You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон, ОАВ: ИИВ ходими мухбирга электрошокер қўллади. Матбуот ходимларига зўравонлик учун жазо бериладими?
Футбол ўйинини ёритишга борган Sevimli телеканали мухбирлари ИИВ ходимлари томонидан дўппосланган. Маълумотларга кўра, ОАВ ходимлари 11 июн куни Ўзбекистон-Ироқ ўйинига кирмоқчи бўлишганида ИИВ ходимлари томонидан калтакланган, техникаларига шикаст етказилган. Тасвирчига электрошокер қўлланилган.
"Тасвирчимни 6-7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаётганди. Ходимларнинг бири оёғига дубинка билан урди. Қолгани қорин ва бош қисмига тепди", дейди "Севимли" мухбири.
ИИВ матбуот хизмати мазкур ҳолат бўйича текширув тайинланганини маълум қилган.
Алоқадор мавзулар:
- Журналист Ганиев ИИБ идорасида нега чўккалаб сўроқ берди? Вазирлик жавоби - видео
- АҚШ огоҳлантирди – Ўзбекистонга бормай туринг, ижтимоий тармоқлар блокланмагандими ва уч йилга қамалган журналист – янгиликлар
- Оч қорним-тинч қулоғим, дея мақтовга сазовор одамлар тўғрисида ёзиб юрибман - журналист бўлиш осонми?
- Freedom House: Ўзбекистон Интернети эркин бўлмаган мамлакат
- Россия, ўзбеклар: Элчихонага борган муҳожир нега калтакланди? Видео
Рухсатнома оёқ билан топталган
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, журналистлар аккредитацияга эга бўлган. Ўйинни ёритиш учун "Пахтакор" стадионига киришмоқчи бўлишганида ИИВ ходимларининг қаршилигига учраган. Махсус рухсатнома кўрсатилишига қарамай, ҳақоратланганлар.
ИИВ ходимларининг мухбирларга "Пресса бўлсанг, бизга по***. Биз топшириқни бажарамиз" деган сўзларини иқтибос қилиб ёзишмоқда нашрлар.
Жабрланган мухбирларнинг сўзларига асосланиб берилган тафсилотларга кўра, ижодий гуруҳ ўз эътирозини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган.
Шундан сўнг ИИВ ходимлари этасвирчининг рухсатномасига чанг солган. Камерасини тортиб олган. Тасвирчига куч ишлатиб, унинг қўлини орқага қайирилган. Уни ҳимоя қилган мухбирнинг ҳам қўлларини қайирилиб, микрофон, рухсатномаси тортиб олинган ва рухсатнома оёқ билан босиб ташланган.
«Оёғига дубинка билан уришди»
Мухбир бундай вазиятга илк бор дуч келганини айтади.
Бир микрафонимга қарайман, бир тасвирчимга. Шу пайт тасвирчимни ерда ётган ҳолатда зарбдан бақираётганига кўзим тушди. 6-7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаётганди. Ходимларнинг бири оёғига дубинка билан урди. Қолгани қорин ва бош қисмига тепди. Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим фақат урманглар деб бақира олдим, холос» дейди журналист.
Мухбирга кўра, ушбу кадрларни атрофдаги гувоҳлар телефонларига тасвирга олишган. Мухбирлар қўллари қайрилган ҳолда Шайхонтҳур туман ИИБ биносига олиб кетилган.
"Икки марта кўкрак қисмимга электрошокер текказди, йиқилдим"
"Тасвирчим оғриққа чидолмай, ички ишлар биноси коридорида ерда ўтириб қолди. Мени эса ташқарига чиқариб юборишди. Операторимнинг соғлиги ёмонлашаётганини кўриб, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Тиббиёт ходими ички ишлар бўлимида қолдириш хавфли эканини, зудлик билан шифохонага олиб кетиш лозимлигини айтди. Шундан сўнг шеригимни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишди", — дейди журналист.
Тасвирчининг сўзларига кўра, ИИВ ходимлари унга қўллаган электрошокердан йиқилган.
Мухбирларнинг ёзишича, улар ИИВ нинг тезкор 102 рақамига хабар беришган. Аммо 2 кун ичида вазиятни ўрганиш учун ҳеч ким келмаган.
"Ортиқча гап қилмаслик" талаби
Тасвирчи касалхонага олиб кетилгандан кейин мухбир ИИВ дан камера, штатив, микрофон ва рухсатномаларини қайтариб беришни сўраган. Унинг кўз олдида флешкани Тошкент шаҳар ИИББга юборишган ва "ўзинг ўша ердан оласан" дейишган. Бу орада улар ёритиши керак бўлган футбол ўйини тугаган. Соат тунги 02:10 ларда мухбир шикастланган камера ва штативини олган. Бироқ микрофон ва рухсатномалар ҳамон қайтарилмаган, деб ёзади мухбирлар.
Бу воқеадан сўнг ички ишлар ходимлари мухбирлардан кечирим сўраб, "ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслиги"ни айтган.
"Бугунги журналистиканинг асл ҳолати шундайми? Журналистлар қачонгача хор бўлади? Чинакам журналист ҳақиқатни ёзадиган, инсонлар тақдирига бефарқ қарамайдиган, ҳар қадамда даҳлдорлик ҳиссини туёладиган қаламинг ўткир бўлиши керак. Димоғдор кимсаларнинг хўрликларидан сўнг журналист "оғзингни юм" қабилидаги гапларга ҳам чидаб юраверса, журналистиканинг ўлгани шу, аслида!", деб ёзади Zamon.uz Фейсбукдаги саҳифасида.
«Айрим фуқаролар жанжал уюштирган»
ИИВ матбуот хизмати мазкур ҳодисага орадан 2 кун ўтиб изоҳ берди. Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов берган маълумотда "Севимли" телеканали ходимлари фуқаролар орасидаги жанжалда жабрланган.
"11 июнь куни «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон-Ироқ футбол терма жамоалари ўйини жараёнида жамоат тартибини сақлашга бириктирилган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан соат 21.00 дан кейин, стадионда бўш жойлар қолмаганлиги сабабли, фуқароларни стадионга кириши тўхтатилган.
Шу вақтда, Алишер Навоий кўчаси тарафдан стадионга кириш учун ташкил этилган ташқи назорат периметрда айрим фуқаролар норозилик билдириб, стадионга киришга ҳаракат қилиб, жанжал уюштиришган.
Ходимлар томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган безорилик ҳаракатлари зудлик билан бартараф этилиб, бир нечта фуқаролар туман ИИБга олиб борилган.
Аниқланишича, фуқаролар орасида «Севимли» телеканали «Замон» дастурининг вакиллари ҳам бўлган ҳамда одамлар ўртасидаги муштлашув жараёнида телеканал оператори Т.Иброхимовга тан жароҳатлари етказилиб, техник ашёлари зарар кўрган. Унга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиб касалхонага етказилган" деб ёзади ИИВ матбуот котиби.
Шунингдек, айни пайтда ҳолат юзасидан текширув тайинланиб, жамоат тартибини бузган фуқароларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидланган.
«ИИВ устидан ИИВ га шикоят қилолмаётган…»
Sevimli телеканали мухбирларининг ИИВ ходимлари томонидан калтакланиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
"Ички ишларнинг устидан ички ишларга шикоят қилолмаётган, Пахтакордаги Ўзбекистон-Ироқ матчида ўласи қилиб калтакланган, буюмлари тортиб олинган, ҳақоратланган ва таҳқирланган "Севимли" телеканалининг журналист-оператори воқеаси.
Тош отган мухлислар бир томон, 3-4 кишилаб тасвирчини тепкилаб урган ИИВ бир томон.
Ҳаммаси комплект юради бизда. Воқеага 2 кун бўлди, на бир изоҳ, на бир оммавий узр, на бир баёнот бор органлардан", деб ёзади журналист Азиза Қурбонова Фейсбукдаги саҳифасида.
"Бу тарзда хашпўшлаш абсурд"
Депутат Расулбек Кушербаев эса журналистларнинг ҳуқуқлари ҳақида жамоатчиликка эслатди ва ИИВ расмий изоҳидан қониқмаганини билдирди.
"Ички ишлар вазирлиги вакилининг ИИБ ходимларининг журналистдан мажбуран тасвирга олиш ускунасини тортиб олган ҳолатини бу тарзда хаспўшлаши абсурд ва мантиқсиз.
Бундай услуб ички ишлар тизими обрўсини оширмайди, билъакс тўкади. Балки вазирни шахсан ўзлари бунга эътибор қилиши керакдир", деб ёзди депутат Кушербаев.
4 йилдан бери кутаяпмиз
Катта аудиторияга эга «Файзбоғ» Телеграм канали ИИВ матбуот котиби «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга зид баёнот берди, деган сарлавҳали постида ИИВ матбуот хизмати баёнотини таҳлил қилди.
«ИИВ кимдан катта карт-бланш олганини билмайман, лекин сўнгги вақтларда бу орган ходимларининг хатти-ҳаракатларини ҳеч ким текширмаётгани, ўзларидан бўлак бошқа бирорта орган уларнинг ички ишига аралашмаслиги одамни ҳайратга соляпти. ИИВ матбуот хизмати ҳали бирор марта ходимларининг айбини тан олганини кўрмадим. Унинг телеграм расмий каналига назар солсангиз, сўнгги учта постида ИИБ ходимлари томонидан куч ишлатгилгани яққол исботланган ҳолатларни ҳам ўз фойдасига ишлатиб, "иблис адвокати" ролини бажарганини кўришингиз мумкин.
Жамоатчилик билан доимий низоларга, "виртуал урушга" киришиш билан тизимни ўзгартириб бўлмайди. Бу биринчи, ва ўйлайманки, охирги резонанс ҳам эмас. Масъул раҳбарлардан вазирликни ислоҳ қилиш йўлида сиёсий ирода кутиб қоламиз (4 йилдан бери кутяпмиз)» деб ёзади «Файзбоғ» канали.
Босим учун жавобгарлик керак!
Ҳуқуқшунос журналист Зафарбек Солижоновга кўра, бу каби вазиятлар Ўзбекистонда ОАВларга бўлган ҳақиқий муносабатни кўрсатади.
«Энг ачинарлиси, бу ҳолат сиёсий ирода кўрсатилиб, чидаб турилгандаги ҳолат», деб ёзади журналист.
Зафарбек Солижонов воқеаларни ўрганиш учун Журналистлар уюшмаси, АОКА ва ИИВни назорат қилувчи орган ходимлари иштирокида фавқулодда комиссия тузилиши ва вазият холис ўрганилиб, айбдорлар ўз жазосини олиши лозимлигини билдирди.
«ОАВ ходимларига босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги лойиҳани қабул қилиш ҳар қачонгидан ҳам зарурлиги ўз исботини топди» дейди ҳуқуқшунос.
Безорини матбуотдан ажрата олмайдиган ходимлар фақат тизим учун зарар.
ИИВ ходимларининг «Севимли» телеканали ижодий гуруҳига куч ишлатиши вазиятини қоралаб АОКА раҳбари Комил Алламжонов ҳам муносабат билдирди.
"Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу ҳолатни ўрганиб, айбдорларни жазолаши шарт. Қуруқ гапни айлантириш ечим эмас. Безорини матбуотдан ажрата олмайдиган ходимлар фақат тизим учун зарар", деб ёзди Комил Алламжонов Телеграмдаги расмий саҳифасида.
Шунингдек, АОКА ташкилоти матбуотни қўллаши ва журналистларни ҳимоя қилишини эслатиб, журналиятлар уюшмасини ҳам янада фаол бўлишга чақирди.
"Бу институтлар шундай пайтда ўзини кўрсатмаса, яна қачон уларни сезамиз", деди АОКА раҳбари.
Кеча калтакланиш, бугун телефонни тортиб олиш
ИИВ ходимларининг «Севимли» телеканали мухбирларига зўравонлиги мавзуси бугун Андижонда ИИБ ходими Human.uz сайти ходимига куч ишлатилгани ҳақидаги хабарларга уланиб кетди.
Маҳаллий нашрларга кўра, 13 июн куни эрталаб Янги бозор савдо мажмуасида Андижон ИИБ ходими томонидан Human.uz мухбирининг хизмат телефони куч ишлатиш йўли билан тортиб олинган.
Мухбир бугунги кунда Ўзбекистонда долзарб бўлиб турган мавзулардан бири - шакар савдосини видеотасвирга олаётганлиги ва ИИБ ходими мухбирдан видеотасвирларни ўчиришни талаб қилгани айтилмоқда.
«Кеча футболга кира олмаган Замон мухбирларини калтаклашганди. Энди шу ҳолат (журналистга таҳдид, иш фаолиятига тўсқинлик қилиш) Андижонда такрорланяпти», деб ёзади мухбир Далиев Телеграм канали.
ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов бу борадаги баёнотида «фуқаролар томонидан уларни юзларини тасвирга олишига эътироз билдирилиб, ҳуқуқларини поймол қилмасдан тасвирни ўчириб ташлаш талаб қилинган»ини маълум қилган.
Ўзбекистонда ОАВ ходимларига нисбатан юқори мансабли амалдорлар, расмий шахслар томонидан куч ишлатиш, зўравонлик, техникаларига шикаст етказишлари ҳоллари аввал ҳам бир неча бор кузатилган.
Бош прокуратура назоратга олди
Расмий баёнот "Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» стадиони атрофида оммавий ахборот воситалари ходимлари калтакланиши, уларнинг фаолиятига кўрсатилган тўсқинлик ҳолатларини ўрганиб, ҳуқуқий баҳо бериш хусусидаги сўрови ўрганиб чиқилмоқда.Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 10-моддасида давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишда унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозимлиги, 14-моддада эса журналистнинг ушбу ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.Прокуратура томонидан ушбу юзага келган ҳолат ваколат доирасида ўрганиб чиқилади ва иштирокчилар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга қонун доирасида чоралар кўрилиши таъминланади".
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.