Ўзбекистон: Содиқ Сафоев эски тизим, ислоҳотлар ва Мирзиёев командаси ҳақида

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Лондонга ташриф буюрган Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Би-би-си Ўзбек Хизматининг саволларига жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон рақобатбардош давлатлар сафига кирмоқчи бўлса, уч йил аввал бошланган ислоҳотларни охирига етказиши керак бўлади. "Орқага йўл йўқ", - деб айтди сенатор.

Содиқ Сафоев билан Би-би-си Ўзбек мухбири Паҳлавон Содиқ 24 сентябр куни Лондонда ўтган Ўзбекистон капитал бозорига бағишланган тақдимотдаги чиқишидан сўнг суҳбатлашган.

Би-би-си: Бироз аввал сиз ўз чиқишингизда "Ўзбекистон қаерга қараб кетаётганини яхши билади" деган гапни айтдингиз. Вақти-вақти билан ислоҳотларга қарши бўлган, уларни саботаж қилаётган қандайдир кучлар, тузилмалар борлиги ҳақидаги фаразларни эшитиб қоламиз. Мамлакат раҳбариятида ислоҳотлар борасида якдиллик борми?

Содиқ Сафоев: Авваламбор, ҳар битта ислоҳот бу ҳеч қачон осон кечадиган жараён эмас. Ҳеч қаерда ҳеч қачон (осон) бўлмаган. Инсоният тарихи ҳам енгил-елпи, барча қатламлар томонидан қўллаб-қувватланадиган ва доимо фақат ижобий ўзгаришларни олиб келадиган ислоҳотларни билмайди. Чунки ислоҳотлар, бу қандайдир камчиликларни бартараф этиш, иқтисодчиларни шундай бир гап бор, "дисбалансларни йўқ қилиш", соғломлаштириш... Соғломлаштириш, энди иборанинг ўзи билан, биргаликда даволаш енгил кечмайди. Заҳмат чекиш керак, ўзбекчада гап бор-ку, аччиқ тошни тишлаб, соғломликка ўтиш керак. Шунинг учун, албатта, ислоҳотлар бўлар экан, уларнинг турли босқичларида қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкин.

Масалан, айтайлик, ўзгаришлар доимо бошланғич даврида, барча томонидан қўллаб-қувватланади асосан. Ҳамма сезадики, ўзгаришлар даври келди, уларга эҳтиёж катта. Лекин кейинги босқичларда, бу ерда чуқурроқ, мураккаброқ саволлар кўтарилади. Мана бу ерда дунёқарашлар қарама-қаршилиги, манфаатлар қарама-қаршилиги ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Биз шуни билишимиз керакки, бугун Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев командаси, у кишининг атрофида бўлган одамлар якдиллик билан ҳозир олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. Чунки бу битта команда. Агар команданинг қандайдир аъзоси сиёсатнинг у ёки бу жабҳаси билан норози бўладиган бўлса, у командада бўлишга ҳаққи йўқ. Бу ҳам этика нуқтаи назаридан ва ҳам инсоний нуқтаи назардан нотўғри бўларди. Ҳукуматда бу борада аниқ ёндошув бор ва бу ёндошув қарорларда, қонунларда, стратегияда ўз ифодасини топган. Лекин шу билан бирга, биз бугун шуни тушунишимиз керакки, балким бугун Ўзбекистон ислоҳотларнинг энг мураккаб босқичини бошлади. Мана бу ерда илгариги, кўп йиллар мобайнида тўпланиб келган муаммоларга тегишнинг ўзи осон кечмаяпти. Бу албатта бизни, ислоҳотларни изчиллик билан, собитқадамлик билан давом эттиришдан қайтариши керак эмас. Орқага йўл йўқ. Фақат илгари. Агар Ўзбекистон барқарор ривожланишни таъминламоқчи бўлса, бугунги мураккаб дунёда, оғир дунёда рақобатбардош давлатлар сафига кирмоқчи бўлса ва халқ турмуш даражасини кўтармоқчи бўлса, мана шу оғир босқичдан ўта билиши керак.

Би-би-си: Шу йил июнида Тошкентдаги форумда сиз "эски тизимда улғайган амалдорлар иқтисод устидан назоратни қўлдан беришни истамаяпти" деган бир баёнот бердингиз. Шу баёнотни очиқлай оласизми? Яъни ким бу амалдорлар ва... (нима учун улардан воз кечиш мумкинмас?)

Содиқ Сафоев: Мен тушундим сиз нима тўғрисида гапираётганингизни. Бизда журналистларнинг ичида қизиқ бир одат бор-да. Мен, масалан, ўзбекча гапираман, уни жуда кўп журналистлар чала-чулпа русчага ағдаришади, у русчадан қайтариб ўзбекчага чала-чулпа ағдарилади-да, қандайдир баҳслар бўлади. Мен тавсия қилардим, мана шунақа вазиятларда сўзнинг оригиналига бориш. Мен ўша ерда, сиз айтаётган конференцияда гапираётганимда, эслатмоқчиман, замонавийлаштириш, модернизация ҳақида, замонавийлаштиришнинг асосий муаммолари ҳақида гапирганман ва бу борада йўналишлардан бири, замонавий давлатларнинг белгиларидан бири иқтисодиётда давлатнинг бевосита аралашувини камайтириш кераклиги ва бу масала бутун дунёда, умуман олганда, энг оғир кечадиган жараён сифатида кўрсатган эдим. Буни айрим журналистлар ҳукуматда иқтисодиётга аралашишга қарши одамлар бор экан, деб талқин қилишди. Балки улар бордир, лекин мен ўша конференцияда айтгандимки, бутун дунёда ислоҳотлар давомида бу бор. Албатта, бу деган гап Ўзбекистонда ҳам бунинг қандайдир инерцияси бор. Илгариги, ўта марказлаштирилган, айтамиз-ку, команд-қўмондонлик иқтисодиётининг қолдиқлари бизда ҳам бор. Мен масалан, ҳозир кимгадир бармоғимни кўрсатиб, мана бунда, деёлмайман. Менда ҳам бор бу нарса. Ҳамма эски тизимдан чиққан одамларда эски усуллардан фойдаланишга интилиш бўлиши мумкин. Биз ҳаммамиз шундан воз кечишимиз керак. Чунки биз тушунишимиз керакки, бозор иқтисодиётининг ўзининг қонуниятлари бор ва уни эски тизимнинг усуллари билан аралаштириб бўлмайди. Бу фақатгина ёмонликка олиб келади.

Би-би-си: Куни кеча парламент сайловларига старт берилди. Бу сафарги сайловлар, айтилишича, "Янги Ўзбекистон, янги сайловлар" шиори остида ўтадиган. Аммо уларда Ўзбекистонда мавжуд, аввал тўртта эди, ҳозир бешта, сиёсий партиялар қатнашади, холос. Шундай экан, бу сайловларнинг нимаси янги?

Содиқ Сафоев: Авваламбор, бешта партия қатнашаётгани, бунда ҳеч қандай ғайритабиий, ғайриқонуний нарса йўқ. Бу Ўзбекистоннинг бугунги қонунларига тўла мос. Тушунарлики, сайловларни ўтказишни ҳам такомиллаштириб бориш керак. Бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Бутун масала ҳозир, партиялар ўзи қандай, илгаригидан уларнинг фарқи нимада?.. Бугун Ўзбекистон матбуотида, айниқса, ноанъанавий матбуотда кўриб турибмизки, партиялар ўзининг электоратига эга бўлишга ҳаракат қиляпти. Кимдир кўпроқ уддалаяпти бу масалани, кимдир камроқ. Лекин интилиш пайдо бўлдики, партиялар ўзининг электорати, яъни нима учун унга овоз бериш керак, у башарти кўпроқ овозга эга бўлганда ҳукуматда қандай янги сиёсат олиб боради? Нима янгиликлар олиб келади? Яъни бу ерда сиёсий контент пайдо бўляпти. Иккинчи муҳим янгилик, бугун Ўзбекистонда сайловлар батамом янги муҳитда амалга ошади. Биринчи навбатда оммавий ахборот воситаларининг ролини айтиб ўтган бўлардим. Бугун бизда асосий шаффофликни таъминловчи восита хорижий ахборот воситалари эмас, балки ўзимизнинг янги, ноанъанавий ахборот воситалари ҳисобланади. Блогерлар, онлайн манбалар... Бугун Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларида кўтарилган масалага эртаси куниёқ жавоб бериш, унга жавобан қадамлар қўйиш оддий нарса бўп қолди. Бу жуда катта янгилик. Қачон шундай бўлган? Бу шуни кўрсатмоқдаки, жамоатчиликнинг овози эшитилмоқда ва у ҳукумат қарор қабул қилиш жараёнига ўз таъсирини ўтказмоқда. Кўп мисолларни келтириш мумкин, буни менсиз ҳам биласизлар, Президент, ҳукумат, маҳаллий ҳокимиятлар блогерлар, онлайн нашрларнинг чиқишларига қандай муносабат билдирганини. Мана бундай ҳолатда кечагидақа сайлов ўтказиб бўлмайди.

Би-би-си: Айни пайтда сиз тилга олган сиёсий партияларнинг биронтаси ҳам амалдаги ҳукуматга мухолифатда эмас. Шу маънода Ўзбекистон раҳбарияти мавжуд парламентаризм тизимини янгилаш ёки ўзгартиришга, жумладан, сиёсий мухолифатга йўл беришга ҳали тайёр эмас, десак тўғри бўладими?

Содиқ Сафоев: Йўқ, у нотўғри бўлади. Биласизми, биринчидан, ҳозир фалсафий гапларга ўтиб кетмайлик, мухолифатми, мухолифатмасми... Партияларнинг сиёсий программаси пайдо бўляпти. Партиялар, агар бугун мен ҳукуматда бўлсам, нимани ўзгартирар эдим, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиляпти. Шу жумладан, ҳукуматни танқид ҳам қилишмоқда кўп масалада. Бу яхши. Биринчи саволингизга қайтайлик, бу сайлов нимаси билан янги?..

Партиялар ўзгармоқда. Балким ҳали жуда, биз тўлақонли бундан қаноат ҳосил қилолмасмиз, лекин жараён бошланди. Уни тўхтатиб бўлмайди.

Би-би-си: Мавжуд партиялар ўзгаряпти назарингизда, аммо янги партиялар пайдо бўлаётгани йўқ...

Содиқ Сафоев: Мен фақат мавжуд партиялар ҳақида гапиряпман, чунки гап тизим ҳақида кетяпти. Иккинчидан, жамият ўзгарди. Фуқаролик жамияти ўзгарди. Бугунги Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг кучини кечаги Ўзбекистон билан қиёслаб бўлмайди. Ва ниҳоят, биринчи марта Ўзбекистонда тўлақонли халқаро кузатувчилар ҳайъати бўлади. Илгаригидек, ўзимизга хайрхоҳ бўлган одамларни ўзимиз пул тўлаб олиб келиб, қаратиш эмас. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Варшавада жойлашган демократик институтлар бўйича бюроси бор. Унинг бир неча ойлик тўлақонли миссияки келмоқда. Ва мен ўйлайманки, ҳаттоки улар ҳам асосий куч бўлмайди. Мен тушунишимча, асосий назоратчи куч, бу ўзимизнинг ички кузатувчилар, партияларнинг кузатувчилари бўлади. Ҳозир мени жуда хурсанд қилган нарса, Ўзбекистонда жуда катта ўқиш кетяпти, сайловга тайёргарлик. ЕХҲТ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан биргаликда. Кимлар ўқияпти? Партиялар вакиллари. Яна бир илғор, демократик давлатларнинг амалиётидан олинган янгилик, ҳар бир вазирликда сайловлар ўтказиш билан боғлиқ бўлган контакт инсонлар белгиланмоқда. Яъни судда, Адлия вазирлигида, Ташқи ишлар вазирлигида сайловлар билан боғлиқ қандайдир масала бўлса, кимгадир эмас, балки аниқ, ўша белгиланган одамлар мурожаат қилиш имкони пайдо бўляпти. Мен ўйлайманки, бу сайловлар шаффоф, ҳалол ўтиши керак. Бу Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим. Шу нуқтаи назардан, жуда кўп ишлатамиз шу сўзни, "тарихий" иборасини. Бу ҳеч муболағасиз тарихий сайлов бўлади. Унинг натижасида янги парламент вужудга келиши керак ва бу парламент янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдеворини таъминлаши керак.

Би-би-си: Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейинги илк баёнотларидан бирида ҳокимларни сайлайдиган тизимга ўтилиши мумкинлигини айтганди. Ҳокимлар қачон сайланадиган бўлади?

Содиқ Сафоев: Бўлади. Ўзбекистон ривожланишининг мантиқидан келиб чиқадиган нарса бу. Қачон бўлишини мен ҳозир башорат қилолмайман, чунки бу кўп нарсаларга боғлиқ, шу жумладан, янги парламентга. Лекин ҳокимларнинг халқ олдида ҳисоб бериши, бу ердаги каби "accountability" (ҳисобдорлик-таҳр.)... Буни таъминлаш учун албатта сайловлар бўлиши керак.

Би-би-си: Охирги уч йилда кўп нарса ўзгарди, ўзгаряпти. Аммо айни пайтда ўзгармай қолаётган нарсалар бор. Шулардан бири-дарахтларнинг кесилиши. Иккинчиси - аҳоли уй-жойларининг ноқонуний бузилиши. Бутун норозиликлар, одамларнинг дод-войига қарамасдан, бу каби ҳолатлар давом этяпти. Нега? Сизнингча, нима ишламаяпти?

Содиқ Сафоев: Биласизми, бу саволни албатта, шу масалага бевосита алоқадор одамларга бериш керак. Ҳар битта сенатор ҳар бир масалада гапиролмайди, албатта. Лекин бу жамоатчиликни безовта қилаётган масалалар. Биз уларга бефарқ қаролмаймиз. Иккала масала бўйича ҳам парламентимизда муайян ёндошувлар шаклланяпти ва бу борада парламент назорати ҳам тобора масаланинг ичига кириб боряпти. Партияларнинг ичида ҳам парламент назорати кўрина бошлади ва албатта буни давом эттириш керак. Ва фақат парламент эмас, бутун жамоатчилик, нодавлат ташкилотлари ҳам бу билан шуғулланиши керак.

Би-би-си: Ўзгармай қолаётган нарсалардан яна бири - Тошкент пропискаси. Қанчалик қонуний, деган саволни бермайман, чунки қонуний аспектини биз аввалроқ Адлия вазири Русланбек Давлетов билан муҳокама қилгандик. Ўтган эмас, аввалги асрдан қолган, крепостной ҳуқуқидан мерос шу тартиб сизнингча, мана, ўзгаришлар ҳақида гапираяпсиз, дунёга очилаётган Ўзбекистонга ярашадими? Бекор бўлиши керак, деб айта оласизми?

Содиқ Сафоев: Биласизми, замонавий жамиятнинг анъанавий, замонавийлашмаган жамиятдан кўп фарқлари бор. Шулардан бири аҳолининг мобилли. Ҳар нуқтаи назардан. Жумладан, иқтисодий, ижтимоийлик нуқтаи назаридан. "Ижтимоий лифт" деймиз-ку. Бир табақадан бошқасига ўтиш. Худди шу нуқтаи назардан, айтайлик, қишлоқ ва шаҳар ўртасида қандайдир тўсиқлар бўлса, бу ҳали жамият замонавийлаштириш жараёнини тўла-тўкис тугатмади, дегани. Албатта, бунга ўтиш керак. Бу сўзсиз кун тартибида турган масала.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek