Ўзбекистон: Ақлли телефонларнинг “юриши” - Би-би-си Гаштак O‘zbekiston odamlar dunyo yangiliklar

- Author, Бахтиёр Турсунов
- Role, Мустақил журналист
Қариндошларимиздан бири кекса аёл шундай нолиганди:
"Шу ўлгур телефон чиққандан кейин одамларнинг ҳаёти ўзгариб кетди. Ўғлимнинг оиласи бузилди. Бир суюқоёқни топиб олган. Уйга ҳечам қайтмаяпти,"-дерди у аламдан ёниб.
Ўшанда унга тасалли бергандим.
"Хола, куйинманг. Сизнинг даврингиздаги уй телефонлари чиққанда ҳам бошида шундай бўлган. Янгилик аввалида ҳамма унга ёпирилади, кейин қолипига тушиб, одатий удум бўйича яшайверишади. Телефон на у тарафга, на бу тарафга ўзгартиришга қодир. "
У пайтда телефон эндигина оммалашаётган, ундан шунчаки сўзлашиш, эплай олганлар смс ёзиш тарзида фойдаланишаётганди. Воқеа қишлоқда рўй бераётган, гўёки телефон орқали танишув йигитни оиласидан, уч фарзандидан ажратиб, бошқа манзилга йўллаётганди.
Алоқадор мавзулар:
Йигит барибир уйига қайтмади. Телефон унга чин муҳаббатини топишга кўмаклашганини уқтирди у сўнг. Она эса ўғил оиласини тиклашга бесамар уринишлардан кейин вафот этди.
Бу телефон оммабоп восита сифатида ёйилиши манзарасидаги маиший воқеа.
Бундан кейин бир кўламдаги шу мазмундаги воқеалар қулоққа чалиниб, кўникма ҳам ҳосил қилди. Унинг ичига бир бирини шарманда қилишга уринилган шантаж билан боғлиқ ножўя ҳодисалар ҳам қўшилди.
Телефон орқали интернетга уланиш бошлангандан сўнг таниқли шахслар ҳаёти, ижтимоий танқид ҳоллари ҳам юқори тезликдаги техника асрида истиқомат қилаётган оддий фуқаро турмуши бир бурчидан жой эгаллади.
Бироқ бу қандайдир узоқ вақтга чўзилмайдиган янгиликдек, одамлар яна анъанавий ҳаёт маромлари, онг қарашларига қайтадигандек эди.

Ростданам танишувлар орқали оилалар бузилишию шантаж талвасалари бир қадар "тартибга тушди". Бунга бироз орттирилган тажриба ва оқибатлар таъсир кўрсатди дейиш мушкул.
Кишиларнинг мулоқотга тайёрлик даражаси ва туб моҳиятда яширинган хоҳиш ва маданияти бунда устунлик қилади.
Санъаткорлар ҳаётидаги қизиқарли воқеалар олдингидек жозибадор туюлмай, унга гоҳ ишониб, гоҳ ишонқирамай қараладиган ҳол бўлиб қолди.
Тарқатилган ижтимоий танқид эса тор доирада ечими ўзида ёки турмушнинг чидаса бўлаверадиган акси деб қабул қилинадиган бўлди.
"Бир дугонам ўғлини интернет орқали танишган қизга уйлантирди,-деб ҳикоя қилади маҳаллий журналистлардан бири.-Келин бир ҳафтача қайнонасининг хизматини қилди. Мана беш йилдирки қайтиб, қадамини босмади. У бошқа вилоятлик эди. Келин ўғилни чет элга олиб кетди. Шундан сўнг дугонам иккинчи ўғлини укасининг қизига-жиянига уйлантирди. Гўёки биринчи ҳодиса унга шундай " сабоқ" бўлди. "
Мазкур воқеада ҳолат янада чуқур кўриниш касб этгани, ибтидоийликка қайтилгани намоёндир, чунки олий маълумотли, нуфузли касбдаги аёлнинг орзу-ҳаваси янгилик туфайли қаноат топмади ва у ҳозирда эриш ҳисобланаётган, ҳатто қонуний чоралар билан тақиқланаётган амалга, қариндошлик риштаси асосида оила бунёд эттиришга қўл урди.
Бундан тўрт-беш йил муқаддам телевизор орқали бир лавҳани намойиш этишди. Америкалик уй бекаси уйи ҳовлисига ноутбук ва телефонларни чиқариб, улкан болға билан уларни парчаларди. "Туннинг қоқ ярмида бегона, дуч келган одамлар билан ёзишиш учун ҳадеб уйғонавериб, болаларим телбанамо бўлиб қолишган. Бундай ҳаёт эзиб юборди."-дея изоҳларди ўз амалини у.

Аслида ҳам воқелик инсон турмушини тўлалигича ўзгартириб, онгини ағдар-тўнтар қилишга қудратлими?
"Ҳовлимиз бузилгандан кейин ўрнига янги уйлар қурилгунча отамнинг уйига кўчиб ўтдик. Яқин бўлгани учун ўзим ўқиган мактабда ишимни давом эттирдим. Назаримда деярли 25 йил ичида мутлақо ҳаммаси ўзгаргандек туюлганди, бироқ бу юзаки қараганда шундай. Худди ўзим таълим олиб юрган замонга тушиб қолгандек эдим. Яъни ўзим билан ўқиган тенгқурларимнинг фарзандларига дарс бераётган бўлсам, улар ота-онасидан нафақат кўриниш, дунёқараш нуқтаи назардан ҳам фарқ қилишмасди. Аммо иккита фарқ бор эди…Бири улар нуқул телефон титкилашгани титкилашган. Иккинчиси эса…уларнинг ота-оналари ўқиган китобларнинг ўндан бирини ҳам фарзандлар ўқиётганига ишонмайман,"- дейди мураббийлардан бири.
Мамлакат бўйлаб китоб ўқишнинг фойдалари ҳақида қатор тарғибот ишлари йўлга қўйилган, аммо икки авлод - ҳозирги ота-оналар ва уларнинг фарзандлари орасида бу кони фойда машғулотга муносабат кескин фарқ қилаётгани сир эмас.
Ақлли телефонлар ёш авлоднинг "ақлини" олиб қўймоқда деган қарашларда жон бордай...
Сиз-чи, сиз нима деб ўйлайсиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













