Ўзбекистон: Президент Мирзиёев ходимлари қандай суратларни ва нега оммадан яширишмоқда? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
Президент матбуот хизмати тақдимот слайдларининг фотосуратларини хиралаштирмоқда, деб ёзади Ўзбекистондаги етакчи ахборот нашрларидан бири "Газета.uz"
Нашр сўнгги ойларда президент матбуот хизмати фотосуратларида тақдимот слайдлари хиралаштирилаётганига эътибор қаратганини маълум қилиб, фотосуратлар билан мисоллар келтиради.
"Тақдимот суратлари туфайли журналистлар одатда маълумотлари жуда кам бўлган муҳим лойиҳалар ҳақидаги хабарларни тўлдириш имконига эга бўлишарди", - деб ёзади "Газета.uz".
Нашр Президент матбуот хизматининг фото фотосуратларни хиралаштириш амалиёти июль ойидан — президент маъмурияти раҳбарияти алмашгани ва у ерда кадрлар ўзгарганидан кўп ўтмай бошланганини аниқлаган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Шунингдек, "Газета.uz" фотосуратларни Президент матбуот хизмати веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойланадиган кўплаб фотосуратлар маълумотни кўриш қийин бўлган ракурслардан олинганига эътибор қаратган.
"Лойиҳалар ҳақида расмий маълумотлар жуда кам бўлган муҳитда тақдимот слайдлари фотосуратлари журналистлар учун қўшимча маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади. Уларнинг ёрдамида жамоатчилик янги лойиҳалар, уларнинг харажатлари ва киритилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсилроқ маълумот олиши мумкин" - деб ёзади "Газета.uz".
"Президент матбуот котиби вазият ўнгланишини маълум қилди" - вазиятга ойдинлик киритади нашр.

Сурат манбаси, EPA
Афғонистон Марказий Осиёга таҳдидми?
18 октябрь куни Тожикистонда "Терроризмга қарши кураш ва террорчилар ҳаракатланишининг олдини олиш учун чегаралар хавфсизлиги ҳамда чегара назорати соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик" мавзусида конференция ўз ишини бошлади.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов иштирок этмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Мирзиёев Афғонистон борасида нима таклиф берди? Қиш қаттиқ келади, Ўзбекистон тайёрми? Ўзбекистон ва дунё
- Ўзбекистон: Тошкент дунёнинг энг ҳавоси ифлос шаҳрига айланди. Ўзингизни қандай асрай оласиз?
- Урушга мажбурланаётган ўзбекистонликлар учун Тошкент Москвага нота юборадими?
- Остона. Янгиликлар: Эрдоған Қозоғистон суверенитети, ҳудудий яхлитлигини дастаклади, Тоқаев Эрдоғанга орден берди
Душанбе шаҳрида ўтказилаётган конференцияда сўз олган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Марказий Осиё давлатларининг ривожланиш истиқболларини Афғонистондаги хавфсизлик вазиятига боғлиқ дея баҳолади.
Вазирнинг сўзларига кўра, жаҳон ҳамжамияти Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслиги керак. Вазир Афғонистонни изоляция қилиш минтақа ва халқаро ҳамжамият учун салбий оқибатларга олиб келиши эҳтимолини қайд этди.
Шунингдек, Владимир Норов Афғонистоннинг иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларида иштирок этиш муҳимлиги, шунингдек, Марказий Осиёдаги ривожланиш истиқболлари Афғонистондаги вазиятга боғлиқлигини билдирди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Остонада ўтказилган саммитда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган ташаббус ҳақида гапирар экан, унинг асосида Афғонистон бўйича махсус вакиллар гуруҳини тузиш ва муҳокама қилиш, ушбу мамлакат билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар ҳамда ташаббусларни таклиф қилиш зарурлигини таъкидлади.
Владимир Норов Марказий Осиёда терроризмга қарши кураш бўйича БМТнинг минтақавий ваколатхонасини очишни муҳим деб ҳисоблашини маълум қилди. Вазирга кўра, терроризм ва экстремизмга қарши кураш минтақавий ва глобал миқёсда мувофиқлаштирилгандагина муваффақият қозонади.
Яна янги қарзлар ва грантлар
Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонга яна кредит ва грантлар ажратадиган бўлди.
Банкнинг Ўзбекистонга беришни маъқуллаган 500 минг долларлик гранти ва 59 млн доллар миқдорида бўлиб, Ўзбекистоннинг тўртта ўрта шаҳарларида турмуш шароити ва иқтисодий рақобатбардошликни яхшилаш учун мақсадлаштирилган.
Осиё Тараққиёт банкининг интеграциялашган шаҳарсозлик лойиҳаси доирасида COVID-19 пандемияси ва иқлим ўзгаришлари сабабли ривожланиш бир қадар тўхтаб қолган Жиззах, Ховос, Хива ва Янгиер шаҳарларида коммунал инфратузилма ва хизматларга стратегик инвестицияларни қўллаб-қувватлайди.
ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори Евгений Жуков банк лойиҳаси мазкур ҳудудларни ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ ва тезроқ қайта тиклашдаги инновацион ечимларни қўллайди ва бу учун институционал салоҳиятни кучайтиришини билдирган.
Октябрь ойининг бошида Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида иқтисодий зарар кўрган Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандликни қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллаганди.
Ўзбекистон ОТБнинг 1995 йилдан буён аъзоси. Ўтган давр мобайнида банк Ўзбекистонга 10 миллиард доллардан ортиқ кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўрсатган.
Дунёда 60 млн одам ўзбекча гапирадими?
Ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошди.
Бу маълумот Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Макка шаҳрида ўтказилган анжуманда янграган.

Сурат манбаси, "Дунё" Ахборот агентлиги
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги бош консуллиги мамлакатдаги ўзбекистонликлар иштирокида маърифий тадбир ўтказгани ва йиғинда ўзбек тилини янада ривожлантириш, уни халқаро тилга айлантириш масалалари муҳокама қилингани маълум қилинди.
«Дунё» Ахборот агентлиги анжуманда ҳозирги кунда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошди, хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ олий ўқув юртида ўзбек тили ўргатилаётгани ҳақида хабар берди.
- Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган асли ўзбек бўлган бухорийлар диаспораси вакиллари миллатимиз аслини акс эттирувчи ўзбек тилини эъзозлаш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш ҳамда ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш долзарб вазифага айланиб бораётганини қайд этдилар», - деб ёзади агентлик.
Шунингдек, анжуманда Саудия ҳудудида ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, диаспора вакиллари фарзандларининг миллий тилимизни мукаммал эгаллаши учун махсус курслар ташкил этиш ва уларни зарур адабиётлар билан таъминлаш масалалари кўтарилгани таъкидланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













