Ўзбекистон ва дунё: Бойлар бойиди, камбағаллар кўпайди – бойлар кўпроқ солиқ тўлаши керакми? O'zbekiston Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Ковид пандемияси жаҳоннинг энг камбағал қатламига энг кўп таъсирини ўтказди. Fortune нашрига кўра, уларнинг даромади кескин тушди ва 2021 йилда жаҳондаги энг кам даромадли 40% одамнинг ўртача кирими пандемиядан олдингига қараганда 6,7 фоизга камайди.
Бунинг натижасида глобал миқёсда камбағаллар сони кўпайган. Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб яна қўшимча 97 миллион одам 2021 йилда кунига 1,90 доллардан кам пулга яшашга мажбур бўлган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистонда бу каби расмий статистика йўқ, аммо камбағаллар сонини камайтириш учун ҳукумат турли дастурларни тадбиқ қиляпти.
Айни дамда, охирги икки йил ичида миллиардерлар бойлиги ошди ва Ер юзидаги энг бой 10 киши ўз бойлигининг икки баравар ўсишига гувоҳ бўлди. Уларнинг ҳар бирининг бойлиги ҳозирда 100 миллиард доллардан юқори.
Аммо, Швейцариянинг Давос шаҳридада ўтадиган йиллик Жаҳон иқтисодий форумига очиқ ҳат йўллаган 100дан ошиқ миллиардер ва миллионерлар бу ҳолат адолатли эмаслигини айтишмоқда.
Алоқадо мавзулар:
«Ватанпарвар миллионерлар» деб аталувчи бу гуруҳнинг айтишича, коронавирус пандемияси ортидан глобал иқтисодни оёққа тиклаб олиш учун энг бадавлат одамлар ўз адолатли улушини тўлашга мажбурланмаяпти.
Камбағалликка қарши курашувчи халқаро Оксфам ташкилотига кўра, пандемиянинг икки йили ичида жаҳон бўйлаб бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут охирги йиллардагидан анча тез суратда кенгайди.

Сурат манбаси, Getty Images
«Пандемия даврида тенгсизлик портлаб кетди. Бу давр мобайнида миллиардерлар мисли кўрилмаган суратда бойидилар. Бизнинг тадқиқотларимизга кўра, тенгсизлик ҳар тўрт сонияда бир одамнинг ўлимига сабаб бўляпти - очлик, тиббий хизмат ёки вакцина ола олмаслик каби бартараф қилса бўладиган сабаблар ўлимга етаклаяпти. Миллиардерлар сони икки баравар ошди, уларнинг пули секундига 15 минг долларга кўпайди, аҳолининг 99 фоизи эса қийналмоқда», - дейди «Oxfam America» директори Абби Максман.
«Ватанпарвар миллионерлар» гуруҳига кўра, бой ва камбағаллар ўртасидаги фарқни камайтириш учун бойларга кўпроқ солиқ солиниши керак.
Ушбу хатга 10та давлатдан 100дан ошиқ бойлар имзо чеккан. Улар орасида Уолт Дисней бизнес империясининг меросхўрларидан бири Абигейл Дисней, Амазоннинг илк сармоячиси, америкалик тадбиркор Ник Ханауэр, BlackRock компаниясининг собиқ директори Моррис Перл, эронлик тадбиркор Жафар Шолчи ва бошқалар бор.
«Аксаримиз айта оламизки, жаҳон охирги икки йил ичида ўта катта жабр кўрган бир вақтда бизнинг бойлигимиз ўсди. Лекин, деярли биронтамиз солиққа адолатли улушимизни тўлаяпмиз деб айтолмаймиз. Ер юзидаги ҳар бир давлат бойларга кўпроқ солиқ солиши керак. Биз бойларга солиқ солинг, ҳозир солинг», дейилади уларнинг хатида.

Сурат манбаси, Screenshot/Patriotic Millionaires
Оксфам ташкилоти айтишича, пандемия даврида дунёнинг ўнта энг бадавлат одамига тегишли бойлик қўшиб ҳисобланса, икки баравардан ҳам кўпайиб, 700 миллиард доллардан 1,5 триллион долларга чиққан. Тесла ва SpaceX эгаси Илон Маскнинг бойлиги минг фоизга ошган ва ҳозирда 270 миллиард долларга тенг. Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин бойлиги 125 фоизга ортган. Бойлиги кескин ошган ўнталик орасида Амазон асосчиси Жефф Безос, Фейсбук эгаси Марк Цукерберг, Louis Vuitton директори Бернар Арно, ва Билл Гейтс ҳам бор.
Пандемия ҳукуматларни мисли кўрилмаган инқироз билан юзлаштирди. Тиббиётни молиялаш, карантинга солинган аҳоли ва иқтисодни тирик ушлаб туриш учун бюджетдан миллиардлаб доллар сарфланди ва қарзлар олинди. «Ватанпарвар миллионерлар» гуруҳи огоҳлантиришича, бундай адолатсизлик дунё бўйлаб халқ ғалаёнларига етаклаши мумкин.
Хўш улар нимани таклиф қилишяпти?
Уларга кўра, йиллик wealth tax, яъни «бойлик солиғи» киритилиши керак: Бунда 5 миллион долларга эга шахслар йилига ўз бойлигининг 2 фоизини, 50 миллиондан ошиққа эгалар - 3 фоизини, миллиардерлар эса ўз бойлигининг 5 фоизини ғазнага тўлашлари адолатдан бўлади.
Бу солиқлар қўшиб ҳисобланса, йилига 2,5 триллион доллар йиғилади. Бу пул билан, гуруҳга кўра, дунё бўйлаб 2,3 миллиард одамни қашшоқликдан олиб чиқиш, барчани эмлаш, ҳамда кам ва ўрта даромадли давлатлардаги одамларни тиббий ва ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш мумкин.

Сурат манбаси, Dima Qayum
Бойлик солиғи янгилик эмас - 1990 йилда у 12та давлатда бор эди, ҳозир эса фақат тўрттасида қолган. Улар - Колумбия, Норвегия, Испания ва Швейцария. Ўзбекистонда ҳам бойлик солиғи йўқ.
Иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор Барногул Санақулованинг айтишича, Ўзбекистонда 2019 йилда жорий этилган янги солиқ концепцияси фуқаролар даромадининг миқдорини ҳисобга олмайди ва бундан энг кам таъминланган аҳоли ютқазмоқда.
«Янги концепцияга кўра, аҳоли қанча даромад олишидан қатъий назар, бир поғонали шкала бўйича солиққа тортилади. Яъни инсон 1 миллион сўм даромад оладими, 10 миллион сўм даромад оладими, 12 фоизлик шкалада солиққа тортилади. 2019 йилгача амал қилган қонунда эса 4 поғонали шкала амал қиларди ва, қайсидир маънода, ижтимоий ҳимоя функциясини бажарар эди. Унга биноан, энг кам иш ҳақининг 1 бараваригача бўлган даромаддан солиқ олинмасди. Энг кам иш ҳақининг 1-5 бараварига 7,5%, 10 бараваригача бўлганда 16,5%, 10 бараваридан юқори бўлганда эса 22,5 фоизлик солиқ ставкаси белгиланган эди», - дейди Профессор Санақулова.
Унинг айтишича, Ғарбда таклиф қилинаётган «бойлик солиғи» Ўзбекистонда тадбиқ этилишини тасаввур қилиш қийин, чунки мамлакатда бойлар статистикаси юритилмайди. Ундан ташқари, олимага кўра, Ўзбекистонда бойлар даромади ойликдан эмас, дивидендлардан келади.
«Ўзбекистонда дивиденд солиғига жуда ҳам паст ставкалар белгиланган. Бу 5%. Яъни ҳар кварталда 1 миллиардлаб дивиденд олаётган бойларимиз бор. Улар бор-йўғи 5 фоизлик ставкада солиқ тўлаш орқали, бугун муаммоси ҳал бўлмоқда», - дейди у.
Ўзбекистонда ҳам солиқлар охирги вақтда зиддиятли мавзуга айланган. Яқинда ўтган матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси раҳбари Шерзод Қудбиевнинг муайян компанияларга давлат томонидан имтиёз берилишига боғлиқ саволдан, таъбир жоиз бўлса, қочиши атрофида юзага келган шов-шувдан ишора шуки, оддий солиқ тўловчилар солиқ тизимида адолат бўлишини истайдилар.
Бизга кўпроқ солиқ солинг деяётган «Ватанпарвар миллионерлар» баёнотида айтилишича, ўта нотенг жамиятлар охири қандай тугашини тарихдан кўрса бўлади. Тенгсизликка қарши кураш вақти етиб келди, дейди улар. Навбат ҳукуматларга.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













