шарт! Халқ шунга қараб бахо беради: мамлакатни, суверенитетни сотишдими йўқми? Очиқланмаган тақдирда бу тўғридан-тўғри халқга қилинган яширин хоинлик, деб хулоса қилишга олиб келади", дейди у.
"Газпром билан келишувнинг барча тафсилотлари очиқланмаяптими, демак бу ерда Бизга қарши нимадир бор. Хамма шартлар очиқланиши керак, акс холда хар хил фикрлар келаверади", деб ёзди @arzikulov.
"Юксалиш" ҳаракати умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Энергетика вазирлиги мазкур "Йўл харитаси"нинг умумий мазмуни ҳақида жамоатчиликка хабар бериши лозим эканлигини ёзди.
"Шу билан биргаликда, ҳуқуқий жиҳатдан, "Йўл харитаси" томонларга ҳеч қандай мажбурият юклаймайди, ҳуқуқий оқибат туғдирмайди. Томонларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларини мувофиқлаштиришга хизмат қиладиган ҳужжат тури ҳисобланади", дейди Бобур Бекмуродов.
Олдинроқ "Gazeta.uz" "уч томонлама иттифоқ" бўйича музокаралар доирасида Россия Россияда ишлаб чиқарилган газни Қозоғистон орқали "Марказий Осиё - Марказ" қувури орқали етказиб беришни таклиф қилгани ҳақида хабар берганди.
"Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича «Газпром» тасарруфига ўтказиш эди. Бундай талаблар ушбу шартларга рози бўлмаган «Qazaqgaz» миллий компаниясига ҳам қўйилган", дейилади хабарда.
Нашр манбаларига таяниб, Россия томони илгари сурган иккинчи шарт - Ўзбекистоннинг Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқидан воз кечиш бўлган.
"Яъни, "Газпром" Ўзбекистоннинг UzGasTrade компанияси ўрнига шартнома тарафи бўлишни таклиф қилган".
Gazeta.uz нинг ёзишича, декабрь ойидаги икки томонлама музокаралар натижасида Россия томони қўйган шартлар олиб ташланган.
Журналист Шуҳрат Латипов "Йўл харитаси" тафсилотлари очиқланиши шартлигини ёзган.
"Умид қиламанки, бу Ўзбекистон имзолаган кўплаб меморандумлар сингари қоғоздаги "йўл харитаси" бўлиб қолади. Агар бунга қадар номақбул сиёсий қарорлар туфайли миллиардлаб зарарлар кўрилган бўлса, эндиликда "Газпром" Ўзбекистоннинг газ транспорти тизимини бошқарувга олса, унда мамлакатнинг энергетик мустақиллигини, умуман, давлат суверенитети хавф остида бўлиши мумкин", дейди у.
Журналист ҳукумат нотўғри қарорлар қабул қилишдан тийиб туриш учун сиёсий институтлар ва мухолифат кераклигини таъкидлаган.
"Айни дамда Ўзбекистонда ижро ҳокимиятини нотўғри қарорлар қабул қилишдан тўхтатиб туриш учун нормал фаолият юритувчи сиёсий институтлар, мустақил парламент ва суд, мухолифат етишмаяпти", дейди Шуҳрат Латипов.
Фаол Мубашшир Аҳмад ҳар қандай бошқа муаммони бир четга қўйиб, ҳамма диққат эътиборини Россия билан муносабатлар жараёнига қаратиш шартлигини ёзган.
"Ҳукумат бизники, бизнинг қоракўзларимиздан ташкил топган. У қандай қадам ташлаётганини она халқига билдириши керак. Агар тўғри йўлда бўлса, қўллаймиз ва бошга кўтарамиз. Агар қийин вазиятда қолган бўлса, бизга ишонсин, ҳимоя қиламиз, сабримиз ва кучимиз билан вазиятдан чиқишига кўмаклашамиз. Илло ютуқ ё дардини халқи билан бўлишсин! Миллатини қалтис вазиятга қўймасин!" дейди у.
Журналист Илёс Сафаров Энергетика вазирлиги халқ ишончини қайтариши учун ҳар қандай имзоланган шартнома шартлаини очиқ иловада қўйиш кераклигини айтади.
"Руслар «уч томонлама» газ иттифоқи тузилгани ҳақида ёзмоқда. Жин урсин, ухладик шекилли. Биламан, Энергетика вазирлиги тез орада бу каби маълумотларни инкор қилиб чиқади. Бу иттифоқ эмас, шунчаки «йўл харитаси», дейди. Лекин кўриниб турган ҳақиқат шуки, руслар ва қозоқлар буни иттифоқ дея атамоқда. Энергетика вазирлиги эндиликда халқ ишончини қайтариш учун ҳар қандай маълумотига имзоланган шартнома шартларини очиқ илова сифатида қўшиши шарт. Бусиз ҳукумат халқ розилигисиз Россия билан иттифоққа кирди дея тушунаверамиз", деб ёзади журналист.
Қозоғистоннинг ratel.kz нашри Россия билан газ келишувларини тузишдан олдин Қозоғистон Ўзбекистоннинг хатоларидан сабоқ олиши кераклигини ёзиб чиқди.
"Тахминан 40 йиллар олдин бутун собиқ Совет иттифоқини, биринчи навбатда Россия ва Қозоғистонни газ билан таъминлаган Ўзбекистон бугун газ очарчилигига дучор бўлди. Бу ҳукуматнинг мустақиллик йилларида узоқни кўзламай олиб борган газ сиёсати натижасидир", дейди таҳлилчи Олег Червинский.
Путин барибир "Газ иттифоқи"ни қурадими?
Путин илк бор Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи ҳақида Президент Тоқаевнинг ўтган йилнинг 28 ноябрида Москвага қилган ташрифи давомида айтган.
"Бу Россиянинг Европа Иттифоқининг Россия энергетикасига боғлиқлигини кескин кесишга олиб келган Украина босқинидан кейинги Москва стратегияси ўзгариши", деб ёзди "Рейтер" агентлиги.
Бироқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Ўзбекистон ҳозирча ҳеч қандай таклиф олмаганини айтиб чиқди.
"Россия билан газ келишуви бўлган тақдирда ҳам бу иттифоқни англатмайди", деб айтган Ўзбекистон энергетика вазири.
"Москва ва Тошкент Россия газини қўшни Қозоғистон орқали етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда, бироқ "бу техник шартнома бўлади" ва "иттифоқ дегани эмас", деган Мирзамаҳмудов.
2022 йилнинг декабр ойида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Олий кенгашининг Бишкекдаги саммитига келган Путин газ иттифоқи ҳақида сўралган саволга жавоб берган.
"Айтганча, ҳаммаси тайёр. Ҳамкорликдаги бу ишни барча хоҳлайди ва улар ҳатто қўшма сармояларга ҳам тайёр. Бу яхши, катта, жуда истиқболли иш - келажак учун яхши истиқболга эга. Биз ишлаймиз", - деган Путин.
Россия давлат раҳбарига кўра, "бу иш аллақачон бошланган. Бош вазир муовинлари даражасида иш олиб борилмоқда".
Россия президентининг баён қилишича, у "яхши асосга эга ва натижаси ҳам яхши бўлишига ишончи комил".
"Энди, менимча, Қозоғистондан ҳамкасблар келаяпти. Ўзбекистондан яқинда бўлиб қайтишган. (Алексей -таҳр.) Миллер ҳам у ерга боради", - деб айтган Владимир Путин.
Аммо, шундай деркан, Россия президенти "Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқини яратиш масаласи ўзаро келишув ва муросали қарорларни талаб қилиши"ни ҳам эътироф этган.
Унинг сўзларига кўра, ўзаро келишиш, ишлаб чиқиш, баҳамжиҳат қарор қабул қилишни тақазо этувчи масалалар жуда кўп.
"Уларни албатта топиш мумкин. Яъни, бу маънода қандайдир энергетик иттифоқ бўлиши мумкин", - дея таъкидлаган Россия президенти.
Россия президентининг қайд этишича, бу мамлакатларнинг ўз истеъмоли ҳам ўсиб бормоқда, яна экспорт мажбуриятлари ҳам бор.
"Икки давлат президентлари эса олдинга қараб, келгуси йилларда қанчалар (газ -таҳр.) керак бўлишини ўйлаб кўришади ва уларга қўшимча ҳажм ва ресурслар лозим бўлади, деган хулосага келишади".
"Бу бизни соатни қайта текшириш, ҳаммаси қандай ишлашини ва қўшимча яна нима қилишимиз мумкинлигини кўришимизга мажбур қилади. Биз қила оламизми ёки йўқми? Ҳа, биз қила оламиз", - дея баён қилган Путин.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek