Ўзбекистон: ИИВ эркакларнинг соқолини олишни қачон тўхтатади, соқолли британиялик нима қилган бўларди?

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ўтган дам олиш кунлари Тошкент шаҳрида ўнлаб эркаклар ички ишлар идорасига олиб келиниб, соқоллари мажбуран олдирилган. Ўзбекистонда маълум вақтларда қайта-қайта содир бўлаётган инсон ҳуқуқларини топтовчи бу тадбир ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди. Ички ишлар вазирлиги эса норози бўлсангиз шикоят қилинг, демоқда. Би-би-си соқолли британияликлардан полиция мажбурлаб қиртишлаб қўйса, нима қилардингиз, деб сўради.

Ижтимоий тармоқларга қўйилган постлардан маълум бўлишича, Тошкент шаҳридаги кўчада соқол қўйиб юрган фуқароларни ички ишлар органи ходимлари идорага олиб келиб, кўз олдида соқолларини олишни талаб қилган.

Ушбу талабдан бош тортган фуқароларнинг ёзишича, гўёки уларга жиноий иш очиш билан таҳдид қилишган ва соқолларини орган ходимларининг ўзи олиб ташлаган.

Ички ишлар вазирлиги ҳолатга зудлик билан муносабат билдирди ва соқол олиш жараёнига "жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш жараёнида ўтказиладиган тезкор-профилактик тадбирлар" дея таъриф берди.

Вазирлик буни фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлаш мутлақо нотўғри эканлигини таъкидлаган.

Би-би-си Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилиб берилган жавобдан эркакларнинг соқолини олиши тўғри амал бўлган, деган маъно чиқмаяптими, орган ходимлари тўғри қиляптими, деб сўради.

Яна ИИВ эркакларнинг соқоли ўсишини кутиб турадими? Нима учун бу тадбирлар вақти-вақти билан ўтказиляпти ва бунга барҳам берилмаяпти, деган саволларни бердик.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов юқорида берилган жавоб расмий эканлигини айтиш билан чекланди.

Биз Лондон кўчаларидаги соқолли эркаклардан полиция уларнинг соқолини мажбурлаб олса, нима қилган бўларди, деб сўрадик.

Суҳбатдошларимиз саволдан таажжубланиб, қайта-қайта сўради ва бундай кутилмаган амал уларга ёқмаслиги мумкинлиги айтишди.

Айримлар жаҳли чиқиб, портлаб кетиши мумкинлигини айтган бўлса, яна баъзилари қонуний йўл билан ҳуқуқларини талаб қилишини билдирди.

Ушбу ҳолат ўзбек тилли ижтимоий тармоқларда турли эътирозларга сабаб бўлди.

"Хўп, бу зорманда соқоллар олинди, юзлар қиртишланди, лекин инсон организми ўзгармайди: эртаданоқ бу соқоллар яна ўсиб бошлайди, икки-уч ойда асл ҳолатига келиб, узайиб қолади. Унда нима қиласизлар? Яна бюджетнинг пули исроф, яна рейдма-рейд - соқолли йигитларни тутиб келиб, соқол олдирасизларми? Халқнинг пешона тери билан тўлаётган солиғини бамаънироқ, тузукроқ йўлларга сарфлаш чораси йўқми?", деб ёзди блогер Мусанниф Адҳам.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон соқоли олинган эркаклар ҳақларини талаб қилиши кераклигини ёзди.

"Ҳеч биримиз қонунга мурожаат қилмаймиз! Қонуний даъволашмаймиз! Ариза ёзмаймиз! Қонун ҳимоячиси бўлмиш прокуратурага бормаймиз!

"Иш барибир ҳал бўлмайди... Ҳаммаси бир гўр..." деймиз. Улар эса айни шу қўл силташимиздан фойдаланади. Яна иплос ишини давом эттираверади.

Прокурорларни кўз очиргани қўймай, аризаларга тўлдириб ташламаймизми устолларини!" дейди у.

Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров инсон ҳуқуқларини топтаб, соқол олаётган орган ходимларининг жазосиз қолиб кетаётганини шундай изоҳлайди.

"Жазо олмаётганининг шахсий фикримча иккита сабаби бор. Биринчи сабаби, бу буйруқлар анча юқоридан келяпти. Лекин қай даражада юқори келяпти билмадим. Аммо анча юқоридан келаётгани учун улар сабабдан жазоланишдан қўрқмасдан инсонларнинг конституцион ҳуқуқларини бузишяпти. Улар бу ҳуқуқларни бузаётган ходимлар жазо олмаслигини билади. Гунинг учун қўрқмасдан қилишяпти. Иккинчи сабаб, айб биз фуқароларнинг ўзимизда. Яъни биз ҳаққимизни етарлича талаб қила олмаймиз", дейди у.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ҳам ушбу тадбирдан норози бўлганлар ўрнатилган тартибда шикоят қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Бироқ Ўзбекистонда орган ходимлари соқолини мажбуран олишганидан норози бўлган Жамолиддин Муҳаммаджон 2019 йил сентябр ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига шикоят йўллаган.

Ўшанда ички ишлар органи ходимлари Тошкент шаҳридаги 100 дан ортиқ эркакнинг соқолини олганди.

Шикоятга жавоб берган Тошкент шаҳар прокуратураси ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатида бирор-бир қонунбузарлик бўлмаган деб топган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek