You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Видео: Россия Европага нисбатан газ уруши очдими? Украина, уруш ва тинчлик
- Author, Марк Лобел
- Role, Би-би-си
- Ўқилиш вақти: 2 дақ
Европа Иттифоқи Энергетика вазирлари Россияга газига қарамликни қисқартириш борасида фавқулодда йиғилиш ўтказди. Москва таъминотни яна қисқартириши мумкинлигини айтганидан сўнг бу масала янада долзарб мавзуга айланган. Европа Иттифоқи хавотирга тушаркан, Украина Президенти Володимир Зеленский Россияни газ уруши очганликда айблади.
Ўтган ҳафта Европа комиссияси иттифоққа аъзо давлатлар август ойидан бошлаб газ истеъмолини кўнгилли равишда 15 фоизга қисқартириш таклифини берганди.
Бироқ ушбу таклиф айрим давлатларнинг норозилигига сабаб бўлган. Шунга қарамасдан вазият кескинлашса ушбу таклиф мажбуриятга айланиши мумкин.
Россиянинг йирик Газпром ширкати Европага оқувчи қувурлардаги газ ҳажмининг икки баробар камайиб кетишида таъмирлаш ишларини сабаб қилмоқда. Германия ҳукумати эса газ таъминотини чеклашда техник сабаб баҳона бўлолмаслигини айтмоқда.
Украина Президенти Зеленский Россияни Европага қарши очиқ газ уруши олиб боришда айблади.
"Европани ой сайин ёмонлашаётган газ билан шантаж қилиш террористик давлатга ҳар бир европаликнинг ҳаётини қийинлаштириш учун керак. Ва буни Европа Иттифоқининг 8-санкцияси еттинчисига қараганда янада қаттиқроқ бўлишида фойдаланиш керак", дейди Украина президенти.
Москва эса ишончли энергия ҳамкори эканлигини таъкидлайди ва нархларнинг кескин ошиб кетишига олиб келган Европага газ таъминоти узилишида Ғарб санкцияларини айблайди. Нима бўлганда ҳам газнинг камайиши Европа Иттифоқи давлатлари учун уни қишга ғамлашда муаммо туғдиради.
"Европа - АҚШ, Норвегия, Озарбайжон ва Жазоирдан қўшимча газ оляпти. Бироқ уларнинг ҳаммаси қўшилган тақдирда ҳам йўқотилган газнинг ўрнини тўлдиролмайди. Шунинг учун ҳам қандайдир кескин чоралар кўришимиз керак", дейди Халқаро Энергетика агентлиги директори Фатиҳ Бирол.
Натижада Европа Иттифоқи давлатларни газ истеъмолини келгуси 7 ой давомида 15 фоизгача қисқартиришга чақирди. Ҳозирча кўнгилли бўлган мақсад кейинчалик мажбуриятга айланиши мумкин, чунки Россия Европа Иттифоқига газни тўлиқ узиб қўйиш эҳтимоли юқори.
Иттифоқга аъзо айрим давлатлар қаршилик қилаётган бир манзарада энергетика вазирлари Брюсселда учрашиб, режалар бўйича келишиб олишга ҳаркат қилди. Энергияни тежаш чоралари айрим оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
"Биз дўконларимизни ёпишимиз мумкин. Айримларини маълум вақтга, масалан, ярим соатга ёпиш мумкин. Барча чораларни кўряпмиз. Иккиланмаслигимиз керак, чунки мамлакатимиз учун курашяпмиз", дейди Франциянинг E.Leclerc савдо ширкати раҳбари Мишел-Эдеуард Леклерк
Европа Иттифоқи давлатлари бугунга келиб газ истеъмолини атига 5 фоизга қисқартирди. Шунга қарамасдан кўпчилик муҳокамаси кетаётган 15 фоизлик тежашдан истисно бўлишни истайди.
Европада энергетика инқирози кучаяркан, Германия каби давлатлар кўмир электр станцияларини қайта тиклаш ва келаётган танқисликни олдини олиш учун сиқилган газ омборларини қуришни таклиф қилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek