You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Россия, ўзбеклар: Элчихонага борган муҳожир нега калтакланди? Видео Rossiya dunyo yangiliklar
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат билан борган ўзбекистонлик Жўрабек Амонов консулликнинг икки ходими томонидан дўппосланиб, жиддий тан жароҳатлари олган.
Бухоролик муҳожир юз минглик аудиторияга эга блогер бўлиб, кўнгилли равишда юртдошларига ёрдам бериб юрган:
Қизчага ёрдам бераман деб
Жўрабек Омоновнинг Би-би-сига айтишича, элчихонага боришининг сабаби ҳам мигрантларга оид муаммоли вазият бўлган.
"Элчихонага боришимнинг сабаби - онаси ташлаб кетган 2 ёшли болакайга ёрдам бериш мақсади эди. Элчихона ходимлари билан гаплашдик, мени таклиф қилишди. Келинг, элчихонада бафуржа гаплашамиз, маълумотларни оламиз, дейишди" - гапириб беради Жўрабек Амонов.
Жанжал нимадан келиб чиқди?
Блогер муҳожирнинг айтишича, консуллик ходимларининг қўпол муомаласи унинг нафсониятига теккан.
"Кириш пайтида аёллар кираяпти, мен ҳам кираяпман, сен шошма, кейинроқ кирасан, деб орқага итаришди. Чиқаётганимда эшикни дарҳол ёпишаётган пайтда ҳали қўлим чиқмасидан қисилиб телефоним синди. Икки телефоним баробар тушиб кетди. Нима қилаяпсизлар?, дедим. "Телефонингни ол, чиқ, йўқол", дейишди. Яна сансираган ҳолда" - дейди Жўрабек.
Шундан сўнг муҳожир консуллик ходимларига "кимсизларки, менга сансираб гапирасизлар", - дея жаҳл билан эътироз билдирганини айтади.
"Ўша жойда КПП хонасига олиб кириб, икки ходим муштлаб кетишди", - дейди у.
"Мен уларга жавоб қайтарганим йўқ, ўзимни ҳимоя қилдим. Чунки керак эмас бу нарсалар, қимматга тушади" - гапириб берди блогер.
"Айб ўзингизда. Нега съёмка қилаверасиз?"
Жўрабек Амонов бу ҳолат буйича бош консулга шикоят билан кирмоқчи бўлгани, аммо дўппосланиб, ҳожатхонага қамаб қўйилганини айтади.
"Консулга шикоят учун кетаётганимда бири орқамдан тортди. Ўша ерда кутилмаганда урганига бурним синди. Ҳожатхонага олиб киришди. Телефонларимни куч билан олиб қўйиб ичидаги видеоёзувларни ўчиришди. Ичида нима бўлгани, ўша ерда поллар қон экани, ҳамма воқеа бор эди. Фақат Facebook да жонли эфир қилишга улгурдим" - дейди муҳожир.
19 август куни Facebook да жонли эфирга кетган ҳодисада Жўрабек Амоновнинг ҳожатхонада эшик ёнида тургани, кимгадир гапиргани кўринади.
- Нима учун мени бу ерга қамаб қўйгансиз? - сўрайди блогер.
- Нега съёмка қилаверасиз? Айб ўзингизда, ўзингиз бошладингиз, - дейди экранда кўринмаган ходим.
- Айб менда бўлса, тегишли жойларга сизлар ариза ёзинглар.
- Бу ерда ниқоб тақмай жанжал қилаяпсиз.
- Мен ниқоб билан кирдим, -дейди мигрант.
Тортишувдан кейин эшик ёпилиб қулфланганлиги овози эшитилади.
"Ходимлар индамай ўтиб юрибди"
Элчихона ходими эканлиги айтилган шахс мигрантни бинога ниқобсиз кирганлигини айтган, аммо мигрантнинг элчихонага кирган пайтида юзида ниқоб бўлганлигини видеотасвирларда кўриш мумкин. Кейинчалик муштлашув пайтида ечилган, ёки тушган бўлиши мумкин.
Жўрабек Амонов шикоят учун расмийлар билан учраша олмагани ва булаётган ишларга у ердаги ходимларнинг лоқайд муносабатини айтади.
"Ичкарида қанча ходимлар турибди. Фаррош келиб, полдаги қонни тез-тез ювиб артиб кетаяпти. Мен Бош консулни ёки бирон раҳбарни чақиринглар, ходимларига танбеҳ берсин, деяпман. Афсуски, бундай нарса бўлмади. Бош консул балки банддир, лекин у шовқинни эшитиб, ҳеч ким чиқмади. Ўша ердан ўтиб қайтаётган ходимлар ҳам индамай, ҳеч нима бўлмаётгандек ўтишди" - дейди Жўрабек Амонов.
"Эркакча гаплашайлик"
Муҳожир олган видеотасвирларнинг бирида у ташқарида экан, консуллик ходими эканлиги айтилаётган шахс унинг ёнига келиб, қайтиб кириб гаплашиши мумкинлигини, аммо видеога олмасликни сўрайди.
"Сиз журналистмассиз-ку, тўғрими? Шу суратга олганингиздан нима фойда?" - дейди расмий шахс.
Сўнг "публикага ўйнаяпсизми?", видеони ўчириб қўйиб, " мен билан гаплашинг, эркакча гаплашайлик", каби гаплари эшитилади.
Муҳожир шу тарзда ўзини ҳимоя қилаётгани, видеони ўчирса, яна калтаклашларига кафолот йўқлигидан ҳавотирини билдирган.
Бошқа футболка беришди
Шу тариқа Журабек Омонов расмийлар билан учраша олмай элчихонани тарк этган.
"Шу даражада ҳаммаёғим қон бўлиб кетдики, элчихонадан шу аҳволда чиқишимни исташмади. Бошқа футболка беришди, эгнимдаги футболка устидан кийиб, у ердан чиқиб кетдим" - дейди блогер.
Муҳожирнинг консуллик бўлими биносида ичкарига тортиб олиб кирилгани ва дўппосланганини ўша пайтда консулликка киришга навбат кутаётган гувоҳлар тасдиқлаган ва бу видеотасвирлар Би-би-сида бор.
Жўрабек Омонов элчихонадан чиқиб, шифокор кабулига борган. Пирогов номли илмий текшириш институти шифохонаси нейрохирурги "бурун суяги синиши" ташхисини қўйган ва у ерда тиббий хизматлар кўрсатилган.
"Аввалги уришда полиция чақирганмиз"
Би-би-си Ўзбек хизмати бу ҳодиса тафсилотларини ўрганиши жараёнида элчихона ва консулликка яқин бир неча манбалар бу фактларни тасдиқлашди ва айни пайтда иш судлашишгача бормаслиги учун мигрант билан келишув олиб борилганини билдиришди.
Мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи юристлардан бири консулликда мигрантларнинг калтакланиши ҳодисаси аввал ҳам бўлганини гапириб берди.
"Улар кўп одамни урган у ерда. Шунчаки ҳамманинг "духи" етмайди гапиришга, андиша қилади халқимиз. Шунга ўхшаш бир воқеада биз ҳатто полиция чақириб олгандик. Улар эса келиб биз ёрдам беролмаймиз ичкарида урган бўлса деганди", - деди суҳбатдошимиз.
Жавоб...
Мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва консуллиги билан боғланишга бир неча бор уринишларимизга қарамай, жавоб бўлмай келаяпти.
Колл-центр ходими саволларимизга жавоб беришга ваколати йўқлигини айтиб, телефон рақамимизни ёзиб олди ва расмийлар қўнғироқ қилиб, изоҳ билдиришини айтди.
Аммо ҳеч ким қўнғироқ қилмади. Кейинги қўнғироқларимизда консулликнинг бошқа рақами берилди. Бу рақамга ҳеч ким жавоб бермади.
Элчихонанинг Facebook даги саҳифасида фуқаролар мурожаати ва хабар қолдириш жойи ёпиб қўйилган.
Расмий сайтда кўрсатилган электрон манзилига ёзган хатимизга ҳалигача жавоб олганимиз йўқ.
Муштлашув ҳақидаги сўз йўқ ахборот
20 август куни Би-би-си мурожаатидан сўнг элчихона расмий сайтида ушбу ҳодиса юзасидан ахборот эълон қилди.
Унда Жўрабек Амонов элчихонага ноқонуний киришга уринишда, ҳужжатларни тақдим этиш талаблари ва эпидемиология хавфсизлик чоралари каби бир неча қоидаларни бузгани таъкидланган.
"Натижада, у чет эл муассасаси хавфсизлик ходимлари томонидан тўхтатилди ва дипломатик миссия ташқарисига чиқарилди", дейилади хабарда.
Аммо хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Жўрабек Амоновга нисбатан куч ишлатилгани, жиддий тан жароҳати етказилгани ҳақида сўз юритилмаган.
Би-би-си барча томонлар учун очиқ, бу мавзуни ўрганишда давом этади ва вазият юзасидан томонларнинг муносабатларини қабул қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek