Мустақиллик: Мирзиёев нега ҳарбий салоҳиятни кучайтирмоқчи ва Ўзбекистон вакили Россия матбуотига кескин жавоб берди - янгиликлар

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўзбекистон ҳукуматида қудрат алмашгандан сўнг мустақиллик байрами илк маротаба дабдаба билан нишонланди. Байрам арафасида Мирзиёевнинг Совет даврида қатағонга учраганларни эслаши Россия матбуотида ғазабнок чиқишларга сабаб бўлганди. Сенатор Содиқ Сафоев Россия матбуотига кескин жавоб қайтарди.

Мустақиллик тантаналарда бир вақтлар қатағонга учраган жадидлар образининг намоён бўлиши, ҳарбий салоҳиятни кучайтиришга алоҳида урғу берилиши ва Чўлпоннинг "Гўзал Туркистон" шеъри куйга солиниши ижтимоий тармоқдагиларнинг олқишларига сабаб бўлди.

Ўзбекистон билан бир вақтда мустақилликка эришган Украина уни сақлаб қолиш учун жон олиб жон бераётган бир паллада Ўзбекистон мустақиллиги байрам тантаналарида Президент Мирзиёев ҳарбий салоҳиятни кучайтиришни устувор вазифа сифатида белгилади.

"Жаҳондаги бугунги мураккаб вазият биздан ишнинг кўзини билиб, кечаю кундуз фидойи бўлиб, самарали меҳнат қилишни талаб этмоқда. Шу боис Қуролли Кучларимизнинг қудрати ва салоҳиятини юксалтириш ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолади. Аскар ва офицерларимизнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий маҳорати, ватанпарварлик фазилатларини оширишга янада кўпроқ аҳамият берамиз", деган мустақиллик тантаналарида Шавкат Мирзиёев.

Алоқадор мавзулар:

Умуман, байрам тантаналарининг асосий қисмидан ҳарбийларга алоҳида жой ажратилишидан рамзий маъно топганлар оз эмас эди.

Мирзиёевнинг байрам тантаналаридан бир кун олдин Шаҳидлар хотираси ҳиёбонида "ота-болаларимиз мустақиллик учун 100 йил олдин ҳаракат қилгани ва бу йўлда 100 минг ватандошимиз қатағонга учраган", деган гаплари рус матбуоти ва ижтимоий тармоқларида норозилик билан қабул қилинган.

Россия матбуотидаги чиқишларга Ўзбекистон расмийлари муносабат билдирди.

Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Twitter да Россия матбуотидаги "муносабатлар"ни ноадекват деган.

"Мустабид тузум қатағон қурбонлари хотирасини ёд этган Ўзбекистон Президентининг мувозанатли, босиқ ва ўта самимий нутқига мутлақо ноадекват муносабат. Ўзи мунозара нима ҳақида? Мустабид тузум шафқатсиз ва бераҳм бўлганлигими? Ёки ҳалок бўлганлар ҳақиқатан ҳам ғайриинсоний қатағон қурбонлари бўлганлигими? Ақли тўғри ва хотираси аниқ бўлган ҳеч қайси инсон у ёки буни сўроқ қила олмайди", дейди Сафоев.

Хотирлаш маросимида ўзи ҳам қатнашганини айтган Содиқ Сафоев уни самимий руҳда ўтганини ёзган.

"У чин қалбдан, ёриқ ва тантанали, қандайдир самимий, инсоний тарзда ўтди. Айнан шу жойда жаллодлар томонидан ўз ўлимини жасорат билан қабул қилганлар олдидаги қарзимизни инсоний равишда қайтардик. Бу энди шов-шувли сиёсийлаштириш ва популистик ваҳима учун сабабми?" дея савол беради Ўзбекистон сенатори.

Украина мустақиллиги учун қурол билан курашаётган бир манзарада ижтимоий тармоқлардаги байрам табрикларида мустақиллик бебаҳо неъмат эканлиги алоҳида урғу берилмоқда.

Шунингдек, байрам тантаналарида Совет режими томонидан қатағонга учраган жадидларга алоҳида эътибор қаратилиши илиқ қарши олинди.

Яқин-яқингача ҳам Ўзбекистондаги фаоллар жадидларни хотирлашда расмийлар томонидан тўсиқларга дуч келишаётганини айтишаётган эди.

Чўлпоннинг Туркистон тақдирига қайғуриб ёзган "Гўзал Туркистон" шеъри куйланишини эса айримлар бўғзига бир нарса тиқилгандек қарши олганини ёзган.

Баъзилар эса Россиянинг Украинага босқини туфайли илк бор мустақиллик қадрини ҳис қилаётганини билдирган.

Байрам бир вақтлар мустақиллик тантаналари норасмий гимнига айланган Юлдуз Усмонованинг "Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон" қўшиғи билан якунланди.

Бироқ бу сафар бу қўшиқ ҳар доимгидан ҳам аҳамиятли ва огоҳлантирувчидек таассурот қолдирган.

Эслатма: Ташқи ҳаволалардаги фикр ва муносабатлар учун Би-би-си масъул эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek