Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев ишдан олган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкентдан чиқиб кетишга уриндими? Video O‘zbekiston Mirziyoyev Yangiliklar

president

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Шавкат Мирзиёев ишдан олгани маълум бўлиши ортидан, Тошкент шаҳар ҳокимининг Ўзбекистондан чиқиб кетишга урингани ҳақидаги хабарлар олинмоқда. Унинг фаолиятини ДХХ ўрганиши айтилганди.

Мирзиёев ДХХ ва Бош прокуратурага бугун, 16 январь куни лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш вазифасини топширганди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлари шу соатларда тарқатган хабарларга кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент халқаро аэропортида тўхтатиб қолинган.

Улар ўз хабарларида блогер Никита Макаренкога таянишган.

Блогернинг ўз манбаларига асосланган ҳолда ёзишича, собиқ ҳоким бугун эрталаб ўз оиласи билан шаҳардан чиқиб кетишга уринган. Лекин Давлат Хавфсизлик ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Аммо блогер Telegram каналида чоп этган хабарида ўзининг манбаларини очиқламаган.

Чиқиб кетишга уринган бўлса, нега ва айнан қаерга кетмоқчи экани тафсилотларига ҳам тўхталмаган.

Хабари сўнггида эса, блогер бу маълумотнинг расмий тасдиғини кутаётганликларини қўшимча қилган.

"Газета.uz" нинг ўз манбасига таяниб ёзишича, собиқ ҳоким ва унинг оиласи 16 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига учган Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY 271 рейсига рўйхатдан ўтган. Парвоз соат 7:40 да амалга оширилиши керак бўлган.

Аммо мазкур нашр ҳам ўз манбасининг ким эканига тўхталмаган, бунга ойдинлик киритмаган.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ҳозирча бу хусусда бирор бир расмий билдиришнома билан чиқмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати вазиятга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига ёзма мурожаат қилди.

Прокуратура матбуот хизмати бу ҳақда маълумотга эга эмасликларини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати айни мазмундаги хабарларни ҳозирча бирор бир мустақил манбадан тасдиқлашга имконли бўлганича йўқ ва мавзуни ўрганишда давом этмоқда.

Тошкентдаги йиғин

president

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев қиш мавсумига етарли даражада тайёргарлик кўрмагани учун 2018 йил декабридан буён Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан бўшатган.

Мамлакатнинг барча ҳудудларидаги инсонлар қаҳратон қиш синовини енгишга ҳаракат қилаётган, энергетика бўҳрони, ҳатто, пойтахтда ҳам жиддий сезилаётган бир пайтда - 16 январь куни кенгайтирилган йиғилиш ўтказган давлат раҳбари маҳаллий амалдорларни бугунги ҳолатга ҳозирлик кўрмаганликда кескин танқид қилган.

Алоқадор мавзулар:

"Кечаси штабда ишдан олдим"

Ортиқхўжаев билан бир қаторда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев, "Иссиқлик электр станциялари" АЖ раиси Фарҳод Абдураҳмонов ҳам ишдан олинган.

Президент Ортиқхўжаевни мавжуд вазият бўйича ёлғон "сводка" беришда айблаган.

"Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон "сводка" билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим", деган Мирзиёев.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, .

Аҳоли энерготаъминот, коммунал хизматлар сифатида жиддий эътироз билдираётганини тилга олган давлат раҳбари пойтахтда ўрнатилган чекловларни ҳам очиқлаган.

"Ҳозирги кунда пойтахтда кунлик 3 миллион киловаттлик чеклов ўрнатилгани, 6 мингга яқин улгуржи истеъмолчилар газ тармоғидан узилганига қарамасдан, 584 та маҳалладан 120 тасида электр ва газ таъминотида узилишлар бўлди".

Йиғилишда пойтахт ҳокими биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ва Чирчиқ шаҳри ҳокимларига "ҳайфсан" берилган, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев қатъий огоҳлантирилган.

Президент Зангиота, Шофиркон, Хўжайли каби йигирмадан ортиқ ҳудудлар раҳбарлари фаолиятига нисбатан ҳам жиддий эътироз билдириб, уларни "бир ой олдинги совуқ кунлардан ҳеч қандай хулоса чиқармаган"ликда айблаган.

president

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

"Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман", деган давлат раҳбари.

Мирзиёев бугунги кунда барча даражадаги раҳбарларнинг "энг катта вазифаси - электр ва газ тармоқларининг узлуксизлигини таъминлаб бериш" экани, аммо улар буни уддалай олмаётгани, юзага келган муаммоларга тизимсиз ишлаш, энергоресурсларни талон-тарож қилиш ҳамда коррупция ҳолатлари сабаб бўлаётганини таъкидлаб ўтган.

"Юртимизга 50 йил, Тошкент шаҳарда 80 йил олдин бўлган совуқ кириб келди. Мана шундай совуққа бутун тизимимиз тайёр эмаслигини ҳаммамиз яна бир яққол кўрдик. Ҳамма раҳбарлар ҳис қилиши керакки, энди бундай давом этиши мумкин эмас. Бу бизга сабоқ бўлди", сўзлаган президент.

Шу билан бирга пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилган.

Мирзиёев ДХХ ва Бош прокуратурага 16 январь куни лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортиш вазифасини топширган.

Бир вақтнинг ўзида президент вазиятни ўнглаш йўлида бош вазир Абдулла Арипов ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга бор имкониятларни ишга солиб, мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаб, муаммоли маҳаллаларда одамларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратишга кўрсатма берган ҳамда совуқ кунларда қарздорлик деб, хонадонларни электр ва газдан узилишига йўл қўйилмаслиги таъкидлаган.

"Ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-наво тартибга солиш, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарлари ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш вазифаси қўйилди", дейилади президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.

"Ҳаммасини ўчирамиз"

frost

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ишдан олинишидан тўрт кун аввал - 12 январь куни ижтимоий тармоқда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт туманлари ҳокимларига йўллаган аудиоси тарқалган.

Аудиода собиқ ҳоким шаҳарда газ босими кескин тушиши, энерготаъминот билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишидан огоҳлантиргани эшитилади.

"Мана шаҳар транспорти газдан соляркага ўтади. Кескин қисқартиришимиз керак бўлади. Бутун фабрика, заводлар эгаси ким бўлишидан қатъий назар, қандай одам бўлишидан қатъий назар ўчиришга мажбурмиз, токиниям, газиниям. Шаҳардаги махсус кўчадан ташқари, бошқа кўча ёритқич чироқларини ўчиришга мажбурмиз. Бугун ўчирамиз, жиддий қараймиз. Ҳаммасини максимал эконом қиламиз", деган Ортиқхўжаев.

Ўтган ҳафтанинг иккинчи ярмида ижтимоий тармоқлар бўйлаб пойтахтнинг айрим туманларида марказий иситиш тизими мутлақо ишламай қолгани, электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар давомийлиги бир суткадан ўтаётгани тўғрисида хабарлар тарқаган.

Одамлар қиров босган деразалар, музлаб қолган унитаз, алангаси деярли кўринмаётган газ ҳамда кўп қаватли уйлар ҳовлисида ўрнатилган ўчоқ суратларини улашганлар.

12 январь куни тарқаган аудиода бундай оғир вазият икки кун давом этишини билдирган Ортиқхўжаев газнинг кескин камайиб кетиши сабабини тилга олмаган.

14 январь куни эса маҳаллий матбуот Туркманистон 12 январдан Ўзбекистонга газ сотишни вақтинча тўхтатгани, лекин экспорт тез орада қайта тикланиши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Ҳозирга қадар бу хабарлар расман изоҳланмаган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов 12 декабрь куни Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашиб, қўшимча равишда кунига 20 млн куб метр газ олиш бўйича келишувга эришгани хабар қилинган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek