You’re viewing a text-only version of this website that uses less data. View the main version of the website including all images and videos.
АҚШда 'Демократия учун саммит' – Ўзбекистон, Марказий Осиёдан ҳеч ким йўқ, Россиядан ҳам... O'zbekiston dunyo yangiliklar
"Авторитаризмдан ҳимояланиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ундаш" - саммитнинг асосий мавзулари бўлиши айтилмоқда.
Америка Қўшма Штатлари мезбонлик қилажак саммит шу йилнинг 9-10 декабрь кунларига режаланган.
Унинг шахсан президент Жо Байден томонидан ташкиллаштирилаётгани айтилади.
Иштирокчи давлатлар рўйхатини шу кунларда АҚШ Давлат департаменти эълон қилган.
Рўйхатдан дунёнинг жами 110 давлати ўрин олган.
Унинг таркиби эса, аллақачон матбуотнинг нигоҳини ўзига тортган алоҳида мавзулардан бирига айланган.
Алоқадор мавзулар:
Расмий рўйхат
Халқаро нашрлар саммитга Россия, Хитой ва ҳатто, Натонинг иттифоқчиси бўлса-да, Туркиянинг таклиф этилмаганига ўз эътиборларини қаратишган.
Яна рўйхатда расмий Пекин ўзиники, деб сановчи Тайваннинг борлиги ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортган.
Яқин Шарқни биргина Исроил ва Ироқ тамсил қилган.
МДҲ давлатларини фақат Арманистон, Грузия, Латвия, Литва, Молдова, Украина ва Эстония намоён этган.
АҚШ томони рўйхатида бирор бир Марказий Осиё давлатининг йўқлиги эса, шу кунларда етакчи минтақавий нашрларнинг нигоҳига тушган мавзулардан бирига айланган.
Айниқса, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз вақтида "террорга қарши уруши"да Америка Қўшма Штатларининг яқин иттифоқчиси бўлишган.
Расмий Тошкент ва Вашингтон стратегик шерикликнинг "янги даври"ни бошлашганига ҳам унча кўп бўлмаган.
АҚШ томони ўзининг рўйхати юзасидан ҳалича расман изоҳ бермаган.
Уларнинг якуний рўйхати таркибига бирор бир Марказий Осиё давлатининг расмий муносабати ҳам ҳозирча кўзга ташланмайди.
Аксарият минтақа давлатларидаги демократия, инсон ҳуқуқлари ва коррупция билан боғлиқ аҳвол ҳозирга қадар халқаро миқёсда анчайин хавотирларга сабаб масалалардан бири бўлади.
Маълум бўлишича, бўлажак саммитда яна ишбилармонлар, фуқаровий жамиятлар ва хайрия ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишади.
"Демократия учун саммит"
АҚШ Давлат департаменти баёнотида айтилишича, "Саммитда асосий эътибор демократиялар олдида турган муаммолар ва имкониятларга қаратилади".
"Лидерларига ўзларида ва четда демократия ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича индивидуал ва жамоавий мажбуриятлар, ислоҳотлар ва ташаббусларини эълон қилиш бўйича платформа тақдим этади".
Уларга, "Саммит мақсадларига эришишга ҳисса қўшадиган мазмунли ички ислоҳотлар ва халқаро ташаббуслар бўйича аниқ ҳаракатлар ва мажбуриятларни эълон қилиш таклиф қилинади.".
Айтилишича, ушбу мажбуриятлар авторитаризм, коррупцияга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқларига ҳурматни рағбатлантиришга қаратилган маҳаллий ва халқаро ташаббусларни ўз ичига олади.
The Economist ҳафталиги Ўзбекистонни 2019 йили дунёда энг кўп яхши тарафга ўзгарган мамлакат, деб топган.
Ғарб нуфузли нашри ўшанда дунёнинг икки юзга яқин давлати орасидан Ўзбекистонни танлаган.
Ўзбекистонни "Йилнинг мамлакати", деб топган ва унинг танлови халқаро миқёсда катта шов-шувга сабаб бўлган.
Бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмагани, Ўзбекистонгача қолган бирон бир Марказий Осиё давлати бу каби эътирофга лойиқ кўрилмагани билан ҳам хос аҳамият касб этганди.
Ўзбекистон яқин-яқингача, аксарият таҳлилчилар эътирофида, дунёнинг "энг ёпиқ", "энг мустабид", "энг репрессив" ва "диктатура ҳукмрон" саноқли давлатларидан бирига қиёс бериб келинган.
Худди шу боис ҳам, танлов ўшанда янги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар сиёсатининг халқаро миқёсдаги эътирофидек янграган.
Президент Мирзиёев ўзининг ички ва ташқи сиёсати билан бор-йўғи уч йилнинг ўзида дунёни тан олдиргандек кўринган.
The Economist ҳафталиги эътирофи шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев диққат-эътиборидан ҳам четда қолмаган.
У бу каби эътирофнинг "тагида катта меҳнат ётгани"ни айтган, "лекин бунинг биринчи қадам" эканини алоҳида таъкидлаганди.
Сўнгги янгилик Толибон Афғонистонда қудратга қайтгани воқеълиги манзарасида расмий Вашингтоннинг қатор Марказий Осиё давлатларига ҳарбий базалари ва қочқинларни жойлаштириб туриш сўрови ижобий жавоб топмаётганига оид хабарлар ортидан бўй кўрсатган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek