Ўзбекистон: Гулнора Каримова мулки очиқ ва шаффоф сотилмоқчи - foto video O'zbekiston dunyo yangiliklar

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон: Гулнора Каримова мулки очиқ ва шаффоф сотилмоқчи. Сижжакнинг бошланғич нархи ҳозирча номаълум. Аммо, расмийларга кўра, сотувдан тушган пул тўғри маҳаллий бюджетга боради. Сижжак ўзи қандай жой - марҳум президентнинг тўнғичи у ерда қандай дам олган, оромгоҳга яқиндан бир назар.

Сўлим тоғлар бағрида, Чорвоқ сув омбори яқинида жойлашган бу оромгоҳга етиб бориш учун пойтахтдан 100 чақиримча йўл юриш керак.

Сижжак дам олиш маскани 2000-йиллар ўртасида қурилган. Ҳозирда қаттиқ қўриқланувчи бу маскан меҳмонхона, майхона, дискотека, кинотеатр, очиқ ва ёпиқ бассейн, мажлислар зали ва дам олиш хоналаридан иборат. Хоналар эса қимматбаҳо мебеллар билан жиҳозланган.

2019 йилда ҳашаматли Сижжак оромгоҳи ўша вақтлар президент Шавкат Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров раҳбарлик қилган Триатлон федерациясига берилиши тўғрисида хабарлар чиққан. Бироқ кейинроқ ҳукумат бу масканни сотишга қарор қилган.

Сижжак оромгоҳи Тошкент вилоятидаги Белдерсой, Қизил-сув каби йирик мажмуалар ва бошқа ўнлаб давлат активлари билан бир қаторда оммавий савдоларга чиқарилган. Расмийлар бу активларни хусусийлаштириш жараёни очиқ ва шаффоф ўтишига ишонч билдирмоқдалар.

Ушбу масканлар орасида марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи тасарруфида бўлган Сижжак охирги йилларда кўп бор эътиборга тушган. Хусусийлаштириш жараёни шаффоф ўтишига ишора ўлароқ журналистлар ва оммага илк бор очиқ кўрсатилаётган оромгоҳ эса чиндан ҳашаматли экани кўзга ташланади.

Бироқ бугун винолар сақланган майхона бўшаб қолган. Қўриқчиларнинг сўзларига кўра, бу ерда сўнгги бир неча йилда ҳеч ким яшамаган. Аммо улар ҳозирда жазо муддатини ўтаётган Гулнора Каримова ўз вақтида бу ерда қандай дам олгани тўғрисида гапиришни истамайдилар.

Ишчилар қимматбаҳо дарахт ва ўсимлик навларига тўла ҳовли ёзда янада чирой очиши ҳақида сўзлайдилар.

Сижжак оромгоҳи қурилишига қанча маблағ сарфлангани номаълум, аммо иддао қилинишича, ҳовлидаги айрим дарахтларнинг ҳар бири ўша вақтлар 5000 долларга тушган.

Расмийлар айни вақтда бошланғич нархи номаълум бўлган Гулнора Каримованинг собиқ дачаси сотувидан келиб тушган пул эса маҳаллий бюджетга йўналтирилишини айтадилар.

ББС Ўзбек Хизмати мухбири Аваз Тоҳиров Сижжакдаги давла ҳовлида бўлиб, мазкур фото ва видеолавҳани тайёрлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek