Ўзбекистон: Назоратга олинган Kinder ва савдода рублдан фойдаланиш аллақачон бошланиб бўлганми? - O'zbekiston, yangiliklar

deputy

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Shuhrat Vafoyev
  • Вазир ўринбосари рублдан фойдаланиш Ўзбекистонга хавф туғдирмаслигини айтди;
  • Сардор Умурзоқов Сергей Лавров билан сўзлашди;
  • ССВ Kinder шоколадларини назоратга олди;
  • Иномарка импорти қарийб 3 баробарга ортди;

Рублда бошланган савдо

Ўзбекистон савдо алоқаларида рублдан фойдаланишни аллақачон бошлаб бўлган, деган мамлакат Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев.

РБК нашрининг хабар беришича, Вафоев Тошкентда ўтган "Иннопром" форумида мамлакатлараро савдода ҳисоб-китобни миллий валюталарда амалга оширишни муқаррар ва яхши тренд, дея атаган.

Унинг фикрича, МДҲ давлатлари миллий валюталари ҳали анча "ёш" ва уларга нисбатан ишонч пайдо бўлиши учун узоқ вақт талаб этилган.

Алоқадор мавзулар:

"Россия рублига нисбатан айтишимиз мумкин - у бундай даражага эришиб бўлган ва биз Ўзбекистонда савдо алоқаларида рублдан фойдаланишни аллақачон бошлаб юборганмиз. Умид қиламанки, икки томонлама савдода ҳисоб-китобнинг бундай кўриниши ҳали кенгаяди", дея Вафоев сўзларидан иқтибос келтирган РБК.

Вафоев Россия билан рублда савдо қилиш Ўзбекистонга катта хавф туғдирмаслиги ва импорт ҳажми экспортдан каттароқ экани сабабли мамлакатга доимо кўпроқ рубль керак бўлишини таъкидлаган.

Лавров билан сўзлашув

sardor

Сурат манбаси, Rossiya TIV

28 апрель куни Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали сўзлашган.

Бу ҳақда хабар берган Россия ТИВ сўзлашув давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрь ойида Россияга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш ишлари юзасидан фикрлар алмашилганини маълум қилган.

"Томонлар сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар истиқболлари, Россия ва Ўзбекистоннинг МДҲ, ШХТ ва, умуман, ташқи сиёсий йўналишдаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар", дейилади расмий хабарда.

27 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўп йиллар раҳбарлик қилган Абдулазиз Комилов лавозимидан олиниб, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган Владимир Норовга вазирликни бошқариш вазифаси юклатилган эди.

Назоратга олинган Kinder

kinder

Сурат манбаси, Getty Images

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жаҳонда кузатилаётган сальмонеллёз инфекцияси тарқалиши фонида "Kinder" савдо белгиси остидаги ширинликларни назоратга олган.

Вазирлик ҳозиргача дунёнинг 11 давлатида сальмонеллёз касаллигига чалиниш ҳолатлари кескин ортиб кетиши айни шу ширинликлар билан боғлиқ эканини билдирган.

Бир вақтнинг ўзида ССВ Ўзбекистонда шоколад маҳсулотларидан сальмонеллёз инфекцияси тарқалиши қайд этилмаганини тилга олган.

"Шунга қарамай, эҳтиёт чоралари кучайтирилиб, юртимизга кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган барча ширинликлар қатори, "Kinder" савдо белгиси остидаги маҳсулотларнинг хавфсизлиги ҳам назоратдан ўтказиляпти", дейилади вазирлик баёнотида.

Каррасига ошган иномарка импорти

car

Сурат манбаси, Daryo.uz

Ўзбекистонга йилнинг ўтган 3 ойи давомида 8 508 та енгил автомобиль импорт қилинган.

Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 баробарга кўп.

Шунингдек, бу йилнинг 3 ойи давомида мамлакатга 455 та электромобиль кириб келган.

Қўмита январь-март ойларида мамлакатга энг кўп енгил автомобиллар Хитойдан олиб келинганини билдирган - 4 482 та.

Рўйхатдаги учликни Жанубий Корея (2 101 та) ва Қозоғистон (1 019 та) якунлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek