Россия, мигрантлар: Қўрқиб яшасак ҳам, кўп пул топаяпмиз - Ўзбекистон, Yangiliklar

Ўзбекистондаги ишсизлик ва иқтисодий қийинчиликлар туфайли мамлакат аҳолисининг каттагина қисми Россияга кетиб ишлашга, у ерда топган пулини ҳаражатларидан орттириб, оила боқишга мажбур. Расмий рақамларга кўра, 2 млн нафарга яқин ўзбекистонликлар Россияда меҳнат муҳожирлигида.

Ўзбекистонлик ишчи мигрантларнинг Россиядаги ўртача иш ҳақи 700 доллар атрофида. Муҳожирларнинг аксарияти бу пулни топиш учун асосан, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида дам олиш кунларисиз, кунига 12 соатлаб оғир шарт-шароитларда яшаб ишлашади.

2022 йил Россиядаги мигрантлар учун хавотирли ва шу билан бирга овунчли кечди. Ўтаётган йил давомида мигрантлар Россиянинг Украинага урушининг уларга бўладиган бевосита таъсирларидан хавотирланиб ва доллар курсининг пасайгани натижасида рублда оладиган маошларини долларда уйга икки баробар кўп қилиб юбораётганликларига овуниб ишлашди.

Россиянинг бугунги нотинч вазиятида ишлаб пул топиш уларга қанчалик таъсирини ўтказди? Янги йилда меҳнат муҳожирларини нималар кутаяпти?

Алоқадор мавзулар:

Ўлим хавфининг баҳоси

Марказий осиёлик мигрантлар кечаётган йилда Россия учун шунчалик «керакли» одамларга айланишдики, хатто уларга талаб ва эътибор пандемия даврида ҳам бу қадар кўринмаганди.

Феврал ойи охирида Россия Украинага босиб борди. Бу уруш ортидан мамлакат армияси учун кўнгилли аскарлар ҳам олина бошланди.

Шундай бир вазиятда Россия мигрантларга фақат ёлланма ишчигина эмас, ёлланма жангчи ҳам бўлиши мумкинлиги таклифини берди. Мигрантларнинг ўз ҳаётини хатарга қўйиши эвазига ойига 2-3 минг доллар ҳақ, қатор-қатор имтиёзлар, уй ва Россия фуқаролиги ваъда қилинди.

Йил давомида ҳуқуқ ҳимоячилари Марказий осиёликларнинг Украинадаги урушга ноқонуний, алдов ва турли йўллар билан жалб этилаётганидан бонг уришди. Ижтимоий тармоқларда Украинада асирга тушган ўзбекистонликлар видеолавҳаси ҳам тарқалди.

Ўзбекистон расмийлари барча ҳолатларда ўзбекистонлик мигрантларнинг ўзларини огоҳлантириш ва уруш майдонига бориб қолишган тақдирда ватанларида жиноий жавобгарликка тортилишларини таъкидлашлар билан чекланишди.

Қўрқиб кетаяпман, дебди

- Квартирамизда икки бола кетма-кет йўқолди. Москвадан бироз четда бўлганимиз учун кўпчилигимиз хужжатсиз (ноқонуний - таҳр.) юрамиз. Болаларнинг ҳам хужжатлари йўқ эди. Ишга кетганича қайтиб келишмади. Нарсалари уйда турибди, телефонлари ўчган. Суриштирсак, уларни кўчада полиция ушлаб олиб кетган экан ва шу билан ҳеч ким қайтиб кўрмаган, - гапириб берди Сафармурод исмли муҳожир.

Мигрантнинг айтишича, йўқолган болалар 18-20 ёшлар атрофида бўлган. Савдо марказида аравакаш бўлиб ишлаган бу мигрантлар рус тилини деярли билишмаган. Бирга яшайдиганлар уларни «спецприёмник»ка тушган, телефон қилиб қолади, деб ўйлашганини айтади.

- Аммо ота-оналари қаттиқ хавотирланишгани учун ҳамқишлоқлари билан излашга тушдик. Орадан 3 ойча ўтиб, бирининг Украинада деган дараги чиқди. Биз билан бирга яшаган ўртоғига смс ёзибди. Қандай бориб қолганини билмас экан, онаси қанд касали бўлгани учун ҳеч кимга айтма, деб тайинлабди. Қўрқиб кетаяпман, дебди. Иккинчиси эса ҳалиям бедарак, - дейди Сафармурод.

Мигрантга муносабат ўзгардими?

Россияда эълон қилинган оммавий сафарбарлик ортидан ишчи кучига бўлган талаб ҳам янада ортаётгани янграй бошлади.

Россия матбуотида Марказий осиёлик муҳожирларга қарши кайфиятли хабар ва мақолалар камайди.

Хукуматнинг қарашларини акс этадиган давлат нашрларида мигрантларга алоқадор салбий ахборотлар, одатда бўрттириладиган маълумотлар, алоҳида урғу бериладиган камситувчи иборали сарлавҳалар деярли кўринмай қолди.

Эҳтиёж боис, Россия мигрантларга муносабатини ўзгартирдими?

Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг бир нечалари билан суҳбатлашдик. Улар муҳожирликнинг оғир ҳаёти ўзгармаганини гапиришди. Суҳбатдошларимизнинг сўзлари мазмунини умумлаштирсак, Россияда Марказий осиёлик мигрант бўлиш - ҳуқуқсизлик, ирқчилик ва сабабсиз камситишларга рози бўлиш деганидир.

«Ҳақоратларга чидаб ишлайман»

- «Четдан қараганда Москвада ишлаяпсан: 800 доллар ойлик, ҳар ойда уйга тенг ярмини юбора олаяпсан. Чиройли жойларда расмга тушиб интернетга қўясан. Уйга видеоқўнғироқ қилганда кулиб очилиб гаплашасан, булар билан ҳаммаси зўрдек туюлади.

Аслида улар сени эркак-аёл аралаш 12 киши бир уйда яшашингни, эрталаб-кечқурун ванна-хожатхонага навбатга туришингни, ошхонада емак учун бошқа хонадошларингни чиқиб, стол бўшашини кутишингни билишмайди. Ҳар хил одам бўлган бу уйда пулинг йўқолмаслиги учун ойлик олишинг билан уйга юборишинг, қолгани бор картангни у ёқдан бу ёғингга яшириб юришинг ҳам осонмас», - ҳикоя қилади самарқандлик Марҳабо.

Уй хизматчиси бўлиб ишлаётган муҳожир аёл ишдаги шароити бундан ҳам оғирлигини айтади.

- Кекса, ётиб қолган касал кампирга қарайман. Эрталабдан кечгача дорилари ва овқатини пишириб бериш, жойи ва тагларини тозалаш, 68 килоли хотинни кўтариб аравачасига ўтказиб, тоза ҳавога айлантириб келиш, уйини тозалаш ҳам мени зиммамда. Хафтада бир кун дам берилади. Шу ишларни бажарганимга 750-800 доллар атрофида ойлик беришади, - дейди энага аёл.

Марҳабо ишининг қийин жиҳати жисмоний томони эмаслигини айтади.

- Йўқ. Бу иш тартиби кўпчилик бўлиб ишланадиган жойларда 12 соатлаб тик оёқда ишлашдан яхшироқ. Кампир жуда инжиқ, 90 дан ошгани учун хотираси анча кетиб қолган. Руҳий ҳолати ҳам яхши эмас. Овқат берсам еб устимга туфлаб ташлайди, энди алмаштирган тагликларимга атай чой ё ичимлик тўкади. Мени куракда турмайдиган гаплар билан ҳақоратлайди, сўкиб ҳайдайди. Ўғли онасининг феълини олдиндан айтиб ишга олгани учун, рози бўлиб индамай ишлайвераман. Аммо баъзида хўрликларим келиб кетади, ҳеч кимга билдирмай йиғлаб олган пайтларим кўп бўлади, - дейди Марҳабо.

Расмий рақамларга кўра, Россияда 500 мингга яқин ўзбекистонлик хотин-қизлар меҳнат муҳожирлигида. Уларнинг катта қисми хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади ва аксарияти вояга етмаган фарзандларини ватанида қолдириб тирикчилик учун пул топишга мажбур.

«Полиция эркакларни кўпроқ тўхтатади»

Россияда ўзбекистонлик эркакларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари аёл мигрантларникидан асло оз эмас.

- Эркак мигрант бўлиш - полициянинг асосли-асоссиз тўхтатиб, хужжатларингни текшириш, ҳаммаси жойида бўлишига қарамай, бўлинмага олиб кетиши, камчилик топиб ҳайдаш билан таҳдид қилиши, соатлаб нон-сувсиз маҳкамада тақдирингни кутиб ўтиришдир, - дейди фарғоналик Махмуд.

48 ёшли қурувчи нафақат кўча-куйда, балки иншоот ишчилари яшайдиган ётоқхонада ҳам полиция ходимлари билан тез-тез тўқнаш келишларини гапиради.

- Кимдир «сотиб» турадими, билмаймиз, 2-3 ойда бир ётоқхонамизга ойлик олган кунларимиз кечаси бирданига ОМОН ва полиция ёзувли кийимлари бор қуролланган гуруҳ бостириб киради. Уйғотиб, уриб тепиб ичкийимларимиз билан йўлакка ҳайдаб бир қатор қилиб териб қўйишади. Деворга қаратиб қўлларимизни кўтариб орқа турамиз. Бизга худди хавфли жиноятчидек муносабатда бўлишади. Хоналаримизни, жойимизгача исковуч итлар билан текширишади, сумкаларимизни титишади. Соатлаб тик тургазиб қўйиш, сўкишлар… Чидаймиз. Кетишганидан кейин сумкаларимиздан баъзи нарсалар, пуллар йўқолганини кўрамиз. Шуни билиб қолганимиз учун пулларимизни одатда картада сақлаймиз. Ойлик олишимиз билан телефонни ўзида дарров уйга жўнатамиз, - гапириб берди техник ишчи.

Махмуднинг айтишича, ҳар йилги ташвишларига бу йил янги ташвиш - кўнгилли аскарликка даъватлар қўшилган.

- Ҳа, очиқчасига таклиф қилишаяпти. Рейд баҳона келиб ҳам, кўчада тўхтатса ҳам, «Сахарова»га борсак ҳам (миграция маркази - таҳр) ҳамма жойда «Кўпроқ пул ишлашни истайсанми?, Россия паспортини олишни истайсанми?», деб гап бошлашади. Интернетда алдаб қўйдираётганларини кўргандим, шунга ҳеч нимага қўл қўймайдиган бўлдим. Ўзимизни эҳтиёт қилмасак, хушёр турмасак, булардан ҳамма нарсани кутса бўлади», деди мигрант.

Россия Марказий осиёлик муҳожирларни кўнгилли равишда ҳарбий хизматга ва Украинага жангда қатнашиш учун ёлланишларини ташкиллаштириш учун турли усулларни кўлламоқда. Шу манзарада Россиядаги турли диаспоралар вакиллари ва мигрантларга пулли хизматлар кўрсатувчи қатор ташкилотлар раҳбарлари ҳам бу борада фаол чиқишлар қилди.

Ноябр ойига келиб эса, Россия президенти Владимир Путин чет эл фуқароларини Россия армиясида ҳарбий хизматни ўташга рухсат берувчи фармонни имзолади.

Алоқадор мавзулар:

Одамлар ўзгарган

Ўтаётган йилнинг Россиядаги мигрантлар учун таҳликаларига қарамай, уларни қувонтирган, тўғрироғи овунтирган томонлари ҳам бўлди.

- 2 йилдан бери уйимни битиришим қийин бўлаётганди. Шукр, бунақа воқеалар бўлиб, бу йилга насиб қилди, - дейди деҳқон бозори ишчиси Абдураҳмон.

Муҳожирнинг айтишича, у ишлайдиган «Домодедово» метроси яқинидаги бозорчада одамлар олдингидек гавжум эмас, келиб-кетувчилар кайфиятсиз.

- Руслар ўзгариб қолди, жим, ташвишли. Гапга бой эмасман, айтиб беромайман, аммо қандайдир оғир муҳит ичидамиз. Олдингидек шовқинли бозор муҳити йўқ. Бизга бу муҳим эмас, ишимизни қилиб, пулимизни олсак, бўлди. Қолгани бизни қизиқтирмайди, - дейди у.

Абдураҳмон бозорда ишлаб топган пулидан уйга ойига 700 атрофида пул юбора олаётганини айтади.

«Олдинлари қўшимча ишлар билан зўрға 400 доллар юборардим», дейди у.

Биз суҳбатлашган бошқа муҳожирлар ҳам бу йил ёз-куз ойларида Россияда доллар курсининг пастлиги мигрантларга аввалгиларига нисбатан кўпроқ пул жамғариш имкониятини берганини айтишди.

Россиядан Ўзбекистонга юборилаётган пуллар ҳажми ошгани расмий маълумотларда ҳам қайд этилди. Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, жорий йилнинг январидан октябрига қадар мамлакатга 12,6 млрд долларлик пул ўтказмалари (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробарга кўп) кириб келган ва унинг йирик улуши Россияга тўғри келади.

Хужжат ва пул - нима бўлади?

Янги йил арафасида Россия мигрантлар билан боғлиқ янги режалар тузди. Россиянинг меҳнат муҳожирлари кўп бўлган ҳудудларида патент нархи ошди. Масалан, 2023 йилдан бошлаб Москва шаҳри ва Москва вилоятида ишлаётган мигрантлар патентга 5900 рубль ўрнига ойига 6600 рубл тўлашади.

Шунингдек, Россия янги йилдан бошлаб Миграция сиёсати концепциясини ўзгартиришни режалаган. Унда патентнинг бекор қилиниши, патент ўрнига микрочипли 10 йиллик ҳужжат берилиши ва квота тизимининг тикланиши ҳақида сўз борган.

Мазкур ўзгартиришлар концепцияга 2022 йил охиригача киритилиши эълон қилинганди. Йил охирлаб бораётганида муҳожирлар кутаётган бу яхши янгилик эмас, ўрнига уларни яна бироз кайфиятини тушурган воқелик юз берди: декабр ойининг иккинчи ярмидан бошлаб доллар курси яна йил бошидаги кўрсатгичига қайтди.

Йил бошида 75 рублга тенг бўлган 1 доллар март ойида 120 рублга чиқиб кетганди. Апрелда пасая бошлаб май ойида 56 рубга тушган, ёз ойларидан куз охиригача 60 рубл атрофида айланганди. Декабр ойига келиб, бу йил ҳисобига май ойидан буён илк марта 1 доллар 70 рублдан ошди.

Россия ҳукумати 2023-2025 йиллар даври учун тузилган 3 йиллик режаси прогнозига кўра, рублнинг кучсиз қадрсизланиши кутилмайди, доллар курси 68-72 рубл атрофида сақланиб қолади.

Россияда ишлашдан мақсади асосан пул топиш бўлган меҳнат муҳожирлари ёзги пасайиш яна қайтишига умид қилишларини айтишди.

- Патентга ойига 100 доллар тўласак, квартирага ётадиган жойимиз учун 100 доллар, регистрация бор, еб-ичишимиз керак. Доллар яна кўтарилса, уйга қанча юбора оламиз?, - дейди Махмуд.

Яна бир муҳожир Абдураҳмон эса, келгусида доллар курси янада ошган тақдирда ҳам, Россиядан барибир кета олмаслигини айтади:

- Ойига 200 доллар зўрға юборган пайтларим ҳам бўлди. Ўзимизда иш бўлганида, шу пулни ўзимизда ҳам топа олганимда бу совуқларда кўча тозалаб юрармидим?! Яна уруш пайтида, денг. Москва қачон олдинги тинч ишлайдиган даврига қайтади, билмаймиз. Уруш ҳали тугайдигандек ҳам кўринмаяпти. Майли, қўрқиб яшасак ҳам, Ўзбекистондагидан кўра кўп пул топаяпмиз, шукр дейман.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.