You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
Ўзбекистон: Гулноранинг пуллари кимга қайтарилади ва андижонлик депутатлар узрбозлик тадбирини оқлаб чиқдими? – O'zbekiston янгиликлар yangiliklar
- Гулнора Каримованинг пуллари қайтариладиган жамғарма очилади;
- Андижонлик депутатлар узрбозлик тадбири юзасидан мурожаат тарқатди;
- Президент импорт машиналар учун божни икки баробар пасайтиришга кўрсатма берди;
- Фарғона водийсидаги метан заправкалар вақтинча ишламайди;
Қайтаётган пуллар
Гулнора Каримовага тегишли $10 миллион Франциядан Ўзбекистонга қайтарилган.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Каримовага нисбатан жиноий иш юритувига оид тўлиқ мусодара қилинган ва Швейцарияда давом этаётган жиноий иш доирасида келажакда мусодара қилинадиган ҳар қандай қўшимча активларни қайтариш учун БМТнинг кўптомонлама траст жамғармаси ташкил этилади.
Алоқадор мавзулар:
Вазирлик 11 февралда Швейцария ва Ўзбекистон томони бу масалани музокара қилганини билдирган.
"Ҳозирги кунда тахминан $131 миллион қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр", хабар қилган Адлия вазирлиги.
Маълум қилинишича, Жамғарма бошқарув механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакилларидан ташкил топади.
Шу орқали Швейцария ва Ўзбекистон активларни қайтариш жараёнига тўлиқ жалб этилади.
Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (УНСДCФ)га мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади.
Расмий хабарда Жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлаши тилга олинган.
"Бундан ташқари, Москва шаҳар суди томонидан Ўзбекистон судларининг Г.Каримова ва унинг шерикларига нисбатан чиқарган ҳукмлари тан олинди ва ҳозирда Россия томони билан Ўзбекистон Республикасига қайтариш учун мусодара қилинган мол-мулкларни сотишни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Қайтарилган маблағлар мамлакатимиз аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланади", қўшимча қилган вазирлик.
Адлия вазирлиги 2020 йилнинг май ойида ҳам Франциядан $10 миллион қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганини эслатиб ўтган.
"Муҳокамага чек қўяйлик"
Андижонлик депутатлар шов-шувларга сабаб бўлган ўқитувчиларнинг мажбуран кечирим сўратилиши мавзуси муҳокамасига чек қўйилишини сўраб, мурожаат тарқатганлар.
4 февраль куни Марҳамат туманидаги мактаблардан бири директори ва ўқитувчилари ўқувчилар билими қониқарсизлиги юзасидан ота-оналардан узр сўрашга мажбурлангани ўзбекистонликларнинг кескин эътирозига сабаб бўлган эди.
Маҳаллий нашрлар узрбозлик тадбири туман ҳокимининг топшириғи билан ташкиллангани ҳақида ёзган.
Бунинг ортидан ҳоким ўринбосари, мактаб директори ва туман халқ таълими бўлими мудири ишдан бўшатилган.
Туман ҳокимига эса ҳайфсан берилган.
Мавзу атрофидаги мунозаралар ҳали совимай туриб, 13 февраль куни Халқ депутатлари Марҳамат туман ва вилоят кенгаши депутатларининг ушбу воқеани ортиқ муҳокама қилмасликни сўрагани тасвирланган видеомурожаати тарқалган.
Мурожаатда депутат Хафиза Мамаризаева "яхши ниятда бошланган эзгу иш қандай қилиб чаппасига кетганидан ҳайрон" эканини билдирган.
У бундай танқидлар "Марҳамат тумани аҳолиси руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётгани"ни таъкидлаган.
Туман ҳокими ёшлар таълимини ривожлантириш учун катта ташаббуслар кўрсатаётганини таъкидлаган депутат Ортиқали Ҳусанов юз берган воқеа жамоатчилик томонидан нотўғри тушунилди, дея баҳолашини айтган.
Депутат Даврон Мақсудов эса журналист ва блогерлардан мавзуга оид баҳсларни тўхтатишни сўраган.
"Тўғри, йиғилишни ташкил қилишда камчиликлар бўлди. Туман ҳокими, ҳатто вилоят ҳокими узр сўраб чиқди. Ҳамма блогер ва журналистлар сизларни сессияларимизга таклиф қиламиз. Биз депутатларда бир хил фикр бўлмайди. Биз жуда кенг фикрловчи одамлармиз.
Кимдир камчиликка йўл қўйди, кимдир узр сўради. Келинглар, туман халқи билан келажакка қараб юрайлик. Ҳадеб орқага қарайверсак, орқага қараб юриб кетиб қоламиз. Камчилик ва қиладиган ишлар жуда кўп", гапирган Мақсудов депутатлар мурожаатида.
Андижонлик депутатларнинг ушбу мурожаати тармоқ фойдаланувчилари томонидан танқидлар билан қабул қилинган.
Фикр билдирувчилар ваколати кенг ҳокимларнинг бундай узрбозлик кампаниялари ўтказишига, аслида, депутатларнинг ўзи қарши туриши лозимлиги ҳақида ёзганлар.
Туширилаётган бож
Президент Шавкат Мирзиёев импорт автомобиллар учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга пасайтириш бўйича ҳукуматга топшириқ берган.
14 февралда ўтган йиғилишда давлат раҳбари Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда бож ставкаларини 30 фоиздан 15 фоизга пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифасини қўйган.
Шунингдек, у автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизга пасайтириш ва 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни тўлиқ бартараф этишга кўрсатма берган.
UzAuto Motors компанияси ўтган йил охирида энг харидоргир автомобилларга аризалар қабул қилишни 1 февралга қадар тўхтатиб қўйган, аммо ушбу санада ҳам автомашина хариди учун аризалар қабул қилиш қайта тикланмаган эди.
Президент Мирзиёев 11 февраль куни одамлар пулини тўлаб қўйган бўлсада, автомобилини ололмаётганини танқид қилган эди.
Заправкалар вақтинча ишламайди
Фарғона водийсидаги метан заправкалар фаолияти 15 февраль соат 13.00 дан 16 февраль соат 06.00 га қадар вақтинча тўхтатилади.
"Ўзтрансгаз" АЖ бу ҳолатни мамлакатда кузатилаётган совуқ об-ҳаво шароити билан изоҳлаган.
"Бундан мақсад - биринчи навбатда табиий газ етказиб берилиши муҳим ҳисобланган аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасалар, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи йирик станцияларнинг табиий газ таъминотида барқарорлигини таъминлашдан иборат", дейилади расмий хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek