15 суткага қамалган блогер: Фаолиятимизни тўхтатиш учун қамашди, лекин мен тўхтамоқчи эмасман - Видео O'zbekiston Yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қўқон шаҳри суди томонидан 15 суткага қамалган икки блогердан бири Олимжон Ҳайдаров озодликка чиқди. У қамоққа олиш ҳаракатлари уюштирилган бўлиши мумкинлигига ва фаолиятини тўхтатишга қаратилган деб ишонади. Бироқ блогер фаолиятини тўхтатмоқчи эмас.

Қўқон шаҳар суди 22 июл куни Фарғоналик блогерлар Олимжон Ҳайдаров ва Комил Аҳмедовларни диний адоватни тарғиб қилувчи материаллар тарқатишда айблаб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортди.

24 июл куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди блогерларнинг шикоятини кўриб чиқиб улардан бири Олимжон Ҳайдаровнинг ҳукмини бекор қилиб, ишни қўшимча суриштириш учун Қўқон шаҳар ИИБга юборди.

Би-би-си озодликка чиққан блогер Олимжон Ҳайжаров билан боғланди.

"26 июн куни кечроқ тармоқда Қўқон шаҳрида ноқонуний черков фаолият юритаётгани ҳақида хабарга кўзим тушиб қолди. Шу хабарда илова қилинган расмларни олиб, телеграм каналимда, тармоқда шунақа муҳокама кетяпти, кўринишидан ноқонунийга ўхшайдиган, чунки ҳовлида қилинган экан, муҳокамаларда кўпчилик буни ноқонуний деб ёзилиб турган ҳолат ҳақида, расмийларга хабар бериш мақсади-да, буни аниқлаштириб қўйинглар, қонуний бўлса, қоунийлиги хабарини беринглар, ноқонуний бўлса чорасини кўринглар деган маънода пост қолдирдим. Бир муддатдан кейин Facebook да Комил Аҳмедов Қўқон шаҳри, Чуст кўчасидаги черков қонуний, деб ёзди. Мен шу заҳоти Телеграмдаги постимни ўчириб ташладим ва раддия ёздим", дейди у.

Фарғона вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, Қўқон шаҳридаги "Евангел" христианлар черкови пастори ариза ёзган. Хабарда атилишича, тўпланган материаллар асосида қарор қабул қилиш учун иш 22 июл куни Қўқон шаҳар судига юборилган.

Олимжон Ҳайдаровнинг айтишича, уларни ИИБ га алдаб чақириб, суд қилишган.

"Иш ҳужжатларида менга тегишли бирор айблов йўқ эди. Яъни тўғридан тўғри мен ёзганлигим ҳақидаги менга тегишли тармоқлардаги бирор далил йўқ. Менга алоқаси йўқ қайсидир канал матнни қўйганда, пастига Олимжон Ҳайдаров деб ёзиб қўйган. Матннинг боши менга тегишли, ўртаси ва охирида менга тегишли бўлмаган қисмлари бор экан. Шуни асос қилиб менга нисбатан айблов эълон қилинган. Мен бу маъмурий айбловномани имзолашдан бош тортдим. Ва Маъмурий жавобгарлик кодексининг 294 - моддасидаги ҳуқуқларим таъминлашини талаб қилдим, у ерда судга чақириладиган фуқаро олдиндан хабардор этилиши керак, биз хабардор этилмаганмиз, бизни алдаб ИИБга чақиришди. Ундан ташқари адвокатдан фойдаланиш ҳуқуқим чекланди. Яъни телефонимни олиб қўйишди. Сўрасам беришмади. Агар беришганда адвокатимни чақирардим", дейди у.

Ҳайдаровга кўра, Ички ишлар бўлимида онлайн тарзда ўтган суд тахминан 10 дақиқа давом этган.

Судда Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита хулосаси ҳам асос қилиб олинган.

15 суткага ҳукм қилинган блогерларни Фарғона шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасига олиб келишган.

Олимжон Ҳайдаров ҳибсхонада ҳуқуқлари топталмагани ва унга яхши муомалада бўлишганини айтди.

Якшанба куни адвокатлар ва фаоллар иштироки ҳамда гувоҳлигида ўтган вилоят судида Олимжон Ҳайдаровга боғлиқ иш юритувдан тўхтатилган ва далиллар етарли бўлмаганлиги учун қайта терговга юборилган.

Комилжон Аҳмедов шаҳар судида айбини қисман тан олгани учун унга ўқилган ҳукм ўзгаришсиз қолган.

Олимжон Ҳайдаровни ҳимоя қилган адвокат Абдувоҳид Яқубов айбсиз бўлсангиз ҳужжатга қўл қўймаслик кераклигини айтади.

"Имзо қўйиб беришга шошиламиз, ҳеч қачон имзо қўйишга шошилмайлик. Сиз имзо қўймасангиз дунёни чархпалаги тўхтаб қолмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши тўхтаб қолмайди. Имзо қўйишдан бош тортди, деб далолатнома тузиб ўзларининг ишларини давом эттираверади. Лекин сиз айбингизни тан олмаганингизни исботлашингиз осон бўлади суд мажлисида", дейди Яқубов.

Олимжон Ҳайдаров блогерларнинг қамалиши айрим амалдорлар томонидан сўз эркинлигига нисбатан босим деб билишини айтади.

"Аслида бизга килинган бу каби ҳаракатларни уюштирилган деб ҳисобласак, бизнинг фаолиятимизни тўхтатиш учун қаратилган. Лекин мен тўхтамоқчи эмасман. Шу вақтгача мен давлат идоралари, давлат ташкилоти ходимлари, раҳбарлари билан доим дўстона муносабатда бўлганман. Маълумотлар алмашишда доимо ҳамкорликда ишлаб келганман. Фақат шу нарса менинг ишончсизлигимга сабаб бўлиши мумкин. Олдингидек ишонмаслигим мумкин. Шу ишонч дарз кетишига сабаб бўлди, деб ўйлайман", дейди у.

Би-би-си ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ матбоут хизматининг расмий муносабатини ҳам чоп қилмоқда:

Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган "Президент матбуот котиби учрашган блогер 15 суткага қамалиши мумкин экан" сарлавҳали хабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 28 июнь куни телеграм ижтимоий тармоғидаги "Олимжон Хайдаров" ҳамда "QO'QONJONIM" каналларида қолдирилган "Қўқон шаҳрида ноқонуний Черков фаолият олиб бормоқда" сарлавҳали хабар юзасидан "Возрождение" номли "Евангел" христианлари черкови пастори А.Айрапетовнинг аризасига асосан Қўқон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Қўқон шаҳар, Чуст кўчаси 51-уйда жойлашаган "Возрождение" номли "Евангел" христианлари черкови 2019 йилдан бошлаб расмий фаолият юритиб келаётганлиги, Адлия вазирлигининг гувоҳномасига эга эканлиги, Евангел-христиан динига эътиқод қилувчи фуқароларга хизмат кўрсатаётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар 2022 йил 22 июл куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилган.

Суд томонидан блогерлар Олимжон Хайдаров ва Комил Ахмедовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184 прим 3-моддаси яъни (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) билан 15-сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek