Ўзбекистон ва дунё: Қайнона ва келин машмашаси ёки абадий сақич қачон туфлаб ташланади? O‘zbekiston odamlar dunyo yangiliklar

"Kelinlar qo'zg'oloni" filmidan

Сурат манбаси, Screenshot

    • Author, Бахтиёр Турсунов
    • Role, Мустақил журналист

Ўзбекистон кино санъатида иккита катта образ бўлса, бири шу қайнона…. Битта бўлса - у ҳам қайнона! Табиий, бу билан Американи кашф этаётганим йўқ.

Алоқадор мавзулар:

Муаллифдан:

Ўтмишдаги интервьюлардан бирида микрофондан ташқари таниқли адабий таржимонлардан бири ўзбек театрининг аҳволидан куйиниб, бунга ўша пайтда оммалашган пьесани айбдор санаганди.

Мазкур пьесада тўй томошаси, қуда-андачилик, қайнона-келин-куёв машмашалари акс этганди. Ўшанда мен адибнинг фикрларига эътироз билдириб, "бу анча аввал бошланган, бунга яна ҳам машҳурроқ асар "Келинлар қўзғолони" сабабчи бўлса керак", деганимда, у " Йўқ, у анчайин дидли асар", дея бош чайқаганди.

Театр ўзбек жамиятида кинодан кўра таъсирчан кучга эга эмас ҳисобланади, бироқ бошида бу даргоҳда бошланган анъана, тарқаган ғоя сўнгроқ кинофильмларда, TV да зич ўрнаша бошлаб, гўёки ҳаётнинг асосий ташвиши ва мафкурасига айланди.

Қайнона сиймоси нафақат адабий қаҳрамон ўлароқ, балким хонадон, маҳалла-кўйда вазиятни баҳолайдиган, ҳатто унга куч-иродаси билан таъсир этадиган асосий бош қаҳрамон ўлароқ гавдалантирилди.

Қайнона Озарбайжонда ҳам қайнонами?

"Qaynona" filmi

Сурат манбаси, Screenshot

Қайнона ва келинлар барча юртда бор, аммо Ўзбекистонда бу алоҳида мажбурият ва мазмун касб этадигандек ва қандайдир ижодий асарлар бунга айбдор ҳам саналмай қўйилиб, миллат тарзи сифатида кўникма каби қабул қилинган.

Бироқ бундайин илгари бош ғоя деб билинмаган мазкур ҳодисаларнинг туб замири қаерда ва барибир маълум бир ижодий асарни унга дастурул-амал бўлган дея ҳисоблаш мумкинми?

"Келинлар қўзғолони" асари ғояси маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 70-йиллари ўртасида бутун бир Ҳамза номли театр жамоасидан чиққан ва драматург Саид Аҳмад чақиртирилиб, бир неча кун ичида пьеса деярли ҳашар йўли билан ёзилган.

Санъаткорлар театрга томошабинлар келмай қўйгани учун пойтахт аҳолиси дидига ўта тўғри тушадиган асарни саҳналаштиришга мажбур бўлганини айтишган. Бироқ ўша даврдаги репертуар шоҳ асарлардан иборат бўлиб, аслида театр томошабинлар дунёқарашини шакллантиришда давом этиши, қуйи тушмай, дидни ривожлантириши лозим эди.

Бундай олиб қараганда, қайнона-келин машмашаси акс этган асарлар жаҳон драматургиясида мавжуд. Кўзга кўрингани озарбайжон драматурги Мажид Шамхаловнинг 1957 йилда ёзилган "Қайнона" пьесасидир.

"Qaynona" filmi

Сурат манбаси, Screenshot

Унинг Ўзбекистонда Муқимий номли мусиқали театрда Омина Фаёзова иштирокидаги ўзбекча талқинидан кўра кино талқини машҳур эди. Балким айнан шу пьеса маиший мавзудаги ўзбек асарларига туртки берган бўлиши мумкин.

Бироқ Озарбайжонда ҳам бу туб мавзу, алоҳида қомусга айланган деб бўлмайди. Зотан уларда ундан анча илгари яратилган Узаир Ҳожибековнинг "Аршин мал алан" комедияси ҳам мавжуд эди.

1941 йили Oзарбайжон киноижодкорлари шу номдаги фильмни суратга олишганда, киноасар Москвадаги бадиий кенгаш томонидан нохуш кутиб олинган.

Ўшанда фильмни буюк режиссёр Сергей Эйзенштейн қутқариб қолган, санъаткор мазкур киноасар ҳамкасблари ҳомонидан тор доирадаги бачкана томоша деб ҳисоблангани билан, у миллатни англатувчи асар, дея баҳо берган. Балким-да ўзбек режиссёри Баҳодир Йўлдошев умрининг охирида бу асарга қайта қўл урганда ҳам айнан шу жиҳатни инобатга олган бўлиши мумкин.

Қайнона деганимизда миллатни… миллат деганда?..

"Kelinlar qo'zg'oloni" filmidan

Сурат манбаси, Screenshot

Бундан келиб чиқадики, кўрсатилаётган томоша, яратилаётган асар оммабоплиги қандай бўлишидан қатъиназар, ўзи тегишли бўлган миллатнинг дунёқарашини жаҳон аҳлига намойиш этади.

Шу сабабдан бунга нисбатан масъуллик ҳиссини туймаслик қайсидир маънода фожеий ҳолдир.

Биз ўз ўрнида замонавий мавзувийлик борасида юртдошларимиз мулоҳазаларини ҳам ҳавола этишни ўринли билдик.

"Оилада ёлғиз қизман. Учта акам, битта укам бор. Акаларим уйланган, яъни учта янгам бор. Кетма-кет уларнинг қабатида ўсдим. Худди кинодагидек уйимизда маиший машмашаларнинг гувоҳи бўлдим. Барча янгаларим онам, яъни қайнонаси билан ўртасида қандайдир даҳанаки муносабат бор. Ахийри бир куни портладим: биз сизларни емай-ичмай пул, мол-мулк сарфлаб келин қилиб уйга олиб келамиз. Сизни тайёр ўзимизга душман деб келтирмаганмиз-ку. Қайнона-келинлар " қайнаши" га телевидениедан тушмайдиган мавзу, стандард сюжетлар ҳам айбдор деб ўйлайман. Улар гўёки барчасига, реал жаҳаннамга тайёр тур, дея онгни дастурлаштиради", - дейди 26 ёшли Азиза.

"Бир куни яқинда келин туширган ҳамкасбим билан ҳазиллашиб, қайноналик ёқяптими деб сўраганимда, у кулимсираб" ҳа" деди. Пайтдан фойдаланиб унга ўзимни ўйлантирган саволни бердим. Нега ҳамма қайноналар бунчайин золим ва бунинг боиси нимада? Шунда у оналар ўғилларини рашк қилади, барча машмаша шундан, деди," - дейди касби иқтисодчи Темур.

"Kelinlar qo'zg'oloni" spektaklidan

Сурат манбаси, Screenshot

"Агар майдалашиб, зичлаштирилган оила мавзуси жўяли олға сурилганда, унинг моҳияти гўзал инсоний тушунчаларга уйғунлаштирилса ҳам майлига эди. Масалан, эътибор билан диққат қаратсак, оила аъзолари муносабати у қадар яқин эмас, қандайдир расмий, бир-бирига ўта бегонадек. Келин оғзидан" "Ойижонга, адажонга айтаман", "Акажондан сўраймиз" каби иборалар ҳурмат юзасидан эмас, ўртада улкан девор қўйилиб ишлатилади, яъни эрнинг уруғи ниҳоятда ундан йироқ, русча ўрта-средний род деб кўрилади. "-дея фикр юритади талабалардан бири Моҳира.

Юртдошларимизнинг мазкур мулоҳазалари кун тартибида ҳаётнинг бошқа томонларига, бошқа қаҳрамонларига чуқурроқ ва савияли ёндошув зарурияти уйғонаётганини исботлайди. Қон-қариндошлик, қуда-андалик бу миллатнинг ажралмас тарзидир, бироқ у ҳаётда бир хил қолипга солингандек кечмайди.

Абадий туюлган мавзу алоҳида абадий чайналадиган сақич бўлмай, ҳаётда ривожга ундайдиган ва чинакам инсоний унсурлар яширин мавзулар орасида у қадар аҳамиятсиз, шунчаки оддий кундалик воқеа сифатида қаралишини истайди одам.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek