80 йил муқаддам қамалдаги Ленинградда ўтган навоийхонлик хотирланди

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Бундан 80 йил муқаддам, 10 декабрь куни қамалда қолган Ленинградда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишланган шеърият кечаси ташкил этилганди. Бугун Санкт-Петербургда ушбу унутилмас санага бағишланган юбилей тадбирлари бўлиб ўтди.
Бу йил Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Сурат манбаси, BBC
Ана шундай тадбирлардан бири Навоий ижодига бағишланган шеърият кечаларидир. Тадбирлар Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти, Давлат Эрмитажи ва Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Сурат манбаси, BBC
1941 йил 10 декабрида Ленинград қамали давом этаётган бир вақтда, ақл бовар қилмайдиган саъй-ҳаракатлар натижасида Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишланган Европада биринчи Навоийхонлик кечаси бўлиб ўтган. Эрмитаж ва Шарқшунослик институтида илмий учрашувлар ташкил этилган.
Ҳозирда ушбу анъана қайта тикланиб, 10-11 декабрь кунлари Санкт-Петербургда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда Санкт-Петербургда "Навоийхонлик" илмий-адабий кечасининг 80 йиллиги нишонланади. Тадбирлар Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Эрмитаж театрида бўлиб ўтади.

Сурат манбаси, BBC
Россияда қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Жумладан, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти фондларида ва Россия Миллий кутубхонасида сақланаётган Навоийнинг ноёб қўлёзмалари кўргазмаси, "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумига оид китоб-альбомларнинг тақдимоти, Россия ва Ўзбекистон навоийшунослари иштирокида шоир меросига бағишланган давра суҳбати, маданий дастур доирасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Муножот Йўлчиева томонидан мақом кечаси ўтказилади.

Сурат манбаси, BBC
- Жорий йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан "Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарор имзоланди. Навоийхонлик кечалари каби ажойиб ва халқни бирлаштирувчи анъананинг қайта тикланиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуснинг халқаро илмий ва маданий ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётганини англатади. Қамалдаги Ленинградда Навоийхонлик кечаларининг ўтказилганлиги буюк шоир тараннум этган тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига юксак садоқат рамзидир. Бутунжаҳон жамияти номидан Давлат Эрмитажи ва Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти раҳбарияти ва жамоасига, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва Eriell Group ва Enter Engeneering компанияларига ушбу муҳим тарихий тадбирни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдираман, - деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов.
Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова 80 йил аввал Ленинградда Навоийхонлик кечалари қандай ўтказилгани ҳақида маълумот берди. Бадиий кечада таниқли фан ва маданият арбоблари - академик Орбели ва профессор Бертолс, Борис Пиотровский, Всеволод Рождественский, Николай Лебедев ва бошқалар иштирок этишган. Ирина Федоровна ўз маърузасида ушбу тарихий бадиий кечаларни якунлаган академик Орбелининг сўзларидан иқтибос келтирди: "Биз албатта ғалаба қозонамиз, сўнгра юбилейни улуғвор ва тантанали равишда нишонлаймиз. Умид қиламанки, немис тўплари жўрлигида ўтаётган ушбу учрашув барчанинг хотирасида қолади. Нима бўлганда ҳам, шеърият яшайди ва ғалаба қозонади. Келинг, унинг жозибали дунёсига шўнғиймиз..."

Сурат манбаси, BBC
Тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Давлат Эрмитажи директори Михаил Пиотровский, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, навоийшунос Султонмурод Олим каби таниқли олимлар, шоирлар, навоийшунослар иштирок этмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek














