Ўзбеклар Россия олдида қарздорми: Улар Россия нон-тузини урушга қатнашиб оқласинми? Россия - Ўзбекистон Rossiya Ukraina Yangiliklar

Пермдаги ўзбеклар диаспораси етакчиси Жаҳонгир Жалолов Украинада жанг қилиш учун батальон тузиш фикрида собит. Унинг Россиядаги айрим нашрларга берган суҳбатига кўра, Россия бўлмаса, ўзбеклар миллат сифатида мавжуд бўлмасди.

Алоқадор мавзулар:

Таҳдид Марказий Осиёданми ёки Россиядан?

«Амир Темур номли батальон Украинага бормоқчи. Ўзбеклар Россия олдидаги қарзини ўтамоқчи» . Бу - Россиядаги маҳаллий нашрлардан бирининг мақоласидан иқтибос.

Пермдаги ўзбеклар диаспораси етакчиси Жаҳонгир Жалолов Украинада жанг қилиш учун батальон тузиш ва ўзбекистонликларни кўнгилли равишда унга қўшилишга чақирганди.

Жалоловнинг айни ташаббусидан сўнг Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларини бу каби чақириқларга қўшилишдан қайтариш учун расмий огоҳлантириш билан чиқди.

Диаспора етакчиси элчихона огоҳлантиришига «мен ўзбекистонликлар эмас, Россияда анчадан буён яшаб, ишлаб келаётган ўзбекларга мурожаат қилаяпман», дея жавоб берди.

"Дарвоқе, Марказий Осиёдан ҳам таҳдидлар келаяпти. Йигитлар балки мени тушунмаётган бўлиши мумкин. У ерда «биродарларимизни нега ўлимга етаклаяпсиз? Оналарга нима дейсиз, уларга қандай жавоб берасиз? Нега бундай қиляпсиз?" - деб ёзишаяпти.

Агар биз Россия билан бирга бўлсак, бизнинг фарзандларимиз ҳам келажаги бўлишини одамлар тушунмайдилар. Россия бўлмаса, биз миллат сифатида мавжуд бўлмаймиз. Шунчаки, биз бўлмаймиз, - дейди Жаҳонгир Жалолов Царьград телеканалига берган суҳбатида.

Россия нон-тузи ва ўзбеклар

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Россиянинг Перм вилоятидаги ўзбек диаспорасининг йиғилиши видеотасвири тарқалган эди.

Унда "Перм ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти" етакчиси Жаҳонгир Жалолов бу ердаги ўзбеклардан иборат "Амир Темур" батальони тузиб Украинага қарши урушишга чақиради.

"Фарзандларимиз болалар боғчаларига боришяпти, мактаб ва университетларда таълим олишмоқда. Биз Россияда яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Еган нонимизни оқлашимиз керак, оқлашимиз шарт. Шу боис кўнгиллилардан батальон тузишни ва унга буюк Амир Темур номини беришни таклиф қиламан", - дейди Жаҳонгир Жалолов.

Шунингдек, диаспора раҳбари Пермдаги ўзбекларни ушбу ташкил этилажак батальонга қўшилишга чақиради.

Жалоловнинг ташаббусини залдаги марказий осиёликлар қарсаклар билан қўллаб-қувватлашган.

Кўнгиллилар отряди режаси

Пермдаги «Ветта» маҳаллий нашри Жаҳонгир Жалоловнинг нашрга «Пермь ўзбеклари Украинадаги ҳарбий амалиётга қўшилиш ҳаракатида» эканлигини билдирганини ёзган.

«Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россияда яшаб ишлаётган ўзбекистонликлар кўнгиллилар отрядини тузишни режалаштиришмоқда», деб ёзади нашр.

Фуқароликдан чиқариш таклифи

Мазкур хабарларга Ўзбекистон расмийлари тезкорлик билан муносабат билдирди.

Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги Пермдаги ўзбекларни огоҳликка чақириб,

Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўрайди.

Шунингдек, агентлик бундай ҳаракатлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154 -моддаси билан малакаланиб, беш йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилганини эслатади.

Худди шундай огоҳлантирув хати Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан ҳам эълон қилинди.

Депутат Алишер Қодиров эса Россияда Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларга ёлланаётган ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум қилишни таклиф қилди.

"Бундай шахсларни ёлланиш расмийлаштирилган кунидан эътиборан фуқаролигини бекор қилиш ва Ўзбекистонга киришини умрбод тақиқлаш керак. Қонунга тегишли ўзгартириш киритиш масаласида маслаҳатлашувларни бошладик", - дейди депутат ўз ижтимoий тармоқдаги саҳифаларида.

Гап ўзбеклар ҳақидами?

Россияда Украинада жанг қилиш учун ўзбекистонликлардан иборат батальон тузиш ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сигментида кенг жамоатчилик томонидан катта норозилик билан кутиб олинди.

Жаҳонгир Жалиловнинг саҳифасидаги шу маънодаги пост остида ўнлаб эътироз билдирилган изоҳлар қолдирилмоқда.

Диаспора етакчисининг «Гап Россия фуқаролари ҳақида бораяпти» деган гапига «Гап ўзбеклар ҳақида бораяпти. Улар оиласи билан тинч яшашга боришган, жанг қилишга эмас» деб жавоб ёзган Суҳроб Ҳайитов.

«Ўз ватандошларингни маъносиз жангга ташлаб, нега ўққа тутиб бериш керак?", савол беради Насриддин Хўжаев номли фойдаланувчи.

Пост остида ўзбеклар батальонини олқишлаган россияликларни ҳам кўриш мумкин.

«Офарин ўзбеклар. Ҳаммамиз Россияда яшаяпмиз. Кўнгилда бўлса, бориш керак», дейди Виталий Коллин.

Тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги диаспора етакчисининг ўзи ҳам урушга боришини сўрашган. Жалолов бу саволларга жавоб бермаган.

Биз Жаҳонгир Жалолов билан телефон орқали боғландик.

Диаспора етакчиси интервью рус тилида бўлсагина саволларимизга жавоб беришини айтди. Аммо бирдан телефонни ўчириб қўйди ва қайта уринишларимизга қарамай, қўнғироқларимизга жавоб бермади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek