You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Эксперт: Ўзбекистон учинчи ренессансга эришолмайдими? Мирзиёев ҳоким ва раҳбарларни нега "савалаяпти"? Ўзбекистон ва дунё, янгиликлар
- Сиёсатшунос Ўзбекистон нима учун учинчи ренессансга эришолмаслигини айтди.
- Шуҳрат Ғаниев ва Актам Ҳаитов яна "трендда"
- Мирзиёев ҳокимга қандай шамаъ қилди?
- Тошкентда яна бир саммит бўлиб ўтади
Президент ҳокимни шамаъ билан танқид қилди
Шавкат Мирзиёев мактаблар қурилиши бўйича ҳокимларни қаттиқ танқид қилди, деб ёзади Хушнудбек.уз Телеграм канали.
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти ҳокимини «Прокурор билан гаплашишдан олдин мактаб қурилишини жойига қўйиб қўйиш керак» - дея танқид қилган.
Хушнудбек.уз га кўра, президент Сурхондарё вилояти ҳокимига унинг прокурорни ҳақорат қилиб, таҳдид қилган аудиосини эслатган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон. Янгиликлар: Расул Кушербаев нимадан норози? Ўзбекистонни ким ‘шарманда қилаяпти’ ва Россиядан Мирзиёевга арз қилганлар нима бўлди?
- Россия кимга суянмоқчи? Мирзиёев Украинани бу йил табрикламадими? Россия - Ўзбекистон, Украина, МДҲ, янгиликлар
- Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий иттифоқига яқинлашаяптими?
- Россия: очарчилик яқинми? Ўзбекистон Россиянинг "омбори" бўладими?
«Сурхондарёда, жаноб, прокурор билан гаплашаётган бир ҳоким бор - 29 та мактаб. Сен прокурор билан телефонда гаплашишдан олдин мактаблар қурилишини жойига қўйиб қўй. Чарчаган бўлсанг, ишдан оламан сени ҳам», — Шавкат Мирзиёевдан иқтибос келтирилади хабарда.
"Эскича ишлаётгани" ва "баландпарвоз рақамлар" учун
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, Президент Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни асосий маҳсулотлар нархи барқарорлигига бағишланган йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳаси раҳбарларини танқид қилган.
"Аграр соҳада белгилаб олган катта ислоҳотларимизни жадал амалга ошириш биринчи навбатда ушбу соҳа раҳбарлари Ғаниев, Хаитов, янги вазир Воитов ва ўринбосарлари фидойилигига боғлиқ. Бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ҳам биринчи галда қишлоқ хўжалигидаги ўсишга боғлиқлигини улар тушуниши керак", президент сўзларидан иқтибос келтиради матбуот котиби.
Хабарга кўра, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Хаитов ҳали эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани танқид қилинган.
Шунингдек, йиғилишда йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Тешаев лавозимидан озод этилгани, вазир ўринбосари Ш.Мирзаевга ҳайфсан берилгани хабар қилинди.
Ренессансни давлат қилмаган
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов кейинги йилларда Ўзбекистонда бот-бот такрорланаётган «Учинчи ренессанс» учун мамлакат имкониятини баҳолади.
Сиёсатшунос Раббимов Фейсбукдаги саҳифасида Ўзбекистонда учинчи ренессансга эришиш ва унинг мезонлари борасидаги мулоҳазаларини эълон қилди.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов кўп йиллар Францияда истиқомат қилган ва сўнгги бир йилда Ўзбекистонга қайтиб яшамоқда.
У маҳаллий ОАВ ларда тез-тез чиқишлар қилиб, мамлакат ва дунёдаги сиёсий жараёнларга нисбатан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдириб келади.
"Ўзбекистонни ичида бир йил яшаб, вазиятни ичкаридан ўрганиб, ҳис қилиб, айтиш мумкинки "Учинчи ренессанс"га имконият берилмайди. Давлатнинг ўзи имконият бермайди, унинг ичидаги зиддиятлар имконият бермайди. Катта тараққиёт - бу ижтимоий энергияни, умуммиллий шижоатни, эҳтиросли ғоялар ва маънавий улғайишларни назарда тутади", - деб ёзди Камолиддин Раббимов.
Сиёсатшунос фикрича, ўзгаришлар ва ўсишлар учун эркинлик ва катта ғоялар керак, аммо ривожланиш учун давлатнинг ўзи йўл бермайди.
- "Давлатнинг ўзида эркинликни муаммо ва таҳдид сифатида кўриш сақланиб қолаяпти. Ренессансни эса, ҳеч қачон давлат қилмаган. Ренессансни ҳам, қудратли давлатни ҳам жамият - онгли, салоҳиятли, эркин ва фаол халқ амалга оширган. Имконият берилмайди!», - дейди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
Ўзбекистонда яна бир саммит
Жорий йилнинг 8-9 сентябрь кунлари Тошкентда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити бўлиб ўтади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий мажлиси сенатининг Телеграмдаги расмий канали хабар қилди.
- Парламентлараро иттифоқ 200 га яқин мамлакатларнинг парламентларини бирлаштирган бўлиб, мулоқот учун энг йирик майдон ҳисобланади, - дейилади хабарда.
Шунингдек, мазкур саммит МДҲ мамлакатлари орасида Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётгани таъкидланган.
Хабарга кўра, унда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар ҳамда ҳамкор халқаро парламент ташкилотларининг аёл раҳбарлари иштирок этади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek