You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия, мигрантлар: Москвага ракета тушмагунча кетолмайман O'zbekiston Dunyo Yangiliklar
Россияга муҳожирликка чиқувчи ўзбекистонликлар бугун иккига бўлинган: қолганлар ва кетганлар.
Февраль охири, Россия Украинага уруш бошлаганидан сўнг муҳожирларнинг ватанга қайтишининг илк тўлқини кўринганди. Мамлакатдаги вазиятдан хавотирга тушган мигрантларнинг бир қисми икки-уч баробарга қимматлаган авиабилетларни сотиб олиб, Ўзбекистонга қайтганди. Аксар муҳожирлар эса, ишидан айрилмаслик учун Россияда қолиб вазиятнинг боришини кузатишга қарор қилди.
Муҳожирлар орасида иккинчи хавотир тўлқини - Путин Россия бўйлаб қисман сафарбарлик эълон қилгани юзага келди. Гарчи чет эл фуқаролари урушга жалб этилмаслиги расман айтилган бўлса-да, мамлакатнинг турли ҳудудларида гоҳ алдов, гоҳ босим, гоҳида эса "хатолик" туфайли муҳожирларни урушга жалб этишга уринишлар ҳақида хабарлар бўй кўрсата бошлади.
Россиядаги муҳожирларнинг яна бир қисми ватанга қайтишга қарор қилди.
Ўзбекистонга қайтганлар ва Россияда қолганларнинг айримларига бир неча саволлар билан мурожаат этдик (Суҳбатдошларимизнинг хавфсизлиги юзасидан исмлари ўзгартирилди). Уларнинг жавобларини иккига - Россияда қолганлар ва кетганларга бўлиб, эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
- Россияда нима иш қиласиз, қанча маош оласиз?
- Нима мақсадларда муҳожирликка чиққансиз ва қайсиларига ета олдингиз?
- Россиядаги нотинч вазият сизга қандай таъсир қилди?
- Ўзбекистонга қайтдингизми, (қайтган бўлсангиз ҳам, қайтмаган бўлсангиз ҳам), нега?
Алоқадор мавзулар:
- Россия: Мигрантлар учун "военкомат" Муҳожирлар урушга қандай ёлланади?
- Россия: Муҳожирлар қўрқуви нимадан? Қамоқдаги ўзбеклар урушга мажбурланаяптими? Мигрантлар нима қилсин? Ўзбекистон, янгиликлар
- Видео. Россия, сафарбарлик: Ўзбекистон фуқаролари ҳам урушга тортилиши мумкинми?
- Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?
Гулноза - Россияда:
1. Россияда 13 йилдан буён фаррош бўлиб ишлаб келаман.
2. Россияга чиқишимга сабаб, ишлаб уй олиш эди. Алҳамдулиллаҳ, хаммасига эришдим.
3. Россиядаги ҳозирги ҳолат умуман менга ва иш жойларимга ҳеч қандай таьсир қилмади. Тинч, хотиржам ишлаб юрибман. Агар ҳозирги вазиятга умумий олиб қарайдиган бўлсам, ўйлайманки, ҳамма учун ТИНЧЛИК бўлгани яхши.
4. Ўзбекистондан яқинда келганим сабабли, ҳали ишлаб юрибман. Насиб бўлса, келаси йил қайтмоқчиман. Бу ерда ишларим яхши. Энди бориб ҳеч кимнинг ёрдамисиз, мустақил бизнес бошламоқчиман.
Набижон - Ўзбекистонда:
1. Тижорат соҳасида ишлардим, даромадим ойига 2 минг доллардан зиёд эди.
2. Аввалига ўқиш учун боргандим, у ерда ҳаёт Ўзбекистондагидан яхши, бизнес қилиш ҳам осон эди. Шунинг учун қолдим.
3. Мен учун ўта хавотирли, чунки Россия фуқаросиман.
4. Бизга алоқаси бўлмаган, маъносиз урушда қатнашмаслик учун кетдим.
Баҳодир - Россияда:
1. Қурилиш соҳасида ишлайман. Мавсумда ойига 700 доллардан 800 гача оламиз, баъзи вақтларда 400-500 долларга ҳам тушиб қолади.
2. Янги иморат қураман деб ният қилгандим, Аллоҳга шукр, ниятимга етдим.
3. Ишимизга ёки ойлигимизга деярли таъсир қилмади, февраль-март ойларидаги рубль курсининг пасайиб кетишини ҳисобга олмаса.
Аммо ҳаловат йўқолган, на ишда, на уйқуда ҳаловат бор. Уруш тугади, тинчлик ўрнатилди, деган хабар энг орзиқиб кутаётган хабаримиз ҳозирда. Илоҳим, бутун дунёда тинчлик бўлсин. Урушдан доимо оддий халқ жабр кўришади.
4. Ҳали қайтмадим. Вазиятни кузатаяпман, аҳвол ўнгланмаса қайтмоқчиман. Кам топсак-да, бехавотир яшаганга келмас экан. Аввало тинчлик бўлсин экан, тинч, осуда юртимни аввалгидан-да яхши кўриб кетаяпман шу дамларда.
Нафиса - Ўзбекистонда:
1. Энага эдим, кекса кампирга қарардим. Ойлигим 50000 рубл (800 доллар атрофида) эди.
2. Ўзбекистондаги шароитларимни яхшилаш мақсадида кетгандим. Қисман эришдим: уй олдим, таъмирладим. Болаларни ўқитаяпман.
3. Ёмон таъсир қилди, хавотирлана бошладим.
4. Шу нотинчлик сабаб, Ўзбекистонга қайтдим. Кўрамиз, бу ёғи қандай бўларкин...
Раҳим - Россияда:
1. Уй таъмири, устачилик қиламан, ойига 80000 рубл (1300 доллар атрофида) пул топаман.
2. Оила боқиш учун келганман. Бош фарзандман, ҳам ота-она, ҳам ўз оилам таъминоти бўйнимда.
3. Мен ҳозирча ҳеч қандай хавф сезмадим. Хусусий иш бўлгани учунми, тинч ишлаб юрибмиз. Фақат иш, буюртмалар баъзан камайгандек бўлаяпти.
4. Уйга қайтмадим, ҳали ишлашим керак, битирмаган ишларим бор.
Шаҳло - Россияда:
1. Ошпазлик қиламан. Дам олиш кунисиз ишлайман, ойлигим 60 минг рубль (1000 доллар атрофида).
2. Мақсадим кўпроқ пул ишлаш. Қизимни узатишим, уйимни таъмирлашим керак. Уй олдим, лекин таьмирлаш учун ишимни давом этаяпман.
3. Нотинчлик шахсан менга ҳам катта таъсир қилди. Кафемизда хўрандалар анча камайди. Савдонинг фоизи ойлигимга қўшилиб бериларди. Табиийки, энди ойлигимиз кам чиқаяпти.
4. Ҳозирча кетганим йўқ. Илоҳим тинчлик бўлиб турсин деб ният қилиб турибмиз. Лекин "настрой"да турибман (Худо асрасину ҳеч гап бўлмасин). Ҳалигача кетмаганим - 10 йилдан бери фақат шу ишхонада ишлаб, ўрганиб қолдим.
Маҳмуд - Ўзбекистонда:
1. Хизмат кўрсатиш соҳаларинининг бирида эдим. Ойига 1000-1200 доллар атрофида пул чиқарди.
2. Ўзбекнинг доимий ташвишлари: уй-тўй, оила боқиш учун келгандим. Рўзғор яхшиланди, уй битди, аммо тўй қолди.
3. Мен уруш бошланмасидан сал олдин келдим, кўнглим сезибда-да, бунақа нотинчликлар бўлиб кетди.
4. Аслида патент муддати тугагани учун бир ойга келгандим. Ҳалигача кетмай кузатиб турибман. Тинчиб қолса, яна бориб ишлайман. Бу ерни пулига тирикчилик ўтиши қийин.
Омонбек - Россияда:
1. Саккиз йилдан бери Москвадаман. Ҳар 2-3 йилда 1-2 ойга бориб келаман. Ҳозирда, магазинда администратор ёрдамчиси бӯлиб ишлайман. 50 - 65 минг рубль (1000 доллар оралиғида) ойлик оламан.
2. Уч нафар ӯғил фарзанд бӯлганимиз учун, акаларимга алоҳида уй-жой қилишга моддий томондан ёрдам бераман, ӯзим учун ҳам пул жамлаб, кейин Ӯзбекистонга бориб университет ӯқийман деб келганман Россияга. Икки йил ишлаб юрдим. Русчам анча мукаммаллашди. Қарасам, шу ердаям ӯқисам бӯларкан. Ҳам ӯқиб, ҳам ишладим. 2 та диплом олдим. Бу орада икки акам ҳам уйли бӯлди. Оз бӯлсаям мени ҳам ҳиссам бор. Асосан, ӯзлари ҳаракат қилишди. Россиядан бадарға қилишса, уйга бориб қолсам деб, оддийроқ бӯлсаям Ӯзбекистонда енгил машина олиб қӯйдим.
3. Нотинчлик менга тӯғридан-тӯғри таъсир қилмади, шекилли. Нарх-наво кӯтарилгани учун, харажатлар кӯпайди ҳолос.
4. Россияда тил билсангиз, ӯзингизга пухта, меҳнаткаш, ҳалол бӯлсангиз хор бӯлмайсиз! Ӯз ишингизни билиб-билиб қилиб, фақат меҳнатингиздан миннатдор бӯлиб юраверасиз, гердайиб. Ойлигингиз ҳам яхши яшашга етади. Шулардан бирортаси етишмаса қийналасиз, менимча. Ӯзбекистонда эса, буларнинг ӯзи камлик қилади, Ойликлар бӯлса, минимал харажатларгаям етиб-етмайди.
Хуллас, Москвага ракета тушмагунча, уйга қайтишга асос йӯқ менда.
Акром - Россияда:
Россияда 2015 йилдан бери яшаб келаман (Ўзбекистонга бориб келган ҳолда). Электромонтажник бўлиб ишлайман. Ўртача 90 минг рубль (1400 доллар атрофида) ойлик оламан.
Россияга келишимдан мақсад - бошида ўқиш бўлган. Кейинчалик айрим сабабларга кўра, ўқишни ташлаб ишлашимга тўғри келди. Иккиламчи мақсадим эса, иқтисодий бўлган.
Россиядаги нотинч вазият иқтисодий томондан таъсир қилмади, лекин маънавий томонидан таъсир бўлди. Сабаби - эртанги кунни режа қила олмайсиз. Санкциялар қандай таъсир қилади, муҳожирларига нисбатан босим бўладими, ва қандай босимлар бўлиши мумкин, деб кўп ўйладим.
Ўзбекистонга бориб келдим. Уруш бошланган вақтда вазиятни прогноз қилиб бўлмас эди, шу сабабдан вазият стабиллашгунча уйга бориб кутиш вариантини танладим ва бориб яна қайтиб келдим.
Умид - Россияда, аммо Ўзбекистонга қайтаяпти:
1. Магазин юваман, ойлигим 33 минг рубль (тахминан 500 доллар).
2. Ўқимаганлигим учун Ўзбекистонда иш тополмадим. 6 та фарзандим бор, уларни боқиб турибман. Шукур, насибага яраша бераяпти.
3. Нотинчлик албатта, ёмон таъсирларга олиб келди. Эркак бўлганим учунми, ҳар қадамда ҳужжатимни текширишади. Кўнгилда хотиржамлик йўқолган. Эртага нима бўлар экан деб, хавфсираб қолдим.
4. 2 ноябр кунига билетим бор, Ўзбекистонга қайтаяпман. Фарзандларимни, онамни соғиндим. Тинчлик бўлиб турса, Россияга қайтиб ишлаш ниятим бор. Худо хоҳласа.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek