Янгиликлар. Ўзбекистон ва Россия: Путин айтди, ‘иттифоқ’ барибир бўладими? O'zbekiston Rossiya Dunyo Yangiliklar

Россия президенти минтақада туриб, ўзининг янги режа ва ниятларини очиқлади.

Хабарларда ўзи Тоқаевга таклиф қилгани айтилган Қозоғистон ва Ўзбекистон билан уч томонлама "қандайдир" газ иттифоқи тафсилотларига тўхталди.

Путин ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи Олий кенгашининг Бишкекдаги саммити ортидан матбуот анжумани берди.

Янги иттифоқ барибир бўладими?

Алоқадор мавзулар:

Саволга жавоб

"Интерфакс" мухбири Путиннинг бу ғояни Қирғизистонда экан, Қозоғистон президенти ва Ўзбекистон Бош вазири билан муҳокама этиб олгани ёки йўқлиги билан қизиқди.

Тошкентнинг узоқ вақтдан бери Туркманистондан "Газпром" дан газ олиб келиши маълум экани, нима учун айнан ҳозир Россия газини етказиб бериш масаласи кун тартибигa чиқди, деб сўради.

Янги иттифоқ ғояси Россия Украинага очган уруш ҳануз давом этаётган, Путин ўзининг империалистик амбицияларидан ҳали-ҳануз воз кечмаган ва Украинадан кейинги нишон қай бир собиқ Совет давлати бўлажагига оид хавотирлар ҳануз пасаймаган бир пайтда бўй кўрсатган.

Сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг кескин қаршиликларига учраётган ва уларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб мавзулардан бирига айланган.

Ўзбекистон Энергетика вазири худди шу манзарада "Россия билан газ келишуви бўлган тақдирда ҳам, бу иттифоқни англатмаслиги"ни таъкидлаган.

Ўзларининг "газ эвазига сиёсий шартлар қўйилишига ҳеч қачон рози бўлмасликлари"ни баён қилган.

"Москва ва Тошкент Россия газини қўшни Қозоғистон орқали етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётгани"ни эътироф этган.

Аммо "бу иттифоқ дегани эмас"лиги, "техник шартнома бўлиши"ни алоҳида қайд этган.

Бунинг ортидан "Ўзбекистон Энергетика вазири чоршанба куни Россиянинг "газ иттифоқи" таклифига сув қўйгани"га оид айрим нуфузли Ғарб ахборот агентликларида бўй кўрсатган хабарлар эса, расмий Кремлнинг эътиборидан четда қолмаган.

Россия президентининг матбуот котиби иттифоқ контекстида гап мамлакатлар тужжорий манфаатларини мувофиқлаштириш ҳақида бораётганини айтиб чиққанди.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Бишкек саммити арафасига тўғри келган, Ўзбекистон президентининг саммит кунлари Қирғизистонга режаланган давлат ташрифи кечиктирилиши сабабини ҳам айнан шу иттифоққа боғловчи хабарлар ва талқинлар ҳам бўй кўрсатмай қолмаган.

Қозоғистон эса, ҳали Тоқаевнинг Москвага ноябрь ойидаги ташрифи ортиданоқ санкциялар хавфига ишора қилган ҳолда, бу каби ғояни синчиклаб ўрганмай туриб, бир қарорга келмасликларини баён қилган.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов эса, Ўзбекистон ҳозирча ҳеч қандай таклиф олмаганини ҳам айтганди.

Путиннинг Бишкекда айтган гапларига ҳар икки давлат ҳукуматларининг расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Бунинг сири йўқ...

"Интерфакс" мухбири саволига жавобини "бу ерда ҳеч қандай сир йўқ"лигини айтиш билан бошлаган Россия президенти сўзини "бу иш бошлангани" мазмунидаги гаплар билан тугатди.

"Айтганча, ҳаммаси тайёр. Ҳамкорликдаги бу ишни барча хоҳлайди ва улар ҳатто қўшма сармояларга ҳам тайёр. Бу яхши, катта, жуда истиқболли иш - келажак учун яхши истиқболга эга. Биз ишлаймиз", - деди.

Путинга кўра, "бу иш аллақачон бошланган. Бош вазир муовинлари даражасида иш олиб борилмоқда".

Россия президентининг баён қилишича, у "яхши асосга эга ва натижаси ҳам яхши бўлишига ишончи комил".

"Энди, менимча, Қозоғистондан ҳамкасблар келаяпти. Ўзбекистондан яқинда бўлиб қайтишган. (Алексей -таҳр.) Миллер ҳам у ерга боради", - деб айтган Владимир Путин.

Аммо, шундай деркан, Россия президенти "Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқини яратиш масаласи ўзаро келишув ва муросали қарорларни талаб қилиши"ни ҳам эътироф этган.

Унинг сўзларига кўра, ўзаро келишиш, ишлаб чиқиш, баҳамжиҳат қарор қабул қилишни тақазо этувчи масалалар жуда кўп.

"Уларни албатта топиш мумкин. Яъни, бу маънода қандайдир энергетик иттифоқ бўлиши мумкин", - дея таъкидлаган Россия президенти.

Россия президентининг қайд этишича, бу мамлакатларнинг ўз истеъмоли ҳам ўсиб бормоқда, яна экспорт мажбуриятлари ҳам бор.

"Икки давлат президентлари эса олдинга қараб, келгуси йилларда қанчалар (газ -таҳр.) керак бўлишини ўйлаб кўришади ва уларга қўшимча ҳажм ва ресурслар лозим бўлади, деган хулосага келишади".

"Бу бизни соатни қайта текшириш, ҳаммаси қандай ишлашини ва қўшимча яна нима қилишимиз мумкинлигини кўришимизга мажбур қилади. Биз қила оламизми ёки йўқми? Ҳа, биз қила оламиз", - дея баён қилган Путин.

Шундай деркан, Россия президенти ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар олдида ҳам мажбуриятлари борлигини тилга олган.

"Ўзбекистон ҳозирча кузатувчи мақомида. Лекин ушбу мақом ҳам Ўзбекистонга ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ишини диққат билан кузатиш ва бу ташкилот билан муштарак нуқталарни топиш имконини беради", - дея баён қилган Путин.

Россия режаси

Россиялик экспертларга кўра, кўзда тутилаётган "уч томонлама газ иттифоқи" янги газ қувурларини қуриш, Россия газини Ҳиндистон, Покистон ва қўшимча равишда Хитой бозорларига экспорт қилишни ўз ичига олиши мумкин.

Уларга кўра, Марказий осиёлик ишлаб чиқарувчилар бунинг эвазига Россия қувурлари орқали Европа бозорига тўғридан-тўғри чиқишлари мумкин бўлади.

Экспертларнинг талқинларича, Россия, афтидан, "ўзининг ички бозорига асосланган ва ва рублда деноминацияланган нархда ишончли узоқ муддатли газ манбасини таклиф қилаётгандек кўринади".

"Валюта курси рисклари камроқ бўлгани учун бу Қозоғистон ва Ўзбекистон учун муҳим бўлиши мумкин", - дейишади улар.

Украина уруши фонида Европанинг Россия газидан воз кечишга ўтиши эса, расмий Москвани ўз бозорларини турфалаштириш йўлида янада ижодкорроқ бўлишга ундаётган кўринади.

Аммо, айрим экспертларга кўра, Қозоғистон ҳам Россиянинг узоқ муддатли газ таъминотига қарамликдан хавотирда ва Путиннинг янги "иттифоқчилик" таклифига лаббай, деб жавоб беришга худди шу боис ҳам шошмаётган бўлиши мумкин.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди саналади ва Россияга чегарадош ягона минтақа давлати бўлади. Ўзбекистонга ҳам чегарадош бешта минтақа давлатидан биттаси саналади.

Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари энг кўп тилга олаётган давлатлардан бири бўлади.

Сўнгги ойларда Ғарбнинг Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудидий яхлитлигини қўллашига оид баёнотларининг сони ҳам ортган.

Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар наздларида, айнан Қозоғистон Путиннинг империалистик амбициялари йўлида минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлган Ўзбекистон учун "буфер" вазифасини ҳам бажариб келади.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek