Ўзбекистон: Мактабдаги “уят” видео ва Алламжонов Тошкент ҳокими бўладими? – янгиликлар, O'zbekiston, Dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Mass-medi fondi
- Алламжонов борасидаги миш-мишларга муносабат билдирилди;
- Ўқувчиларни изза қилган синф раҳбари ишдан ҳайдалди;
- Наврўзда умумхалқ сайилларига рухсат берилди;
- Фарғона бир кунда 100 дан зиёд қиморбоз қўлга тушди;
"Асоссиз миш-миш"
Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тез кунларда Комил Алламжонов тайинланиши кутилаётгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган.
Бу хабарларда тайинлов яқин вақт ичида бўлиб ўтиши, амалдаги ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қайси лавозимга ўтиши ҳозирча номаълум экани тўғрисида сўз боради.
Алламжонов васийлик кенгаши раиси бўлган Масс-медиа фонди ушбу хабарларни рад этиб чиққан.
Фонд матбуот котиби Хикматулла Убайдуллаев буни "асоссиз миш-миш" дея атаган.
"Журналист ва блогерлардан турли асоссиз миш-мишларнинг тарқалишига ҳисса қўшмаслик, ахборот тарқатишда масъулиятли бўлишга чақирамиз", ёзган Убайдуллаев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Алоқадор мавзулар:
- Эксклюзив: Худога ҳеч қачон ишонмаганман – Ўзбекистон атеистлари билан илк суҳбат, видео
- Ўзбекистон: Тошкентда нега Украина байроғи намойиш этилди ва дарёга отилган банкоматнинг баҳоси қанча? – янгиликлар
- Ўзбекистон: Давлатнинг бир сўмига хиёнат қилмаган Ортиқхўжаев ва маърузачи домлалар яна огоҳлантирилдими? – Янгиликлар
- Ўзбекистон: Гулноранинг пуллари кимга қайтарилади ва андижонлик депутатлар узрбозлик тадбирини оқлаб чиқдими? – Янгиликлар
Изза қилинган ўқувчилар

Сурат манбаси, Screenshot/Social media
Наманганда дарс қилиб келмаган 1-синф ўқувчиларини синфхонада изза қилдирган ўқитувчи ишдан бўшатилган.
Ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқда тарқалиб кетган.
Видеода доска олдида турган олти нафар ўқувчига қарата синфдошлари "уят" деб бақираётгани кўринади.
Ушбу воқеа Учқўрғон туманидаги мактаблардан бирида содир бўлганини билдирган вилоят халқ таълими бошқармаси синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини маълум қилган.
Бошқарма ҳолатни икки ўқувчи тасвирга олиб, ота-онасига юборганини қўшимча қилган.
Расмий баёнотда, шунингдек, мактаб директори, маънавий-маърифий ишлар бўйича мактаб директори ўринбосарига ҳайфсан берилгани, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари жиддий огоҳлантирилгани билдирилган.
"Вилоят Халқ таълими бошқармаси таълим-тарбия борасида бундай ҳолатларни қўллаш умумэътироф этилган мезонларга мутлақо зид деб баҳолайди ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслиги чора-тадбирларини кўриб боради", дейилади баёнотда.
Рухсат теккан Наврўз

Сурат манбаси, President.uz
Икки йилга яқин вақтдан бери давом этаётган пандемия ортидан Наврўзни умумхалқ сайиллари кўринишида ўтказишга рухсат берилган.
Президент Шавкат Мирзиёев "2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорни имзолаган.
Қарорга кўра, бу йилги Наврўз "Ассалом, Наврўз - янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!" деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланади.
Қарорда, шунингдек, фуқароларга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакиллари, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Меҳр дафтари"га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш тавсия қилинган.
Қўлга тушган қиморбозлар

Сурат манбаси, Chimboy tuman IIB
7 февраль куни Фарғона шаҳрида 100 нафардан зиёд қимор ўйини иштирокчилари қўлга олинган.
Вилоят ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, шу куни ўтказилган тадбирда Фарғона шаҳрида қимор ва таваккалчиликка асосланган лотто ўйини ўйнаётган 42 нафар фуқаро аниқланган.
Улардан жами 12 миллион 247 минг сўм ва 17 хил буюм ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Марғилон шаҳридаги ошхона биносида ҳам айни кўринишдаги ўйин тўрт нафар шахс томонидан ташкил этилгани маълум бўлган.
"Улар 49 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда, қимор ўтказиб келаётганда тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашёлар билан қўлга олинган", дейилади хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















