You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия: Мигрантлар учун «военкомат» Муҳожирлар урушга қандай ёлланади? Ўзбекистон O'zbekiston
- «Сахарова» мигрантлар учун военкоматга айланадими?
- Урушга борган муҳожирларга Россия паспортини 1 йилда олиш ваъда қилинмоқда
- Фуқаролик бериш ваъдаси - фуқаролик бериш кафолоти дегани эмас
- Муҳожирларни урушга ёллаш бошқа давлатларга хурматсизликми?
- Россиядаги муҳожирлар: "ватанига қайтиш вақти келди"
Москвадаги мигрантлар марказида ҳарбий комиссарлик очилади. Шартнома имзолаганлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишади.
Алоқадор мавзулар:
Москва ҳукумати «Сахарова» кўптармоқли миграция марказида ҳарбий рўйхатга олиш учун «военкомат» - ҳарбий комиссарликни ташкил этади. Чет эл фуқаролари Россия фуқаролигини соддалаштирилган схема бўйича олишни хоҳлашса, шартнома бўйича хизматга ёзилишлари мумкин.
Бу Давлат Думаси тегишли қонунни қабул қилгандан сўнг дарҳол эълон қилинди.
Аввалроқ ғарблик экспертлар Украинанинг қарши ҳужуми манзарасида Россия армияси кадрлар муаммосига дуч келаётганини таъкидлаган эди.
"Яқин вақт ичида Москва ҳукумати Россия Мудофаа вазирлигига хорижий фуқароларнинг Сахаровадаги ҳарбий хизматга киришини ташкил этишда ёрдам бериш учун тўлиқ инфратузилмани жойлаштиради", — деди Москва мэри Сергей Собянин ўзининг телеграмдаги расмий каналида.
Айнан шу куни тасдиқланган тузатишлар Россия қуролли кучларида хизмат қилиш учун бир йиллик шартнома имзолаган хорижликларнинг Россия фуқаролигини олишни осонлаштиради. Чет элликлар Россияда истиқомат ва рухсатномасисиз Россия фуқаролигини олишлари мумкин бўлади. ВНЖ ва РВП деб аталадиган бу хужжатлар авваллари Россияда 5 ва 3 йиллик яшаш ва ишлашдан сўнг берилар эди. Аммо ҳаммага ҳам эмас. Узоқ бюрократик тўсиқлар ва хужжатларни расмийлаштириш жараёнининг мураккабликлари бу хужжатларни олишни истаган ҳар қандай муҳожирга насиб қилмасди. Ҳарбий хизмат шартномасида ҳам шундай: фақат уч йилга шартнома имзолаган мигрантларгина бундай имкониятга эга эди.
Қонун лойиҳаси Украинанинг Харков вилоятидаги кенг кўламли қарши ҳужумидан сўнг ва Россия армиясидаги кадрлар билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги хабарлар фонида қабул қилинган.
15 сентабрдан бошлаб ҳудудлар қўшимча кўнгилли бўлинмаларни жалб қилишга ваъда бериб, «ўз-ўзини сафарбар қилиш»ни эълон қилди.
Урушни ўрганиш бўйича Америка институти ўтган ҳафта ёзганидек, "яширин сафарбарлик" кучаймоқда ва Россия ҳукумати баъзи минтақалар аҳолисини, шу жумладан Москвани урушга жалб қилишдан ҳимоя қилиш ғоясидан воз кечаётганга ўхшайди.
Мисол тариқасида, ҳисоботда Собянин туфайли Москвада юзага келган вазият келтирилди. «Медуза» нашри ёзганидек «Собянин полки» деб аталадиганлар асосан москваликлардан эмас, балки бошқа вилоятлар аҳолисидан жалб қилинган. Нашрнинг таъкидлашича, Собянин урушдан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда ва Россия босқинининг бошидан бери пойтахтдаги ҳаёт ўзгармаганлигини кўрсатишга уринмоқда.
Шу билан бирга, Москва ҳукумати Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликдаги ҳаракатини расмий сайтида эълон қилиб бормоқда.
- Яқин вақтда Москва ҳукумати «Сахарова»да Россия Мудофаа вазирлигига хорижий фуқароларнинг ҳарбий хизматга киришини ташкил этишда ёрдам бериш учун тўлиқ инфратузилмани жойлаштиради. Шаҳар хизматлари шартномалар тузишни фуқаролар учун имкон қадар қулай қилиш учун зарур бўлган шароитларни яратади, - деб ёзди Сергей Собянин.
«Сахарова» миграция маркази Москва шаҳри ва вилоятидаги чет эл фуқароларини мамлакатдаги яшаш ва ишлаш мақомини расмийлаштиришга хизмат қилувчи йирик ташкилотдир.
Миграция марказининг маълумотига кўра, ташкилот мижозларининг энг катта қисми - ўзбекистонликлардир.
Миграция масалалари бўйича юристлар, ҳуқуқ фаоллари Россиянинг муҳожирларни урушга ёллашга йўналтирилган ҳаракатларини қоралаб, мигрантларни огоҳликка чақиришмоқда.
- «Сахаровода Москва мэри тарафидан эълон қилинган ҳарбий хизматга ёлланиш пунктларини 700 метр наридан АЙЛАНИБ ЎТИНГ, У ЕРГА ЯҚИНЛАШМАНГ», - дея муҳожирларга мурожаат қилади юрист Зарнигор Омониллаева Телеграмдаги каналида.
Юрист нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам қонуний таъқиб борлигини эслатади:
«Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ЖКнинг 154.1-моддасига кўра Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёллангани учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундан ташқари Ёлланиш учун ҳам ЖКнинг 154 моддаси бор. Ёлланма аскар бўлганлар 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Тожикистон Республикаси фуқароси бўлсангиз Тожикистон ЖКнинг 401.1 моддасига кўра 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига тортиласиз.
Қирғизистон Республикаси фуқаролари Қирғизистон ЖКнинг 416 моддасига кўра 7 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига тортилади.
Қозоғистон ЖКсининг 162.1 моддасига кўра Қозоғистон фуқаролари 7 йилгача озодликдан маҳрум этилади»
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам бу борада ўзбекистонликларга бир неча бор огоҳлантирув мурожаатларини эълон қилишганди.
Урушга ёлланган муҳожирларга бир йилда Россия фуқаролигини бериш ваъдаси - ватанда жиноий жавобгарликка тортиладиган ҳолатда Россия ўз паспортини бериши имконини яратаётгандек аксланмоқда.
- «Жудаям хунук ва бошқа давлатларга нисбатан ҳурматсизлик шаклида ташкил этилаётган ушбу пункт бежизга айнан Сахаровода йўлга қўйилмаяпти. Сахаровога оддий мигрантлар келади. Асосан патент учун келади. Уларни алдаш эса осон» - дейди Зарнигор Омониллаева.
Юристга кўра, Россия ҳукуматининг бу ҳаракати очиқдан очиқ урушга тарғибот саналади.
-«Энг муҳими - фуқароликни таклиф этиш, фуқароликни беришни кафолатлаймиз дегани эмас. Хизмат қилиб тирик қайтганлар фуқароликни олади, деб кафолат бермаяпти ҳеч ким. Кафолат берганда қонунга кафолатли равишда фуқароликни бериш, деб ўзгартириш киритишни таклиф қилар эди», - дейди ҳуқуқшунос.
Олдинроқ юрист Ботиржон Шермуҳаммад ўзбекистонликларни Россия томонидан берилаётган бу каби ваъдаларига ишонмасликка чақиради ва ва расмийлар бу борада жиддий эътибор қаратиши лозимлигини билдирган эди.
Юристга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу ишларнинг (урушга ёллашнинг) Ўзбекистон фуқаролари орасида амалга оширилмаслигини Россия томонидан талаб қилиши керак бўлади.
Россиядаги Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг катта қисми бу жараёнларни ҳавотир билан кузатишаётгани ижтимоий тармоқлардаги изоҳларида кўриш мумкин.
"Ватанга қайтиш пайти келди", деб ёзади Тўлқин исмли муҳожир Телеграмдаги шу мавзу атрофидаги мулоҳазаларда.
Чатларда айниқса, хужжатлардаги енгилликлар туфайли Россия паспортини олган ўзбекистонликлар қийин вазиятда қолаётгани муҳокама қилинган. Баъзи мигрантлар эса "уларга текмасликлари"га умид қилиб, ноилож ишлашда давом этишини ёзишган.
Ўзбекистондаги ишсизлик ва иқтисодий қийинчиликлар туфайли 2 млн га яқин ўзбекистонликлар Россияда ишлаб оила боқишга мажбур.
Ижтимоий тармоқларда бугуннинг ўзида Россиядан Ўзбекистонга ва бошқа қўшни давлатларга самолёт билетларининг кескин қимматлаб кетгани ва хатто, танқислашганини ёзишмоқда. Бундай вазиятда муҳожирларнинг ватанларига қайтишлари ҳам муаммога айланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek