Ўзбекистон, таҳлил: Сиёсий ислоҳотларсиз инқирозлар бундан ҳам кўпаядими? - Видео O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Президент Мирзиёев ва собиқ Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Сурат манбаси, PREZIDENT MATBUOT XIZMATI

Ўқилиш вақти: 2 дақ

2022 йил январида бутун Ўзбекистон блекаутга дуч келди, 2023 йил январида эса яқин йилларда кузатилмаган энергетик инқироз рўй берди.

Ҳали 2016 йил кузида президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон энергетика соҳасининг қандай аҳволда эканини тасвирлаб берган ва вазиятни ўнглашга ваъда берганди.

Ҳозирга келиб эса бутун бошли янги турар-жой мавзеълари электр таъминоти қувватлари оширилмасдан, эски канализация тизимига уланибгина барпо этилгани ошкор бўлди, бу мамлакат энергетика инқирозини янада кучайтирган, холос.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва бошқа масъулларнинг лавозимларидан четлатилишини аксар ўзбекистонликлар муаммоларнинг ечими деб кўрмаяптилар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ушбу мавзуда Би-би-си Ўзбек хизмати ўз фикрларини билдиришни илтимос қилган сиёсий шарҳловчилар Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар қилинмас экан, давлат ва жамият ҳаётида инқирозлар кўпаяди, деб ҳисоблайдилар.

Сўнгги энергетик инқироз аввалги йиллардагига қараганда ҳам кучлироқ Тошкент шаҳрида кузатилди, бунда шаҳарнинг Бош режасиз пала-партиш кўп қаватли уйлар қуришга рухсат берилгани асосий сабаблардан бири бўлди.

Тошкент шаҳрининг Бош режаси бир неча йиллардан буён муҳокама этиб келинаётганига қарамасдан, шу вақтгача ҳам қабул қилинмади.

"Лекин Тошкентда бўлаётган шунча ишлардан нега ҳукуматнинг хабари бўлмаганини тушунтириш қийин. Бунга рози бўлиш ва ҳукумат ҳамда Мирзиёев шаҳарда юз бераётган воқеалардан хабари бўлмаган деган фактни қабул қилиш мушкул", дейди сиёсий шарҳловчи Алишер Илҳомов.

"Шак-шубҳасиз, масъулиятнинг аксар қисми учун Ортиқхўжаев масъул, у кўп нарсада айбдор. Лекин юзага келган вазият учун ягона жавобгар у эмас. Савол шуки, нега энергетика вазири ўринбосари ва яна бир икки идора-ташкилот раҳбаридан ташқари бошқалар жавобгарликдан четда қолишлари керак? Биз шахсан президентнинг ўзининг оғзидан ҳам ўз-ўзини танқидни эшитмадик. У ўзининг ҳам айби борлигини тан олиши керак ва шунга яраша чора кўрилиши лозим", дейди Алишер Илҳомов.

Илҳомов фикрича, бугун Ўзбекистон ҳукумати "нега шундай бўлди?" деган саволни таҳлил қилиб хулоса чиқараётгани йўқ.

"Бу дегани, бундай коллапслар, бундай инқирозларнинг рўй бериш эҳтимоли келажакда ҳам сақланиб қолади, боиси, биз бу ҳодисаларнинг холис, шаффоф, жамоатчиликка очиқ таҳлилларига асосланган қатъий хулоса, қарорларни кўраётганимиз йўқ", деди Алишер Илҳомов.

Мустақил журналист Бобомурод Абдулла фикрича, Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев "ёзда қишда ейиш учун асраб олиб қўйилган бодрингга айлантирилди", боиси, энергетика инқирозининг асосий сабаби, Ўзбекистоннинг табиий гази ихтиёри Россияда эканида.

Мухолиф сиёсатчи Жаҳонгир Муҳаммад ҳам жорий энергетик инқироз Ўзбекистонга Россия билан табиий газ борасида имзоланган шартномаларни қайта кўриб чиқишга туртки бериши керак, деб ҳисоблайди.

Сиёсий таҳлилчилар Ўзбекистон ҳукумати бугун ҳам шаффоф эмаслиги, халқ ва жамоатчиликка ҳисобдорлик йўқлиги сабабли иқтисодий, ижтимоий муаммолар келиб чиқаётганини айтадилар, сиёсий ислоҳотлар муҳимлигини таъкидлайдилар.

Айни пайтда Президент Мирзиёев "қўл билан бошқаришдан тизимли бошқариш"га ўтиш фурсати келганини айтар экан, айрим сиёсий таҳлилчилар энергетика инқирозига нисбатан кўрилаётган чораларда Президент Мирзиёевнинг ўз ҳокимиятини кучайтириш истагини ҳам кўраётгандек бўлмоқдалар.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek