Чарльз Дарвин "даҳшатли сир"ининг сири очилдими? - Инсоният ва Дунё, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Чарльз Дарвин "даҳшатли сир"ининг сири очилдими - энди маълум бўлишича, бу сир таниқли олимни бир умр таъқиб этган. Бир умрлик меҳнатини чиппакка чиқаришига оз қолган. Дарвиннинг ўзи уни чақа олмаган.

Машҳур ибора

Чарльз Дарвиннинг "даҳшатли сири" ибораси анча машҳур. Маълумки, буюк олим ҳеч қачон Ердаги гулловчи ўсимликларнинг келиб чиқишини эволюция нуқтаи назаридан тушунтира олмаган. Аммо, ҳозир маълум бўлдики, гулларнинг сирини очиш учун Дарвин бутун умр меҳнат қилган ва бу сир охирги кунларигача уни қийнаган.

Архив ҳужжатларини ўрганиб, Лондон университетидан эволюцион биолог, профессор Ричард Баггс Дарвин вафотидан бир неча йил олдин унинг қатъиятли рақиби - шотланд ботаниги Уилям Каррутерс пайдо бўлганини аниқлади.

Каррутерc гулловчи ўсимликларнинг келиб чиқиши ҳақидаги креационистик назарияни дастаклар, уларни юқоридан, ғайритабиий аралашув орқали пайдо бўлган деб ҳисобларди ва матбуотда Дарвин бу масалани илмий изоҳлай олмади, дея карнай чаларди.

Дарвиннинг эволюция назариясидаги бўшлиқ жамоатчилик эътиборига тушди ва Дарвиннинг илмий оламдаги мавқеига путур етиш хавфи туғилди.

Ўшанда, дейди Ричард Баггс, ана шу ибора туғилди - даҳшатли ёки жирканч сир.

Дарвиннинг "даҳшатли сири" нима?

Биринчи марта бу иборани Чарльз Дарвин 1879 йилда дўсти, тадқиқотчи ва ботаник Жозеф Ҳукерга ёзган мактубида ишлатган. Унда у ўсимликларнинг энг юксак турлари охирги геологик даврларда жадал ривожланиши даҳшатли сир эканлигини ёзган.

Бу гуллар ва гулловчи (ёки ангиоспермлар) ўсимликлар ҳақида эди, уларнинг ўзига хос хусусияти жинсий кўпайиш органларининг мавжудлигидир. Буларга Ердаги ўсимликларнинг жуда катта қисми киради - сув нилуфарлари ва ёввойи гуллардан тортиб, эман ва мевали дарахтларгача.

Гулловчи ўсимликлар бошқа турларга нисбатан Ерда нисбатан кеч пайдо бўлган ва ранг, ўлчам ва шакл жиҳатдан жуда тез хилма-хиллаша бошлаган.

"Тошга айланган қолдиқларга кўра, гуллайдиган ўсимликлар бўр даврида, тахминан 100 миллион йил муқаддам қисқа фурсатда пайдо бўлган. Уларнинг бундан олдин мавжуд бўлган ўсимликлар билан ўхшашлиги йўқ. Бундан ташқари, улар бирдан ва жуда хилма хил шаклда пайдо бўлган", дейди профессор Баггс.

Ана шу ўсимликларнинг тезда пайдо бўлгани Чарльз Дарвинни қийнаган "даҳшатли сир" эди.

"Гулловчи ўсимликлар нима учун аста-секин пайдо бўлмаган? Игнабаргли дарахтлар (Gymnospermае) ва гуллайдиганлар ўртасидаги оралиқ шакллар қаерга кетган? Қандай қилиб улар бир вақтнинг ўзида жуда кўп турли хил шаклларда пайдо бўлиши мумкин?"

Дарвин бошқа флора ва фауна турлари, жумладан, сутэмизувчилар эса боқичма-босқич юзага келгани ҳолда, бу ўсимликлар нима учун бу қадар тез пайдо бўлгани сабабини изоҳлашга қийналди.

Буларнинг барчаси табиий танланишнинг асосий тамойилларидан бири, яъни natura non facit saltum - табиат сакрамайди тамойилига тўғри келмасди.

Узоқ вақт давомида Дарвин гулли ўсимликлар ҳали кашф қилинмаган оролда ёки қитъада пайдо бўлган ва ривожлангандир, деган фикр билан чекланди.

1881 йил августда - ўлимидан бир неча ой олдин, у Ҳукерга шундай ёзади: "Мен учун ўсимликлар тарихида юксак ўсимликларнинг тўсатдан ва тез ривожланишидан ғайриодатийроқ нарса йўқ. Баъзида Жанубий қутб яқинида узоқ даврлар давомида чекка ва йўқолган қитъа бўлмаганмикан деб ўйлаб қолардим".

Каррутерснинг ҳужуми

Қироллик ботаника боғлари - Кью кутубхонасида профессор Баггс Шотландиялик ботаник Уилям Каррутерснинг 1876 йилда Геологлар жамияти аъзоларига ўқиган маърузаси нусхасини учратди.

Каррутерс Британия музейида ботаника куратори бўлган ва "палеоботаниканинг юксалаётган сиймоси" эди.

Унда шотландиялик ботаник Дарвин гулли ўсимликларнинг пайдо бўлишини тушунишга ва тушунтиришга қодир эмас, чунки уларнинг пайдо бўлиши илоҳий асосга эга деб даъво қилади.

Каррутерс бутун Дарвин эволюция назариясини ялпи танқид қилади, бу нафақат илмий доираларда, балки жамиятда ҳам қизғин мунозараларни келтириб чиқаради. Унинг баёнотлари ва хулосалари "Times" газетаси, шунингдек, бир қатор илмий нашрларда эълон қилинади.

"Каррутерc "даҳшатли сир"дан фойдаланиб, бутун эволюция назариясига қарши кампания бошлади. У бўр давридаги ангиоспермларни бевосита Худо яратган, улар эволюция бўлмаган деб таъкидлади", дейди Баггс

"Дарвин ва унинг дўстлари учун бу бутунлай жирканч нарса эди, Каррутерс тошга айланган қолдиқларга ғайритабиийликни олиб кираётган эди".

Профессорнинг сўзларига кўра, айнан шу ҳолатга нисбатан Чарльз Дарвин "даҳшатли сир" иборасини қўллаган. Баггс ўз хулосаларини "American Journal of Botany"да эълон қилди.

Ричард Баггснинг фикрича, Чарльз Дарвиннинг "даҳшатли сири" 1637 йилда математик Пьер Ферма томонидан тузилган Ферма теоремасига ўхшайди - уларнинг ҳеч бири ҳаётида ўз жумбоқларига жавоб топа олмаган.

"Бу бизга ҳаётининг сўнгги йилларда Дарвинни нима ўйлантиргани ҳақида тасаввур беради. Бу сўнгги топишмоқ, уни ҳал қилишга уринишлар Дарвиннинг ўлимигача унинг ўй-фикрини банд қилган", дейди профессор Баггс.

Ўшандан бери олимлар "даҳшатли сир"ни ҳал қилишга муваффақ бўлдими?

Бир сўз билан айтганда, йўқ.

Зотан 140 йил ўтди, аммо ҳануз бирор кимса гулловчи ўсимликларнинг пайдо бўлишини тўлиқ тушунтириб беролмади.

"Албатта, эволюцияни тушуниш ва палеонтология бўйича билимимиз сезиларли илгарилади, аммо бу сир ҳамон ечилмаган", дейди Ричард Баггс.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek