You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Оч қорним-тинч қулоғим, дея мақтовга сазовор одамлар тўғрисида ёзиб юрибман - журналист бўлиш осонми? Markaziy Osiyo янгиликлар
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
Тожикистондаги бир қатор журналистик ташкилотлар мамлакатда журналистларга босим ўтказилаётгани борасида қўшма баёнот билан чиқишди.
Баёнот Тожикистон ОАВ кенгаши сайтида чоп этилди. Улар орасида Тожикистон Оммавий ахборот воситаларига оид кенгаши,Тожикистон мустақил ОАВ Миллий ассоциацияси, Тожикистон журналистик тадқиқотлар маркази, "Хома" ижтимоий ташкилоти, "Медиа-консалтинг Таджикистана" ижтимоий ташкилоти, Тожикистон Медиа Альянси бор.
Лекин мамлакатдаги энг катта ташкилот - Тожикистон Журналистлар иттифоқи баёнотга имзо чекканлар орасида йўқ. Журналистик ташкилотлардан сал кейинроқ Тожикистон Демократик партияси етакчиси Саиджафар Усмонзода мамлакат парламентининг юқори палатаси раиси Рустам Эмомалига мурожаат билан чиқди. Ижтимоий тармоқ орқали йўлланган бу мурожаатда блогер-журналист Далер Имомалини калтаклаган ҳуқуқ-тартибот ҳимояси ходимларини жазолашга чақирилади.
Журналистик ташкилотлар баёнотида кейинги пайтларда тожик журналистларига нисбатан босим кўрсатиш ҳоллари кўпайган. Баёнотда жумладан «Озодий» радиоси мухбири Муллоражаб Юсуфзоданинг калтаклангани, мазкур радионинг бошқа мухбирлари Барот Юсуфий, Анушервон Орифов, Насим Исамовнинг касбий фаолиятларини амалга оширишга тўсқинлик қилингани, улардан телефон ва видеоаппаратуралар тортиб олингани таъкидланади.
Шунингдек, баёнотда келтирилишича, «Азия-Плюс» мухбири Рамзия Мирзобекованинг телефон ва компютери олиб қўйилган, мустақил журналист, блогер Далер Имомали дўппосланган, босим остида у тайёрлаётган материаллар ўчириб ташланган.
"Тожикистон демократик ва ҳуқуқбунёд давлат сифатида ўз қонунларида жумладан, Конституцияда сўз эркинлигини кафолатлайди ва цензурани тақиқлайди", дейилади баёнотда. Тожикистон Республикаси Жиноий кодексининг 162-моддасига кўра журналистларнинг қонуний касбий фаолиятларига тўсқинлик килиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жазо назарда тутилган.
Журналистик ташкилотлар шундан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқ-тартибот мақомотлари ва бошқа тизимларнинг журналист ва блогерлар ҳуқуқини бузишларига йўл қўймаслик зарур деб ҳисоблашади. Журналистик ташкилотлар кейинги воқеаларни сўз эркинлигига босим дея кўриб, бу тожик жамиятига зарар келтиради, дея ҳисоблашади. Баёнотда журналистлар манфаатини ҳимоя қилиш йўлида аниқ талаблар илгари сурилади.
Биринчидан, ҳукумат, жумладан ҳукук-тартиботни сақлаш мақомотларининг оммавий ахборот воситалари масаласида мамлакат қонунчилигига риоя қилишлари ва қонун бузилиши ҳолларига йўл қўймасликлари шартлиги таъкидланади.
Иккинчидан, журналистлар, жумладан Муллоражаб Юсуфзода ва Далер Имомалининг ҳуқуқларини бузган кишиларни қонунчиликка кўра жавобгарликка тортиш зарур деб саналади.
Хуқуқ-тартибот ҳимояси мақомотлари журналистларнинг касбий фаолиятларига тўсқинлик килган ҳолларни чуқур ўрганишга ва қонун юзасидан айбдорлрани жазога тортишга чақирилади. Ҳукумат эса, бу воқеаларга жиддий ёндашиб, айбдорларни аниқлаши ва бу борада жамоатчиликка маълум этиши зарурлиги айтилади.
"Бизга Далер Имомалининг блогер сифатида асосан муҳим ижтимоий ва масалаларни ёритгани маълум. Унинг материалларида жамият ҳаётини издан чиқариш ва ҳукуматни ҳақоратлашга уриниш ҳоллари йўқ. У жамиятнинг фаол бир аъзоси сифатида ўз вазифасини бажара бориб, ривожланган мамлакатларда қабул қилингани каби мавжуд камчиликларни тузатиш истагида фаолият юритган", деб ёзади Тожикистон Демократик партияси етакчиси Саиджаъфар Усмонзода. У "жамоатчиликка, айниқса, журналистларга бундай муносабат кўпчиликда норозилик уйғотиши мумкинлиги"ни таъкидлайди.
Тожикистон Демократик партияси мурожаатида Далер Имомали билан кўнгилсиз воқеа юз берган Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур тумани ҳуқуқ-тартибот ҳимояси мақомотлари кескин танқид остига олинади. «Айрим ҳукумат хизматчилари томонидан бу каби ноқонуний ҳаракатлар кам содир этилади. Лекин уларга ҳар доим ҳам ҳуқуқий баҳо берилавермайди. Ҳар қандай ҳолда давлат мулозимларининг бу каби ҳаракатлари давлатимиз ва жамоатчилик обрўсига путур етказиши мумкин», дейилади партия мурожаатида. Тожикистон Демократик партияси раҳбарлари мамлакат парламенти юқори палатаси раиси Рустам Эмомали «Тожикистонда давлат мулозимларининг бу каби ҳаракатлари бошқа такрорланмаслиги учун» айбдорларни топиб, жазолашни сўрашган.
Блогер Далер Имомалининг жорий июн ойида Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур туманида фуқаролар қабули борасида репортаж тайёрлаётганида ҳуқуқ-тартибот ҳимояси мақомоти ходимлари томонидан беш соатгача ушлаб турилгани, тергов давомида уни уришгани айтилади.
Ўз исмини билдиришни истамаган журналистнинг айтишича ҳозир Тожикистонда бундан ўн йил олдигига қараганда эркин сўз айта олиш осон эмас. Ўтган йиллар орасида кўп мустақил нашрлар ёпилиб кетди, чет элга кетиб қолган журналистлар оз эмас, деди у. Бу журналистнинг фикрича, ҳатто иқтисод ва ижтимоий соҳалардаги мавжуд камчиликларни танқид қилиш ҳам айниқса маҳаллий ҳукуматлар томонидан бузғунчилик, мамлакат тинчлиги, осойишталигини бузишга уриниш деб талқин қилинади.
"Мен анча йиллардан буён биронта танқидий нарса ёзган эмасман, Оч қорним-тинч қулоғим, дея мақтовга сазовор одамлар тўғрисида ёзиб юрибман, мактаб, саломатлик марказлари қурилишлари, ўн беш-йигирма кишини иш билан таъминлаётган янги корхонанинг ишга туширилгани борасида беозор хабарлар тайёрлаяпман", деди бошқа бир журналист.
Расмийлар эса, айрим журналистларнинг мўмайгина пул ишлаб қолиш мақсадида хориждан юборилган буюртмаларни бажариш учун яхши ўрганилмаган, текширилмаган, ёлғон-яшиқ хабарларни тарқатаётганларида айблашмоқда. Бу каби хабарлар, мақолаларнинг бузғунчилар, террорчилар тегирмонига сув қуйиши айтилади.
Расмийлар ўтган май ойида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Хоруғ шаҳри ва Рўшон туманида бир неча нафар гуноҳсиз одамнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳодисаларини ҳам нотўғри талқин қилишга уринишлар бўлганини таъкидлашади. Тожик телевидениесида намойиш этилган «Шикаст» филмида эса, айни шу воқеалар тартибсизликлар, маҳаллий ҳукумат ва ҳуқук-тартиботни ҳимоя қилувчи мақомотлар ходимларига нисбатан таҳдидлар, террорчилик ҳаракатлари деб баҳоланган.
Айрим журналистларга кўра, Помирда юз берган воқеалар вақтида, кенг ёритилганда оммага таъсири бошқача бўларди. Лекин уларга Бадахшонга боришга изн берилмаган.
"Биз фақат кўпчилик томошабинлар, тингловчилар, ўқувчилар учун қизиқарли бўлган воқеаларни бевосита ёритиш нари турсин, ҳатто нималар бўлаётгани ҳакида тегишли масъул ташкилотлардан зарур маълумотларни ола олмаймиз", деди айни шундай муносабат журналистикадаги холислик принципига риоя қилишини қийинлаштираётганини айтган журналист.
Баёнот билан чиққан журналистик ташкилотларга кўра агар мамлакатда ОАВга муносабат кескин ўзгармаса, босим ва тазйиқлар давом этаверса, ички тақиқлар кучайиб, тинчгина ҳаёт кечириш йўлини танлаётган журналистлар тобора кўпаяверади.
Халқаро журналистик ташкилотлар тадқиқотига кўра Тожикистон матбуот эркинлиги бўйича дунё давлатлари орасида энг кейинги ўринлардан бирида туради. «Чегарасиз репортёрлар» жорий йилда Тожикистонни 180 мамлакат орасида 152-ўринга қўйди. Гарчи бу борада Тожикистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида фақат Туркманистондан олдинда бўлса-да, янги баҳолашда матбуот эркинлиги даражаси бўйича олдинги йилдагидан бирданига ўн поғона юқори кўтарилгани ҳам таъкидланиб турилмоқда.
Расмийлар эса, Тожикистонда журналистлар учун барча қулай шароитлар яратиб берилгани, ҳеч қандай цензура йўқлигини таъкидлаб келишади.
Журналистик ташкилотлар баёноти ва Тожикистон Демократик партияси раиси мурожаатига эса, ҳозирча расмий муносабат билдирилмаган.
- Тожикистон Тоғли Бадахшонда нималар бўлмоқда?
- ИШИД Афғонистондан Тожикистонни ракета ҳужумига тутдими?
- Ўзбекистон-Тожикистон: Чегара-назорат ўтказиш масканлари 2 йилдан сўнг қайта очилди
- Тожикистон: Янги йилдан ким нима умидда, ким нимадан норози?
- Тожикистон - президент сайлови: мустақил номзод рўйхатга олинмади
- Помир тилларидаги биринчи газета ёки бу тилларни қандай асраб қолиш мумкин?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek