Ўзбекистон: Блогер Отабек Сатторийга қамоқ ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди O‘zbekiston, Sattoriy, bloger, dunyo, yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят аппеляция суди блогер Отабек Сатторий устидан чиқарилган 6 ярим йиллик қамоқ жазоси ҳукмини ўзгартиришсиз қолдирди. Блогернинг иши халқаро миқёсда акс-садо берган. Унинг ҳали "шубҳали жиноятлар билан қамалишининг ўзиёқ Ўзбекистондаги сўз эркинлигига берилган жиддий зарба" экани айтилган.

Аппелляция суди жараёни Сурхондарё вилоят судининг биносида бўлиб ўтган.

Дастлабки ҳукм устидан шикоятни кўриб чиқиш 29 июнда бошланган эди.

Аппелляция суди олти ярим йиллик қамоқ жазоси ҳукмини ўз кучида қолдирган, лекин блогер Термиз шаҳрида сотиб олган икки квартирани унга қайтариш ҳақида қарор чиқарган.

Блогернинг адвокати ушбу қарор устидан Ўзбекистон Олий Судига кассация шикояти билан мурожаат қилишларини айтган.

Сурхондарёлик 40 ёшли блогер Отабек Сатторий жорий йилнинг 29 январь куни қўлга олинган.

Бунинг ортидан, Сурхондарё вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Отабек Сатторийга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари бошланган.

Аммо блогер адвокати мижозига қарши ишнинг "уйдирма" эканини айтганди.

Блогернинг "иши" халқаро миқёсда жиддий акс-садо берган.

Унинг ҳибсидан саноқли кунлар ўтиб, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бу масалага эътибор қаратган, твит қилган.

"Агар, товламачилик тўғрисида ишончли далиллар бўлмаса, бу ҳибс нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига путур етказувчи яна бир амал" эканини ёзган.

Британ элчиси ортидан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳам бу "иш"га тўхталган.

У ўз твитида, БМТ, "Сатторийнинг иши бўйича қонунни адолатли ва холисона қўллашга чақирувни мамнуният билан қабул қилиши"ни айтган.

10 февраль куни блогер масаласи юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмий мурожаат билан чиққан.

"Ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан жиноят иши билан боғлиқ текширилмаган ахборотни жамоатчиликка тарқатиш орқали бирор бир мақсадга эришишга ҳаракат қилиш, тергов ва суд органларининг фаолиятига нисбатан сунъий равишда салбий муносабат шакллантириш - тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, деб баҳоланиши ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши" билан огоҳлантирган.

Кун ўтиб, бу хусусда Ўзбекистон Бош прокуратруаси ҳам ўзининг расмий баёнотини эълон қилган.

"Тергов устидан Бош прокуратура томонидан назорат ўрнатилган"ини маълум қилганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзининг расмий баёнотида, "Отабек Сатторий Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 (Туҳмат), 41 (Ҳақорат қилиш), 202-2-модда (Ёлғон ахборот тарқатиш) лари билан айбли деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган"ини ҳам маълумот тариқасида илова қилган.

"Бунга унинг 2021 йил январь ойида ижтимоий тармоқларда "Денов кўмир омбори" ҳамда Термиз шаҳридаги ҳайвонот боғи ходимлари мулкларни ўзлаштириш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этганликлари ҳақида ҳақорат ва туҳматлардан иборат ёлғон ахборот тарқатганлиги сабаб бўлган"ини билдирганди.

Орада унинг тақдиридан хавотир билдириб, Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва Хьюман Райтс Вотчнинг ҳам баёнот билан чиққани кўрилган.

Ҳар икки ташкилот ҳам, блогер "жиноий қонунбузарликлар тўғрисида ишончли далилларни тақдим эта олишмаса, унинг зудлик билан қўйиб юборилиши, иш тўхтатилиши керак"лигини айтишган.

Отабек Сатторийнинг товламачиликда айбланиб қўлга олиниши бугун Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига доир хавотирларни яна бир бор ўртага чиқарганди.

Отабек Сатторий ким ўзи?

Термиз шаҳрида яшовчи 40 яшар Отабек Сатторий Сурхондарё вилоятидаги муаммоларни ёритиб келиши, айниқса, маҳаллий амалдорларни танқидга тутувчи чиқишлари ортидан танилган.

У маҳаллий аҳоли юзлашган уй-жой, йўл, энергия таъминоти муаммолари, коррупция ҳолатларини кўтариб чиққан.

Отабек Сатторий муаммоларни ёритиш давомида, асосан, маҳаллий ҳокимлар ҳамда раҳбарларни танқидга тутган.

Блогер билан Сурхондарёдаги муаммоларни ёритишда ҳамкорлик қилган журналист Фазлиддин Меҳмонов орада Би-би-сига Сатторий ҳибсга олинишидан аввал босимларга учраётгани ҳақида гапирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek