Ўзбекистон: 'Ёрқин келажак'ни мадҳ этмайдиган суратлар муаллифи ким? Video O'zbekiston san'at yangiliklar

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Ёш ўзбек рассоми Исомиддин Эшонқулов замонавий ҳаётга ўзгача фалсафа билан нигоҳ солувчи, баъзида зиддиятли кўринувчи, баъзида эса инсонни чуқур ўйга чўмдирувчи асарларини шахсий кўргазмага қўйган.

Пойтахт Тошкент марказида жойлашган Bonum Factum галереясида очилган шахсий кўргазмасига муаллиф "Бўш деворга нигоҳ" дея ном берган.

Алоқадор мавзулар:

"Менинг севимли асарларим йўқ", дейди эндигина 25 ёшга тўлган муаллиф.

Эшонқулов ўз суратларини эмас, балки уларни чизишга илҳом берган омиллар, яратилиш жараёнини яхши кўришини айтади.

"Суратларимда кўп саволларга жавоб излайман: инсоннинг дунёдаги ўрни қандай, у қаердан келиб, қаерга кетади, унинг илоҳий вазифаси нимада, ким у, мен кимман, биз киммиз? Мени шулар илҳомлантиради, одамлар - буткул ҳамма нарса илҳомлантиради", давом этади у.

"Ҳар бир асар, эҳтимолан, ҳар биримизга тааллуқли - қачондир биз дуч келган нарсалар. Ҳар бир инсон ўзлигини кўради", Art Review журнали Эшонқуловнинг асарларини шундай тасвирлайди.

Санъатшунослар Эшонқулов асарлари сюрреализм ва гиперреализм йўналишига хослигини таъкидлайдилар.

Театр танқидчиси Қамариддин Ортиқовнинг фикрича, томошабин ёш рассомнинг асарларидан ўзи излаган гўзаллик ва нафосатни эмас, балки ҳаётни кемирувчи "иллатлар, заҳар томчиси"ни кашф этади.

Ортиқов бу кўргазма "гуллаб яшнаётган диёр ва ёрқин келажак ҳақида эмас", балки "иккиюзламачи маданият-маърифат дунёқарашида шаклланган" ҳаётдаги тобора йўқолиб бораётган оғриқлар, боши берк кўчаларни тан олмаслик ҳиссидан сўзлаши ҳақида ёзади.

Ҳақиқатан Исомиддин Эшонқуловнинг асарларида тасвирлашда урфга айланган гўзал унсурлар ўрнига замонавий ҳаётда долзарблашиб бораётган инсонийликни енгган нафс, қашшоқлик, жаҳолат, кибр ва, ҳатто, экологик муаммолар моҳирона метафоралар билан танқид остига олингани кўзга ташланади.

"Менинг асарларимдаги мураккаб шакллар ва фантасмагорик саҳналар маъносиз эмас: тафсилотлар ва рамзлар менга ўз фалсафий баҳоларимни ифодалашга ва инсон ҳақида нимани тушунганимни айтиб беришга ёрдам беради", сўзлайди муаллиф.

Исомиддин Эшонқуловнинг Bonum Factum галереясидаги шахсий кўргазмаси 11 февралга қадар давом этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek